Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ижтимоий соҳада фойда солиғининг ноль даражали ставкаси қандай қўлланилади
Солиқ кодекси билан айрим тоифадаги солиқ тўловчиларга фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаш ҳуқуқи берилган. Ижтимоий соҳа субъектлари томонидан уни қўллаш тартибини «Норма» эксперти Олег ЦОЙ тушунтириб берди.
Корхонангиз қуйидаги соҳаларда фаолият кўрсатса, ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар жумласига киради:
- лицензия асосида кўрсатиладиган тиббий хизматлар (бундан косметология хизматлари мустасно). Тиббий хизматлар жумласига қуйидагилар киради, хусусан, тиббий ёрдам хизматлари ва санитария хизматлари кўрсатиш:
а) ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш хизматлари;
б) стоматологик хизматлар, шу жумладан тиш протезларини ўрнатиш хизматлари;
- таълимга оид хизматлар, шу жумладан тестлар ва имтиҳонлар ўтказишни ташкил этиш;
- илм-фан соҳасидаги ваколатли орган томонидан аккредитация қилинган илмий ва (ёки) илмий-техникавий фаолият субъектлари томонидан фан соҳасида амалга ошириладиган фаолият (шу жумладан илмий тадқиқотлар ўтказиш, муаллиф томонидан илмий-интеллектуал мулкдан фойдаланиш, жумладан уни реализация қилиш);
- жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги хизматлар. Бундай хизматларга, хусусан, қуйидагилар киради:
а) жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини спорт турлари бўйича ўқув гуруҳлари ҳамда жамоаларида ўтказиш хизматлари, умумжисмоний тайёргарлик хизматлари;
б) спорт мусобақалари ёки байрамларини, спорт-томоша тадбирларини ўтказиш хизматлари, ушбу тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун спорт иншоотларини ижарага бериш;
в) спорт-техника асбоб-ускуналарини, тренажёрларни, анжомларни, спорт кийим-бошларини бериб туриш бўйича хизматлар;
- болаларни, кексаларни ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ижтимоий таъминоти соҳасидаги хизматлар .
Бунда санаб ўтилган фаолият турларидан олинган даромадлар текин олинган мол-мулк тарзидаги даромадлар ҳисобга олинган ҳолда жами йиллик даромаднинг камида 90%ини ташкил этиши керак. Шундагина фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллашингиз мумкин.