Полезное для бухгалтера в ноябре:
ҚҚС тўловчиларни янги қоидалар асосида рўйхатдан ўтказишдаги тўғаноқлар
2020 йил 2 майдан бошлаб Солиқ тўловчиларини қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом кучга кирди. Бухгалтерларда дарҳол савол туғилди: реестрга кирганлар қайта рўйхатдан ўтказилиши зарурми? Хўжалик юритувчи субъект рўйхатдан ўтказиш даврида қандай мақомда бўлади – ҚҚС тўловчими ёки йўқ? Бу даврда ҳисобварақ-фактура қандай расмийлаштирилади? ДСҚ мутахассисларининг тушунтиришлари ҳамда солиқлар ва бухгалтерия ҳисоби экспертларининг фикрларига таянган ҳолда Вuxgalter.uz уларга жавоб беришга ҳаракат қилади.
Кимлар учун қайта рўйхатдан ўтиш зарур
ДСҚнинг ягона автоматлаштирилган тизимига (кейинги ўринларда – ҚҚС тўловчилар реестри) киритилган ҚҚС тўловчилар янги низом чиққанлиги муносабати билан қайта рўйхатдан ўтишлари зарурми? Ҳужжатнинг ўзида (қисқача шарҳни бу ерда кўринг) бу саволга жавоб мавжуд эмас. ДСҚ ахборот хизматида аниқлаштиришларича, бу ҳолда қайта рўйхатдан ўтиш шарт эмас.
Солиқ тўловчини ҚҚС тўловчи сифатида қайта рўйхатдан ўтказиш фақат юридик шахснинг номи ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг Ф.И.О. ўзгарганда амалга оширилади. Ва бу солиқ органларига Давлат хизматлари марказидан келиб тушган маълумотлар асосида - автоматик тарзда амалга оширилади. ДСҚ солиқ тўловчининг шахсий кабинетига тегишли хабарнома юборади.
Солиқ тўловчини қайта рўйхатдан ўтказиш:
- солиқ тўловчи ҳамда унинг контрагентлари томонидан қўшилган қиймат солиғининг ҳисобланишига таъсир қилмайди;
- ҚҚС тўловчининг рўйхат рақамини ўзгаришига олиб келмайди.
Рўйхатдан ўтказиш босқичида сизнинг мақомингиз қандай ва рақамга эга бўлмаган ҳолда ҳисобварақ-фактурада нима ёзиш лозим
2019 йилда ҚҲТБТ порталида ушбу норматив ҳужжатнинг иккита лойиҳаси қўйилган эди. Улар билан бу ерда ва бу ерда танишиш мумкин. Мутахассислар солиқ тўловчи томонидан рўйхатдан ўтказиш учун ариза топшириш ва уни солиқ органлари томонидан кўриб чиқиш учун белгиланадиган муддатларни фаол муҳокама қилишган.
ҚҚС тўловчиси сифатида мажбурий рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган барча солиқ тўловчилар учун ариза беришнинг ягона муддати белгиланган - шахс ҚҚС тўлашга ўтиши шарт бўлган ойнинг 5-санасидан кечиктирмасдан. Солиқ органи ходимларига аризани кўриб чиқиш учун 5 кун ва яна 1 кун - солиқ тўловчига рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини жўнатиш учун берилади.
Солиқ тўловчи ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олгунга қадар қандай йўл тутиши лозим бўлган вазият ДСҚдан қўшимча тушунтиришларни талаб этади. Агар барибир Низомда ёзилганидек амалга оширилса ва ҳеч ким ўз мажбуриятларини бажаришни кечиктириб юбормаса, ариза берилган пайтдан бошлаб рўйхатдан ўтказилугунга қадар 11 кундан кўп бўлмаган вақт ўтади. Ва бу ерда қатор саволлар туғилади:
1. Янги солиқ тўловчи рўйхатдан ўтказиш даврида қандай мақомга эга – СК бўйича у ҚҚС тўловчи, бироқ унда гувоҳнома ва ҚҚС тўловчиси рақами мавжуд эмас?
2. Агар ҚҚС тўловчи рўйхатдан ўтказиш босқичида бўлса, у ҳисобварақ-фактуранинг “ҚҚС тўловчи рақами” графасида нимани кўрсатиши лозим? У ушбу даврда солиқларни қандай ҳисоблаб чиқариши ва контрагентлар билан ўзаро ҳамкорликни қай тарзда йўлга қўйиши лозим?
3. ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси ва рақамиин олгандан кейин нима қилиши керак?
Ҳозирча ушбу саволларга аниқ жавоб йўқ. Экспертлар бундай вазиятда нима қилишни тавсия қилишади?
1. Ҳаммасини ўтишнинг энг сўнгги муддатларини кутмасдан. олдиндан бажаринг
Гулнора ЭРГАШЕВА, солиқ маслаҳатчиси:
- Низомга келадиган бўлсак, ҳаммасини олдиндан кўра билиб, ёзиб чиқиш мумкин. Кўп нарса бухгалтер ва унинг профессионализмига боғлиқ. У вазиятни прогноз қилиши – кўра билиши лозим.
