Полезное для бухгалтера в декабре:
Қандай қилиб ходимларни сменали ишга ўтказиш мумкин
Кўп ташкилотларда Ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ) ишлаб чиқилган бўлсада, уларда компаниянинг барча ходимлари учун умумий иш вақти режимини назарда тутиш анча мушкул. Ахир у ходимларда ва ҳатто бўлимларда ҳам турлича: қўриқлаш хизматида – битта, ҳайдовчиларда бошқача бўлиши мумкин ва ҳ.к. Шу боис ИМТҚдан ташқари, баъзи корхоналарда ходимларнинг иш вақтини сменали графиклар билан тақсимлаш мақсадга мувофиқдир. Уларни тўғри ва қандай шаклда тузишни меҳнат ҳуқуқи масалалари бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди.
- Графикнинг бирхиллаштирилган шакли мавжуд эмас, уни сиз мустақил равишда ишлаб чиқиб, ИМТҚга, жамоа шартномасига илова ёки мустақил локал ҳужжат сифатида расмийлаштиришингиз мумкин (намунага қаранг).
Сменали графикда қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
- ходимларнинг ёки айрим ходимларнинг сменали иш режими ўрнатилган ходимлар гуруҳи (бригадалар) (ҳар бири учун Ф.И.О. ва лавозими (касби, мутахассислиги) кўрсатилган ҳолда);
- сменаларнинг муддати (уларнинг бошланиши ва тугашини кўрсатган ҳолда);
- дам олиш ва овқатланиш учун танаффус ;
- сменаларнинг алмашиши тартиби;
- ҳар бир сменадаги ходимлар ёки бригадаларнинг сони.
Сменали графикни битта ёки иккита дам олиш кунлари билан стандарт иш ҳафтасини инобатга олган ҳолда ёки иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш қўлланиладиган ҳисобга олинадиган даврга (ой, чорак ва ҳ.к.) тузишингиз мумкин. Бунда:
- ҳисобга олинадиган давр учун иш вақтининг муддати нормал иш соатлари сонидан ортиқ бўлиши мумкин эмас ;
- ҳисобга олинадиган давр 1 йилдан, кундалик иш вақтининг (сменанинг) муддати эса 12 соатдан ортиб кетмаслиги лозим ;
- ишнинг тугаши билан кейинги куни (сменада) иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати 12 соатдан кам бўлиши мумкин эмас .
Сменали графикда улар билан ходимларни таништириш учун графани назарда тутинг.
Графикни тузишда қуйидагиларни ҳам инобатга олинг:
- иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланган ходимлар тоифаси мавжуд ;
- агар смена муддатининг камида ярми тунги вақтга тўғри келса, умумий қоидага кўра, унинг муддати 1 соатга қисқартирилади .
Бунда махсус тунги вақтдаги иш учун қабул қилинган ходимларнинг (масалан, қоровуллар ёки тунги навбатчилар) сменаси, шунингдек - ишлаб чиқариш узлуксиз бўлган жойларда смена қисқартирилмайди .
Иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни қўлланиш тартибини, шунингдек ҳисобга олинадиган давр мобайнида ходимларга ҳар ойда тўланадиган иш ҳақи миқдорини тенглаштиришга қаратилган чора-тадбирларни жамоа шартномасида белгиланг . Агар корхонада жамоа шартномаси бўлмаса, масалани иш берувчи ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб ҳал қилади. Кечки сменадаги иш учун оширилган миқдорда ҳақ тўлашни худди шу тартибда белгилаш мумкин .
Графикни «Excel» жадвалида тузиш қулай. Шунингдек, бухгалтерлик ва корхонада иш юритиш учун мўлжалланган бошқа махсус дастурлар ҳам уни шакллантириш имконини беради.
Агар иш берувчи бутун ташкилотни ёки унинг айрим ташкилий тузилмаларини сменали иш режимига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган бўлса, буни босқичма-босқич амалга ошириш зарур. Ҳаракатларнинг тахминий алгоритми бундай кўринишга эга:
1-қадам. Буйруқ чиқариб, унда сменали иш режими ва иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш қўлланиладиган муддат ва тартибни белгиланг (зарурат бўлганда).
2-қадам. Смена бўйича ишлашга ҳар бир ходимнинг ёзма равишда розилигини олиш. Бундай розилик МКнинг 89-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳолларда талаб этилмайди. Бироқ, иш берувчи меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб тилхат олиши шарт .
3-қадам. Компаниянинг локал норматив ҳужжатида (масалан, ИМТҚда) ходимларнинг қандай тоифасига сменали иш режими ўрнатилишини мустаҳкамланг.
4-қадам. Қонунда белгиланган ва юқорида кўрсатилган нормаларни инобатга олган ҳолда сменали график лойиҳасини ишлаб чиқиш.
5-қадам. График лойиҳасини ходимларнинг вакиллик органига (агар мавжуд бўлса) мазкур органнинг фикрини инобатга олиш учун юбориш.
6-қадам. Ташкилот раҳбарининг буйруғи билан сменали графикни тасдиқлаш.
7-қадам. Ходимларни сменали график билан имзо қўйдириб таништириш.
8-қадам. Ходимларнинг меҳнат шартномаларига иш вақти режимини ўзгартириш тўғрисида қўшимча келишувлар тузиш.
Иш берувчи сменали графикни ўз ихтиёрига кўра ўзгартириши мумкин эмас, сабаби ушбу ҳужжат ходимнинг иш режимини белгилайди. Графикка ўзгартиришларни фақат ходимнинг ўзининг розилиги билан киритиш мумкин. Агар иш берувчи сменали графикни бир томонлама ўзгартиришни хоҳласа МКнинг 88-89-моддаларида назарда тутилган таомилларга риоя қилиши лозим. Ходим ҳам, ўз навбатида, графикда назарда тутилган сменаларнинг навбатини иш берувчининг рухсатисиз ўзгартиришга ёки график бўйича ўзининг сменасидан бошқа сменага чиқишга ҳақли эмас.