Бош директорни қандай қилиб ишдан бўшатиш мумкин

preview

«Айни пайтда бизнинг МЧЖ бошқа МЧЖга қўшиб юборилмоқда. Бош директор 2020 йил 30 апрелда ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган. Бироқ муассис ўша куниёқ аризасини имзолаганига қарамай, қўшиб юбориш ҳақидаги ҳужжатларни расмийлаштириб, шу пайтгача ўз мажбуриятларини бажаришда давом этмоқда. Шу пайтгача буйруқ ва йиғилиш баённомаси тузилмаган. У қайси пайтгача бош директор мажбуриятларини бажариши мумкин? Бундай ҳолат қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?».

Бу саволга меҳнатга оид ҳуқуқ бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб беради:

Қайси кун «ишдан бўшаш куни» деб ҳисобланади?

– Меҳнат кодексида корхона раҳбари билан тузилган меҳнат шартномасини меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра бекор қилишга рухсат берувчи норма мавжуд . Яъни унда директорни ишдан бўшатиш учун қўшимча, қонун ҳужжатларида белгиланмаган ҳолатлар (пул маблағларини бошқа мақсадлар учун сарфлаш, моддий бойликлар бут сақланиши устидан лозим даражада назорат ўрнатилишини таъминламаслик ва ҳ.к.) қайд этилиши мумкин. Бундай ҳолатлар юз берганда корхона мулкдори ёки у ваколат берган орган раҳбар билан тузилган меҳнат шартномасини унинг хоҳишидан қатъи назар бекор қилишга ҳақли.

Амалдаги қонун ҳужжатларида корхона раҳбарини ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатиш учун меҳнат шартномасини бекор қилишнинг алоҳида тартиби белгиланмаган. Шу сабабли бу ҳолатда Меҳнат кодексининг 99-м. умумий нормалари қўлланилади. Уларга мувофиқ, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам  2 ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса  ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.

Ҳар қандай ходим меҳнат шартномасининг тури, лавозими, ўзи меҳнат қилаётган корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, бундай ҳуқуққа эга. Икки ҳафталик муддат – иш берувчи учун ўзига хос кафолат, у ана шу икки ҳафта ичида бўшаётган жойга мос келувчи бошқа мутахассисни топиб, корхона фаолияти тўхтаб қолишининг олдини олади. Огоҳлантириш муддати давомида ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши ва ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя этиши шарт. Яъни директор огоҳлантириш даврида ўз ишини давом эттириб, ваколатига киритилган барча ҳужжатларни имзолашга ҳақли. 

Ишдан бўшаш ҳақидаги аризада меҳнат шартномасини аниқ санада бекор қилиш сўралган бўлиб, иш берувчи бу илтимосни қаноатлантиришга рози бўлса, ходимни икки ҳафталик муддат ўтмасдан ҳам ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатиш мумкин . Бундан ташқари, меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ишни давом эттиришнинг имкони йўқлиги (ўқув юртига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва ҳ.к.) билан боғлиқ бўлса, иш берувчи ходимни у илтимос қилган муддатда ишдан бўшатиши керак .

Ишдан бўшаш ҳақидаги ариза иш берувчига (корхона раҳбари, унинг ўринбосари, қабулхона котиби, кадрлар бўлими, девонхонанинг масъул ходими ва ҳ.к.) тақдим этилган кун у берилган сана деб ҳисобланади. Иш берувчи ариза олган куннинг эртасидан эътиборан эса икки ҳафталик огоҳлантириш муддати ўта бошлайди .

Шу тариқа, директорнинг 30 апрелда берилган аризасида ишдан бўшашнинг аниқ муддати қайд этилмаган бўлса, меҳнат шартномасини ариза қабул қилинганидан кейин 2 ҳафта ўтгач, яъни – 14 майдан бекор қилиш лозим. Бу кун раҳбарнинг охирги иш куни бўлади, бу кунда меҳнат дафтарчасини, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисидаги буйруқни унинг қўлига беришлари ва у билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт. Шу сабабли 14 май куни ишдан бўшаш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилса, 15 майдан эътиборан директорнинг ваколатлари бекор қилиниб, у ташкилот фаолиятига тааллуқли ҳужжатларни имзолай олмайди.

Директор аризада уни 30 апрелдан ишдан бўшатишларини сўраб, ўзи ишлашда давом этаётган, ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ расмийлаштирилмаган бўлса, уни ушбу аризага кўра ишдан бўшатиб бўлмайди. Директор меҳнат шартномасини ўз хоҳишига кўра бекор қилиш тўғрисида яна ариза ёзиши керак.

Диққат
МК 99-м. 4-қ. мувофиқ, агар огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаган ва меҳнат муносабатлари давом этаётган бўлса (ходим ишга чиқаётган, ўз мажбуриятларини бажараётган, иш берувчи эса бунга қаршилик қилмаётган бўлса), ходимнинг ташаббуси билан ишдан бўшаш ҳақидаги ариза ўз кучини йўқотади, меҳнат шартномасини шу аризага мувофиқ бекор қилишга эса йўл қўйилмайди.

Директор ишни топширмаган бўлса, ким айбдор бўлади

Ишдан бўшаётган раҳбар ишларни топшириши керак. Қонун билан ушбу тартиб-таомил тартибга солинмаган, бироқ амалиётда бу раҳбар юритувида бўлган ҳужжатларнинг далолатнома бўйича топширилишини англатади. Улар қуйидагилар бўлиши мумкин: МЧЖнинг таъсис ва рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлари, иштирокчиларнинг умумий йиғилишлари баённомалари ва қарорлари, бухгалтерия ва банк ҳужжатлари, шунингдек – ташкилотнинг кўчмас мулк, транспорт ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи, жамият номига расмийлаштирилган лицензиялар, рухсатномалар, контрагентлар билан тузилган шартномалар ва бошқа муҳим ҳужжатлар, ташкилотнинг муҳр ва штамплари, сейф калитлари ва ҳ.к.

Ишларни шу тариқа топшириш – директорнинг ўзи учун фойдали. Зеро ишдан бўшатилганидан кейин ҳам ташкилотга етказилган зарар учун уни жавобгарликка тортишлари мумкин. Директор далолатнома бўйича ишларни топширишдан бош тортса, ташкилот мулкдори ишлар ва мол-мулкни хатлаб, директор имзолашдан бош тортганлиги далилини тасдиқлайдиган комиссия тузгани мақсадга мувофиқдир.

Ишлар, мол-мулк ва ҳужжатларни топшириш учун шарт-шароит яратиш мажбурияти иш берувчининг зиммасига юклатилади. Ушбу шарт-шароитларни яратмаган, яъни директордан ишларни ўзи қабул қилиб олмаётган ёхуд уларни кимга топшириш кераклигини кўрсатмаган бўлса, директор ишдан бўшаган куни «калитларни столга ташлаб», ҳеч нимани топширмай кетиши мумкин, сабаби у огоҳлантириш муддати ўтгач ишни қолдириб кетишга ҳақли .

Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш /ru/publish/doc/text159873_bosh_direktorni_qanday_qilib_ishdan_bushatish_mumkin