Ўзбекистонда «ФОРС-МАЖОР» режими расман жорий этилганми

preview

2020 йил 11 март куни жаҳон ҳамжамияти COVID-19 сабабчи бўлган пандемияни тан олди. Бизнес оламида кўп мамлакатлар уни инсон ихтиёрига боғлиқ бўлмаган енгиб бўлмайдиган куч таъсири деб қабул қилдилар. Бироқ бу ўз-ўзидан форс-мажор режими кучга кирганини англатмайди. Ҳар бир давлат ўз қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу режимни жорий этишнинг муайян тартиб-таомилидан ўтиши керак. Бошқалардан ташқари, контрагентлар, энг ёмон ҳолатда – халқаро судлар Ўзбекистон корхоналари томонидан тақдим этилган форс-мажорнинг ҳужжатли асосини қабул қилишлари шунга боғлиқ.

Адвокат, юридик масалалар бўйича «Норма» эксперти Элеонора МАЗУРОВА вазиятга ойдинлик киритди:

– Халқаро ҳуқуқ форс-мажорнинг умумий принципига таянади: «бошқа шарт-шароитда ноқонуний бўлган нарса зарурат тақозо қилганда қонуний саналади». Умуман олганда, бу вазиятда субъект кутилмаган ҳодисалар юз бериши натижасида халқаро мажбуриятга хилоф йўл тутишга мажбур бўлади.

Бунда халқаро, шу жумладан суд амалиёти фақат истисноли ҳолатларда – мажбуриятни бажаришнинг имконсизлиги мутлақ ва моддий тусга эга бўлганда форс-мажорни қўллаш мумкин деб ҳисоблайди. Контракт тарафи мажбуриятларни лозим даражада бажариш учун қўлидан келган барча чораларни кўрганини исботлай олмаса, халқаро суд уни контракт бўйича жавобгарликдан озод қилмайди, чунки қарздор ҳодисалар рўй беришини пассивлик билан кузатган, келгусида улар мажбуриятлар бажарилмаслиги учун асос бўлиб хизмат қилган деб қабул қилади.

Халқаро ҳуқуқ, масалан, сиёсий ёки иқтисодий инқироз натижасида мажбуриятларни бажариш мумкин бўлган, бироқ, қийин кечган вазиятларга нисбатан форс-мажор татбиқ этилмайди деб ҳисоблайди. Бу давлатнинг бепарволиги ёки ҳаракатсизлиги оқибатида юзага келган вазиятларга ҳам тааллуқли. Ушбу норма БМТ Бош Ассамблеясининг 2001 йил 12 декабрдаги 56/83-сон «Халқаро ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлар учун давлатларнинг жавобгарлиги» Резолюциясида қайд этилган.

Ўзбекистон, бошқа давлатлар сингари, форс-мажор режимини жорий этишнинг муайян тартиб-таомилидан ўтиши керак эди. Бу келгусида ўзбекистонлик тадбиркорлар ўз манфаатларини халқаро судда ҳимоя қилишларига тўғри келганда енгиб бўлмайдиган куч таъсири юзага келиши оқибатида мажбуриятларни бажармаганликларини исботлай олишлари учун зарур. Бироқ, бизда бунинг учун норматив-ҳуқуқий база етарли эмас экан.

Ўзбекистон Конституцияси фавқулодда вазият жорий этилишини тартибга солади. Фақат Президент уни жорий этиш ҳуқуқига эга. Истисноли ҳолларда (реал ташқи таҳдид, оммавий тартибсизликлар, йирик катастрофалар, табиий офатлар, эпидемиялар) фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида у республиканинг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида фавқулодда вазиятни жорий этиши мумкин.

Бунда Президент қабул қилган қарор уч сутка ичида Олий Мажлис томонидан тасдиқланиши керак. Фавқулодда вазиятни жорий этиш шартлари ва тартиби алоҳида қонун билан тартибга солиниши керак. 2016 йилда бундай қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган, бироқ қабул қилинмаган.

