Полезное для бухгалтера в декабре:
Тўлашни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконини бермаётганликларининг сабаби нимада
Карантин шароитида давлат тадбиркорларга солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш кўринишидаги солиқ имтиёзларини таклиф қилди. Қандай асосларга кўра ушбу имтиёзни беришни рад этишлари мумкин? Buxgalter.uz тўлашни кечиктириш имконини қўлга киритиш жараёнида қийинчиликларга тўқнаш келган бухгалтерлар ўртасида сўров ўтказиб, тушунтириш бериш учун Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилди.
Барча корхоналар ҳам тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқини беришни сўраб мурожаат қилмаётганликларини қайд этиб ўтиш лозим. Мисол учун, сўров иштирокчиларининг 76%и (922 та овоздан 702 таси) бундай қилмаганликларини айтишди.
Преференция олишни сўраб ариза юборганлар орасида айрим корхоналар қийинчиликларга тўқнаш келган:
- Зара А.: «Мурожаат қилдик. Афсуски: «СК 98-101-моддаларида кўрсатилган қоғозларни йиғинг» деган жавобни олдик. Ҳали ҳам картотекадамиз. Иш ҳақини ҳам тўлай олмаяпмиз...».
- Gulchik: «Транспорт ва одамларнинг ҳаракатланиши чекланган карантин шароитида ҳужжатларни топшириш тизими 19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сон Фармонга мувофиқ йўлга қўйилмаган».
- Наталья Ладина: «Фақат ер, сув, мол-мулк бўйича пеня ҳисобланмаяпти, талабнома қўйилмаяпти. Қолган солиқлар бўйича эса тўлиқ ҳажмда пеня ҳисоблаб, талабнома қўймоқдалар».
- Julia: «Ижтимоий солиқни тўлашни кечиктиришни сўраб мурожаат қилдик, фақат мол-мулк, сув ресурслари ва бошқа солиқлар бўйича тўлашни кечиктириш ҳуқуқи берилаётганини рўкач қилиб, рад жавоби бердилар. Гарчи Фармонда тушуми 50%га камайган кичик корхоналар мазкур солиқни тўлашни кечиктириш имконидан фойдаланишга ҳақли, деб ёзилган бўлса ҳам».
- Анжела: «Ер солиғи бўйича мурожаат қилдик. Тўлаш муддатини кечиктирдилар, бироқ ҳисоб-китоб рақамидан суммани ҳисобланган пеняси билан ечиб олдилар. Биз қайтаришни талаб қилдик, бироқ қайтаришга шошмаяптилар».
- Яна Тихонова: «3.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон Фармонга мувофиқ тўлашни кечиктириш ҳуқуқига эга бўлмоқчи эдик. Мурожаат қилган кунимизнинг эртасига инкассо талабномасини олдик. Қўмитага мурожаат қилдик, тўлашни кечиктириш ҳуқуқига эга эмаслигимизни айтишди. Жавобда ёзилишича, тўлашни кечиктириш I чоракда юзага келган мажбуриятларга нисбатан татбиқ этилмас экан. Айланмадан олинадиган солиқни тўлаш муддати – 15.04.2020 йил. Бу II чоракда юзага келган солиқ мажбурияти ҳисобланмайдими»?
- Нозима Қаюмова: «Биз ҳам мурожаат қилдик. 30 март куни хат ёздик. 8 апрелда солиқ идорасига қўнғироқ қилдик. Бундан кейин нима қилишимиз кераклиги ҳақида аниқ тушунча бермадилар. Ҳокимликда бу масала билан ким шуғулланишини ҳам билмайдилар. Охир-оқибат ресурс солиқларини тўладим».