Аризани кўрсаткичлар бўйича ҚҚСга ўтиш шубҳасиз бўлганда олдиндан бериш мақсадга мувофиқдир. Солиқ органларига кўриб чиқиш учун 5 кун берилади – бу ҳаммасини режалаштириш ва икки қайта иш қилмаслик – кейинчалик тузатувчи ҳисобварақ-фактуралар тақдим этмаслик ва солиқ ҳисоботини қайта топширмаслик учун энг қулай муддат.
2. Агар сиз олдиндан ҳужжатларни топширишга улгурмаган бўлсангиз, ҳозирча сиз Реестрда эмассиз, тўловчи бўлмаган тарзда ҳаракат қилинг
Татьяна БЕЛОУСОВА, солиқ маслаҳатчиси, «Norma» МЧЖ экспертлар гуруҳи раҳбари:
- Бундай вазиятда қандай йўл тутишни корхона раҳбарияти ҳал қилади. Вариантлардан бири – сотувларни тўхтатиб туриш ва корхона ҚҚС тўловчиларнинг ягона реестрига киритилганлиги тўғрисидаги солиқ органларининг хабарномасини олишни кутиш. Бироқ амалиётда бунинг ҳар доим ҳам имконияти йўқ.
Бошқа вариант - ҚҚС тўловчиларнинг ягона реестрига киритилганлиги тўғрисидаги хабарномани олгунга қадар “ҚҚС тўловчи бўлмаган” тарзда фаолиятни давом эттириш. Бунда – вақтни бой бермаслик ва янги шартномалар тузишда ва реализация бўйича ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда сотувлар нархида ҚҚСни ҳисоблаб ёзиш суммасига қиймат оширилиши инобатга олиш лозим. Шунингдек, илгари тузилган шартномаларга ҳам ўзгартиришлар киритиш зарур.
Корхона ҚҚС тўловчилар реестрига киритилгандан кейин у ариза берилган ойнинг 1-санасидан бошлаб ҚҚС тўловчилар реестрига киритилган санага қадар бўлган давр учун ўз харидорларига тузатувчи ҳисобварақ-фактураларни қайта тақдим этишига тўғри келади, унда ҚҚСни ажратиб кўрсатади.
Бунда битимнинг иккала тарафида ҳам ҳисобда тузатишлар киритиш зарурати юзага келади.
Қачон рўйхатдан чиқаришлари мумкин
Солиқ органлари томонидан қуйидаги ҳолларда солиқ тўловчини ҚҚС тўловчилар ягона реестридан рўйхатдан чиқарилиши тўғрисидаги қарор қабул қилинади:
- юридик шахс ёки ЯТТнинг фаолияти тугатилган тақдирда - солиқ органлари томонидан Тадбиркорлик субъектларини ягона давлат реестрига киритилган маълумотлар асосида;
- солиқ текширувлари ўтказиш жараёнида банк операцияларининг хўжалик юритувчи субъект фаолияти хусусиятига ва турига, шунингдек харид қилинадиган ва реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) номенклатурасига мувофиқ эмаслиги аниқланган тақдирда;
- агар битим тузишда кўзланган асосий мақсад ҚҚСни тўламаслик ёки уни ҳисобга олиш ҳамда битим (операция) бўйича мажбурият шартнома тарафи бўлмаган шахс ёки битимни (операцияни) бажариш мажбурияти шартнома ёки қонун бўйича юклатилмаган шахс томонидан бажарилган бўлса;
- суд томонидан сохта тадбиркорлик билан шуғулланганлиги эътироф этилган тақдирда - бундай ҳолатлар аниқланганлиги тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирган тақдирда.
Шунингдек, агар сўнгги календарь йил давомида солиқ тўловчининг солиқ солинадиган айланмаси ҳажми 1 млрд сўмдан ошмаган бўлса, у ихтиёрий тартибда ҚҚС тўловчилар ягона реестридан чиқиши мумкин. Бу ҳолда йил тугаганидан кейин 5 кун ичида электрон шаклдаги тегишли ариза тақдим этилиши лозим.
Текширувлар асосида қабул қилинган қарорлар устидан судга шикоят қилиш мумкин.
Солиқ тўловчининг рўйхатдан чиқарилганлиги ҳақидаги ахборот ДСҚнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ва 1 кун ичида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади.
У бўйича қарор қабул қилинган, бироқ ҳали Реестрдан чиқарилмаган тўловчининг мақоми қандай бўлади?
Шунингдек, янги Низом тўловчи ҚҚС тўловчилар ягона реестридан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб (рўйхатдан чиқариш тўғрисида ариза бериш) уни ҳақиқатда Реестрдан чиқаришга қадар бўлган вақтинча интервални инобатга олмайди. Бундай савол корхона ҚҚС тўлашдан ихтиёрий тартибда воз кечиб, тегишли ариза юборганда, у эса Реестрдан кейинроқ олиб ташланган тақдирда юзага келади. Иккала ҳолат ҳам солиққа доир хатолар хатарини юзага келтиради. ДСҚ юқорида санаб ўтилган саволлар бўйича тўлиқ жавоб берган тақдирда бухгалтерларга ишлаш анча осон бўларди.
Олег ГАЕВОЙ