Фавқулодда вазият ва «форс-мажор» режими – битта нарса эмас. Қонун ҳужжатларида ушбу тушунчалар талқин қилинмаган. Биронта норматив ҳужжатда қуйидагилар қайд этилмаган:

  • республикада ким «форс-мажор» режимини жорий этишга ҳақли экани;
  • у қайси норматив ҳужжат асосида жорий этилиши;
  • уни жорий этиш механизми қандайлиги;
  • енгиб бўлмайдиган куч таъсири юзага келгани ҳақида расмий огоҳлантириш шакли қандай бўлиши кераклиги.


Расмий эълон қандай расмийлаштирилиши керак

МДҲ мамлакатлари амалиётига мурожаат қилсак, мисол учун, Россия Федерациясида пандемия эълон қилинганидан кейин Саноат ва савдо вазирлиги Адлия вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқди, унга мувофиқ коронавирус Россия ҳудудида форс-мажор деб тан олинди. Бунда ҳар бир минтақага алоҳида норматив ҳужжат билан ўз ҳудудида уни жорий этиш ҳуқуқи берилди. Одатда, у губернатор фармони ёки фармойиши билан эълон қилинади. Айнан ушбу норматив ҳужжатлар ташқи ва ички контрактлар бўйича форс-мажор сертификатларини тақдим этиш ҳуқуқини беради.

РФда Савдо-саноат палатаси тўғрисида низом ҳам мавжуд, унда бутун тартиб-таомил ва палатанинг форс-мажорни тасдиқлаш ваколатлари қайд этилган. Айнан ССП аниқ битимлар бўйича енгиб бўлмайдиган куч таъсири бор ёки йўқлиги ҳақида хулоса бериш ваколатига эга.

Қозоғистон Республикасида 2020 йил 16 мартдан бошлаб президентнинг фармони билан фавқулодда вазият жорий этилди. Ташқи савдо палатаси ФВ тўғрисидаги фармон асосида форс-мажор тўғрисидаги сертификатларни бепул тақдим этади. Идора кучайтирилган режимда ишламоқда, сертификат тақдим этадиган ва тадбиркорларга форс-мажорни расмийлаштириш масалалари бўйича маслаҳат берадиган ходимлар сони кўпайтирилди.

Ўзбекистон қонун ҳужжатларида форс-мажор фақат Форс-мажорни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомда тилга олинган . Ҳатто Фуқаролик кодексида ҳам унинг маъноси очиб берилмаган, фақат нима форс-мажор деб ҳисобланмаслиги ҳақида тушунча берилган . Эҳтимол, айнан зарур қонун ҳужжатлари мавжуд бўлмагани учун Президентнинг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) ва Савдо-саноат палатасига (ССП) берган топшириғи: «чекловлар амал қилаётган даврда енгиб бўлмайдиган куч таъсири («форс-мажор») юзага келгани ҳақида расмий огоҳлантириш эълон қилинсин» бажарилмагандир.

Қонунчиликдаги ушбу камчиликлар ИТСВ ҳам, ССП ҳам 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон Фармоннинг 22-б. назарда тутилган бизнес учун республикада «форс-мажор» режими жорий этилиши тўғрисида расмий баёнот бермаслигига олиб келди. Шунга қарамай, ИТСВ сертификатларни тақдим этмоқда.

Гап шундаки, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фақат юзага келган енгиб бўлмайдиган куч таъсирини ҳужжатлар билан тасдиқлаш ҳуқуқига эга . Ўзбекистон Республикаси ҳудудида форс-мажор режимини ким, қайси норматив ҳужжат асосида ва қандай шаклда жорий этиши эса қонун ҳужжатларида белгиланмаган.

ИТСВ ҳаммага эмас, фақат ташқи иқтисодий фаолият юритадиган ва хорижий ҳамкорлари билан реал муаммоларга тўқнаш келган тадбиркорларга сертификат тақдим этаётганини қайд этиб ўтамиз. Ички шартномалар бўйича муаммоси бўлганлар нима қилиши керак?

