Полезное для бухгалтера в декабре:
Корхона тугатилаётган бўлса, ходимларни қандай қилиб ишдан бўшатиш мумкин
Корхоналарнинг ҳаммаси ҳам инқироз ва форс-мажорга дош беролмайди. Мулкдор барбод бўлган бизнесини ёпишга қарор қилган бўлса, меҳнат шартномаларини бекор қилишига тўғри келади. Буни меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузмаган ҳолда қандай амалга ошириш мумкинлиги ҳақида юридик фанлар номзоди, Меҳнат кодекси муаллифларидан бири Михаил ГАСАНОВ buxgalter.uz сайтига гапириб берди:
– Фуқаролик кодексининг 53-моддаси 1-қисмига мувофиқ тугатиш – бу юридик шахсни унинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтмасдан бекор қилиш. Айни шу сабабли корхонанинг айрим бўлинмаларини (бўлимлари, хизматлари, цехларини) ёпиш уни тугатиш ҳисобланмайди. Тугатилаётган бўлинмалар ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаси штат ўзгариши муносабати билан бекор қилиниши мумкин.
Мулкдорнинг алмашиши ёки қайта ташкил этиш – қўшиб юбориш, бирлаштириш, бўлиб юбориш, қайта тузиш ёки ажратиш ҳам бизнесни тугатиш деб ҳисобланмайди.
Корхона тугатилиши муносабати билан штат ўзгаришидан фарқли равишда, қуйидаги ҳолларда меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилади:
- ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ёки таътилда бўлганда;
- ҳомиладор ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан.
Корхона тугатилиши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётган бўлса, иш берувчининг зиммасига ходимга бошқа иш таклиф қилиш мажбурияти юклатилмайди. Меҳнат шартномаси касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг розилигисиз бекор қилинади.
Бунда иш берувчининг қуйидаги мажбуриятлари сақланиб қолади:
- Меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда, имзо чектириб огоҳлантириш.
Ходимни меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида уни бекор қилиш ҳуқуқи берилган мансабдор шахсгина огоҳлантириши мумкин. Огоҳлантириш муддати давомида ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида бир кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади. Ходимнинг розилигига кўра огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин. Ходимни меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида огоҳлантириш муддатига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, шунингдек унинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилмайди.
- Камида 2 ой олдин ҳар бир ходимнинг касби, мутахассислиги, малакаси ва меҳнат ҳақи миқдорини кўрсатган ҳолда, бўлажак ишдан озод қилиш тўғрисидаги маълумотларни маҳаллий меҳнат органига маълум қилиш.
- Ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш эҳтимоли тўғрисида камида 2 ой олдин тегишли касаба уюшмаси органи ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органига ахборот тақдим этиш ва ишдан озод этиш оқибатларини енгиллаштиришга қаратилган маслаҳатли ишларни амалга ошириш.
- Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим билан ҳисоблашиш, у қуйидагиларни ўз ичига олади:
- барча иш кунлари, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинган кун учун иш ҳақи;
- меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга келиб мавжуд бўлса, фойдаланилмаган йиллик таътил учун компенсация;
- ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси;
- меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги огоҳлантириш муддати ўрнига компенсация (ходим ва иш берувчи бундай алмаштириш ҳақида келишиб олган бўлсалар).
- Ходимга моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча кафолатлар бериш . Хусусан, иш қидириш даврида ўртача иш ҳақини сақлаб қолиш:
- меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб иккинчи ой учун. Ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин иккинчи ой тугагач ушбу тўловни олиш учун аввалги иш жойига паспорт ва меҳнат дафтарчасини тақдим этиши шарт;
- учинчи ой учун, ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин 10 кундан кечиктирмай Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатга олинган ва кейинчалик ишга жойлаштирилмаган бўлса, бу Марказнинг тегишли маълумотномаси билан тасдиқланади. Ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин учинчи ой тугагач ушбу тўловни олиш учун аввалги иш жойига паспорт, меҳнат дафтарчаси ва Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан берилган маълумотномани тақдим этиши шарт. Бундай маълумотнома бўлмаса, учинчи ой учун тўлов амалга оширилмайди.
– Ходимларга ушбу тўловларни тўлаш учун иш берувчида маблағ бўлмаса, нима қилиш керак?
– Юридик шахс тугатилганда биринчи навбатда меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи фуқароларнинг талаблари қаноатлантирилади . МК 67-моддаси 6-қисмига мувофиқ, башарти иш берувчи банкрот деб топилса, у билан меҳнат муносабатларида бўлган ходимлар иш ҳақи ва ўзларига тегишли бошқа тўловлар хусусида бошқа барча кредиторларнинг талабларига нисбатан имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланадилар. Бинобарин, аввал ходимлар билан, шундан кейингина бошқа кредиторлар билан ҳисоблашиш лозим.
– Корхона банкрот бўлиб, МК 67-моддасида назарда тутилган тўловларни тўлашга маблағи бўлмаса-чи?
– Тугатилаётган корхоналарнинг маблағи бўлмаса, ушбу тўловлар Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади .
– Амалда қуйидаги ҳолат юз бериши мумкин: ташкилотнинг счётида маблағ бўлмаганда директор шундай дейди: – «Ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзинг, ҳозирча пулим йўқ, расман битта маошингизни расмийлаштириб тураман, қолган иккитасини кейин оласиз… Ташвишларимиз ҳам ариб кетади, ўшанда қарзимни тўлайман». Бу вазиятда ходим нима қилиши керак?
– «Расмий» ва «норасмий» тарзда келишиш керак эмас. Иш берувчи қонунда назарда тутилган тўловларни тўлаши шарт, вассалом.