Янги таҳрирдаги 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»да нималар ўзгарди

preview

2020 йил 1 июлдан бошлаб Товар-моддий қийматликларни олишга ишончномалар бериш ва уларни ишончномалар бўйича бериш тартиби тўғрисида низом ва 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар» ўз кучини йўқотди. Шу билан бирга янги ҳужжат – ТМЗни ҳисобга олишнинг асосий нормаларини, шунингдек уларни олишга ишончномаларни расмийлаштириш ва бериш тартибини бирлаштирган 4-сон Бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти рўйхатдан ўтказилди. Молия вазирлигидаги манба buxgalter.uz учун махсус янгиликларни тавсифлаб берди.


Мазкур бухгалтерия ҳисоби миллий стандартида асосий тушунчалар, ТМЗни тан олиш принциплари ва баҳолаш усуллари, шунингдек инвентаризация ўтказиш талаблари сақланиб қолган. Янги таҳрирдаги 4-сон БҲМСни қабул қилишдан асосий мақсад – ТМЗни ҳисобга олишга доир тўпланган маҳаллий ва халқаро амалиётни, қонун ҳужжатларидаги ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда айрим нормаларни қайта кўриб чиқиш, шунингдек муайян таҳририй ўзгартиришлар киритиш.

Хусусан, янги 4-сон БҲМСда:

1) чегирмаларни ҳисобга олиш механизми ва уларнинг ТМЗни харид қилиш қиймати шаклланишига таъсири очиб берилган. Энди улар пуллик (молиявий) ва савдо чегирмаларига бўлинмайди. Бу замонавий бозор шароитида харидорларнинг талабини жалб этиш учун ҳар хил турдаги чегирмалар қўлланилиши билан боғлиқ. Харидорда харид қилиш пайтида чегирмадан фойдаланиш имкони бўлса, тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда мазкур имтиёз у харид қилган ТМЗ қийматига киритилмайди;

2) ТМЗни ишончномалар асосида олиш тартиби бўйича янги алоҳида бўлим (12-сон) назарда тутилган. Уларни расмийлаштириш тартиби бўйича барча асосий жиҳатлар айнан унда қайд этилган. Ишончнома электрон ҳужжат айланиши қоидаларига риоя этган ҳолда электрон ҳужжат шаклида тузилиши ва тақдим этилиши ҳам мумкинлиги белгиланган. Чунончи, у берилиши ва харидор ташкилот жавобгар шахсининг ЭРИ билан имзоланиши, харидор номидан ТМЗни олиш ваколати берилган ишончли шахснинг ЭРИ билан тасдиқланиши ҳамда қабул қилиниши – етказиб берувчининг ЭРИ билан тасдиқланиши лозим. Янги стандартда ишончнома шаклининг ўзи ҳам тасдиқланган. Ишончномаларни сақлаш чоғида уларнинг қоғоз кўринишидаги нусхаларини олиш имконияти ҳам берилиши керак;

3) кўп маротаба ишлатиладиган тараларни ҳисобга олиш бўйича нормалар киритилган. Яъни харидор ТМЗни кўп маротаба ишлатиладиган тарада олганда етказиб берувчи билан тузилган шартнома асосида уларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш (айрим деталлар, қисмларни тозалаш, алмаштириш ва ҳ.к.) бўйича харажатларни амалга ошириши мумкин;

4) БҲМ мезонидан келиб чиққан ҳолда инвентарь ва хўжалик жиҳозларини (ИХЖ) ҳисобга олиш қисмида таҳририй тузатишлар ҳам киритилган:

  • қуйидаги мезонлардан бирига жавоб берадиган активлар ИХЖ таркибига киритилади:

– хизмат қилиш муддати 1 йилдан ортиқ бўлмаган;

– хизмат қилиш муддатидан қатъи назар, қиймати бир бирлик (комплект) учун харид қилиш пайтида белгиланган БҲМнинг 50 бараваригача бўлган предметлар. Ташкилот раҳбари предметларни инвентарь ва хўжалик жиҳозлари таркибида ҳисобга олиш учун ҳисоб сиёсатида улар қийматининг пастроқ чегарасини белгилаш ҳуқуқига эга;

  • ИХЖнинг қиймати бир бирлик (комплект) учун харид қилиш пайтида белгиланган БҲМнинг 10 бараваридан ортиқ бўлса, ташкилот уларни фойдаланишга беришда уларнинг қийматини кечиктирилган харажатларга киритиши мумкин.

Татьяна ЛИМАРЕВА тайёрлади.

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text161045_yangi_tahrirdagi_4-son_bhms_tovar-moddiy_zahiralarda_nimalar_uzgardi