Бундан ташқари, сертификат олган тақдирда ҳам Ўзбекистон тарафи халқаро арбитражда – республикада қайси ҳужжат асосида «форс-мажор» режими жорий этилди деган саволга жавоб бера олмайди. Демак, берилган сертификатнинг легитимлиги шубҳа остига қўйилиши мумкин. Фақат «форс-мажор» режими тўғрисида расман эълон қилиш ҳақида топшириқ берилган Президент Фармони халқаро судда мажбуриятлар бажарилмагани учун санкциялардан озод қилиш учун асос бўлмайди.

Президент топшириғида Вазирликдан ташқари Савдо-саноат палатаси тилга олинган. Ўз-ўзидан хулоса чиқарамиз: ташқи иқтисодий фаолият бўйича енгиб бўлмайдиган куч таъсири учун ИТСВ жавоб берса, ички шартномалар бўйича ССП жавоб бериши керак.

Бироқ Палата ходимлари у тадбиркорларга форс-мажор билан боғлиқ қандайдир ҳужжатларни бериш ваколатига эга эмаслигини айтмоқда. Расман улар тўғри айтмоқдалар. «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Қонунда енгиб бўлмайдиган куч таъсири юзага келганда унинг ваколатлари қайд этилмаган. Бироқ бунда ушбу Қонуннинг 7 ва 9-моддалари амал қилади, унда айтилишича, Палата тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши ва тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиши керак. Қонун чиқариш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эга бўлган  Палата норматив ҳужжатларга ўзгартириш киритиш ташаббуси билан чиқиши ва тадбиркорларга ёрдам бериб, ишга фаол киришиши мумкин эди. У МДҲнинг бошқа мамлакатларида бўлганидек, корхоналар учун ички шартномалар бўйича қутқарув ҳалқасига айланиши мумкин эди. Бироқ бир ойдан кўп вақт ўтганига қарамай, муаммо ҳал этилгани йўқ.

Натижада тадбиркор ўз ташвишлари билан ёлғиз қолди. Яхши ҳолатда ўз шартномаларидаги енгиб бўлмайдиган куч таъсири ҳақидаги бўлимни ўргана бошлади. Амалда аксарият шартномаларда форс-мажор шартлари жуда мужмал ёритилган бўлади. Унда карантин чекловлари ҳақида ҳеч нима топмаган тадбиркор унинг учун нима форс-мажор, нима форс-мажор эмаслигини ўзи ҳал қилишга мажбур бўлади.

Амалдаги қонун ҳужжатларидаги барча камчиликлар вақти билан бартараф этилишига умид қиламиз. ССП аъзолик бадалларини йиғадиган органдан ўзбек бизнесининг ишончли ва тезкор ҳимоячисига айланишига ҳам. Бироқ ҳозирча муаммонинг ечимини ўзимиз топиб, ўз манфаатларимизни мустақил ҳимоя қилишимизга тўғри келмоқда.


Шартномада енгиб бўлмайдиган куч таъсири қандай қайд этилиши лозим

Форс-мажор тўғрисидаги қоидаларни аниқ битимларда қўллаш учун шартномада форс-мажор ҳақидаги бандлар бўлиши керак. Фақат ташқи иқтисодий фаолият бўйича контрактларда енгиб бўлмайдиган куч таъсири ҳақида алоҳида бўлим бўлиши керак, ички шартномалар учун эса бундай талаб қўйилмайди. Ички шартномаларда ҳам ушбу бўлим бўлгани маъқуллигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди.