- A G: «Ким қандай қилиб тўлашни кечиктириш имконига эга бўлганидан хабарим йўқ, бироқ бунчалик овора қилишларини кутмагандим. Аввалига объект жойлашган жой бўйича хат ёзиш керак дейишди. Ҳокимликка ҳам, солиқ идорасига ҳам ёздим. 15 кун ўтгач «ЙЎҚ» дея жавоб бериб, юқори турувчи ташкилотга йўлладилар, у ердагилар эса тушум 50%идан кўпга қисқарган бўлиши керак дейишмоқда».
- Евгения Евгения: «Туристик компания ижтимоий солиқ ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича тўлашни кечиктиришни сўраб мурожаат қилди. Хатда – кўриб чиқилмоқда, деб жавоб бердилар. «Корхонангиз фаолиятини кўриб чиқамиз» деб ёзилган экан. Тўлашни кечиктириш имконини бермасалар керак деб оғзаки равишда айтишди».
- Луиза Шмах: «8 апрелда ресурс солиқлари бўйича тўлашни кечиктириш имконини беришни сўраб шахсий кабинет орқали ДСИга мурожаат қилдик. Ҳанузгача жавоб олмадик».
- Людмила Саидалимова: «Маҳаллий даражада СКга ҳавола қилиб, рад жавоби бердилар. Юқори даражадагилар маҳаллий даражада мурожаат қилишимиз кераклигини айтишди. Тўлашни кечиктириш имконидан фойдаланиб бўлмайдиган кўринади...».
Овора қилишларининг сабаби нимада
ДСҚнинг солиқ қарздорлигини мажбурий ундириш бошқармаси бошлиғи Нодир ЭРКАЕВнинг айтишича, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ариза (билдиришнома) шаклини тўлдираётганда йўл қўйган хатоликлар тўлашни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконини беришни рад этишга асосий сабабчи бўлмоқда:
– «Ҳар битта вазиятни алоҳида кўриб чиқиш лозим. Ариза берувчининг қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга номувофиқлиги ҳар бир ҳолатда рад этиш учун асос бўлади.
Бугунги кунда СК 99–102-м. мувофиқ, шунингдек Президентнинг 19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сон ва 3.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон фармонларида назарда тутилган соддалаштирилган шартларда солиқларни тўлашни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқига эга бўлиш мумкин. Буларнинг бари – турли тоифадаги бизнес субъектларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган чоралар. Ушбу ҳужжатларнинг ҳар бири асосида тўлашни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқини бериш шартлари фарқланади (имтиёз бериш шартлари ҳақида батафсил бу ерда ўқинг. Таҳр. изоҳи). Ушбу жиҳатларнинг барчасини инобатга олиш лозим.
Шуни қайд этиб ўтмоқчиман: ҳар бир ариза (билдиришнома) ваколатли органлар томонидан кўриб чиқилади. Бунда солиқ тўловчининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган талабларга мувофиқлиги баҳоланади. Номувофиқликлар аниқланса, мурожаатда кўрсатилган асосларга кўра бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи ҳам берилмайди.
Аризани кўриб чиқиш натижаси – уни қайси орган кўриб чиққанидан қатъи назар, – мурожаат келиб тушган пайтдан бошлаб 30 кун давомида my.soliq.uz порталидаги ариза берувчининг шахсий кабинетига юборилади.
Ариза (билдиришнома) билан ҳеч қаёққа боришнинг кераги йўқ, уни солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборишнинг ўзи кифоя».
Вuxgalter.uz ДСҚ ахборот хизматидан олган маълумотга кўра, 2020 йил 1 май ҳолатига кўра тадбиркорлик субъектларидан Президентнинг 19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сон ва 3.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон фармонлари асосида тўлашни кечиктириш ҳуқуқини бериш сўралган 3 581 та ариза (билдиришнома) келиб тушган. Шундан 1 520 та ариза бўйича 76 044,7 млн сўмлик суммада тўлашни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқини бериш тўғрисида қарор қабул қилинган. Қолган мурожаатлар кўриб чиқилмоқда. Қўмита рад этилган аризалар (билдиришномалар) бўйича ахборот бермайди.
Олег ГАЕВОЙ.