Суд амалиётидан келиб чиқсак, иккала тараф қонун ҳужжатларида қайд этилмаган шартлар белгиланган шартномани имзолаган бўлса, суд шартномани асосий ҳужжат деб ҳисоблаб, тарафларга унинг шартларини бажариш мажбуриятини юклашини биламиз. Асосийси – ушбу шартлар қонунга зид бўлмасин. Шу сабабли норматив ҳужжатларда форс-мажор ҳақида жуда кам қоидалар белгиланганига қарамай, уни шартномада батафсил қайд этинг. Ана шунда енгиб бўлмайдиган куч таъсири юзага келганда ўзингиз ва бизнесингизни ҳимоя қилиш имкони ортади.

Амалдаги шартномаларингизни қайта кўриб чиқинг. Зарурат бўлганда уларга ўзгартиришлар киритинг ёки қайта тузинг. Форс-мажор деб ҳисоблаш мумкин бўлган ҳолларни имкон қадар батафсил санаб ўтинг. Ички шартномалар бўйича тарафлар улар учун айнан қандай ҳодисалар форс-мажор деб ҳисобланишини мустақил равишда белгилашлари мумкинлигини назарда тутинг.

Ушбу бўлимда форс-мажор ҳолатларнинг амал қилиши белгиланганидан ортиқ муддат давом этса, ҳар бир тарафнинг бир томонлама тартибда шартномадан воз кечиш ҳуқуқини албатта қайд этинг.

Ҳамкорингиз форс-мажорни суиистеъмол қилишидан суғурталаниш учун яхшиси намунавий шартномаларда қабул қилинган стандарт формулировкалардан воз кечинг, форс-мажор бошланиши шартлари, огоҳлантириш усули, амал қилиш муддатларини имкон қадар аниқ кўрсатинг.

Енгиб бўлмайдиган куч таъсири юзага келганда тарафлар нималардан озод қилиниши, нималарни бажаришига тўғри келишини албатта кўрсатинг.

Форс-мажор юзага келгани далилини тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхатини кўрсатинг.

Тарафлардан бирортаси бошқа тарафдан эҳтимолий зарарларни қоплашни талаб қилишга ҳақли эмаслигини таъкидлаб ўтинг.

Шартноманинг форс-мажор ҳақидаги бўлими намунавий матни билан бу ерда танишиш мумкин.

Диққат

Форс-мажорни исботлаб, қуйидагиларга эришиш мумкин:

даъво муддати ўтишини тўхтатиб туриш ;

бажарилмаган мажбуриятлар бўйича жавобгарликдан қутулиш (шартномада қайд этилган бўлиши керак);

солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жавобгарликдан қутулиш ;

шартнома бўйича муддатларни бузганлик учун пенядан қутулиш (шартномада қайд этилган бўлиши керак);

ҳолатлар қайд этилган муддатдан ортиқ давом этса, шартномани бекор қилиш (шартномада қайд этилган бўлиши керак).

Сўзимиз сўнгида – амалдаги шартномалар бўйича бир нечта маслаҳат

Шартларни бир томонлама тартибда ўзгартириш тақиқланган, форс-мажор эса юзага келган бўлса, қуйидагилар корхонангиз учун енгиб бўлмайдиган куч таъсирининг салбий оқибатларини камайтириш имконини беради:

  1. Мавжуд мажбуриятлар реестрини тузинг ва уларни бажармаслик хатарини таҳлил қилинг.
  2. Энг муаммоли мажбуриятлар бўйича улар қайси мамлакат ҳуқуқи билан тартибга солинишини, форс-мажор тўғрисидаги айнан қайси қоидалар ушбу ҳуқуққа киритилганини аниқланг.
  3. Эҳтимолий зарарларни ҳисобланг: балки улар бир қарашда туюлганидек катта эмасдир.
  4. Мажбуриятларни бажариш  чоғида муаммолар юзага келиши мумкинлиги ҳақидаги хат билан ҳамкорларингизга мурожаат қилиб, улар билан биргаликда амалга ошириладиган ҳаракатлар режасини ишлаб чиқинг.

Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма /ru/publish/doc/text159894_uzbekistonda_fors-major_rejimi_rasman_joriy_etilganmi