Сизга ҚҚСни қанчалик тез қайтаришади

preview

14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚ билан тасдиқланган ҚҚС солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида низом билан ҚҚСни қайтариш тартиби белгиланган. Buxgalter.uz илтимосига биноан молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ бу ҳақда батафсил гапириб берди:

- ҚҚС суммасини (тўлиқ ёки қисман) қоплаш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинганда солиқ органи бир кун муддатда қопланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш орқали солиқ тўловчининг бошқа солиқлардан бўлган солиқ қарзини узишни мустақил равишда амалга оширади .

Шундан сўнг солиқ органи бир кун муддатда солиқ суммасининг қолган қисми бўйича солиқ суммасини қайтариш тўғрисидаги хулосани расмийлаштиради ва уни электрон шаклда Ғазначиликка юборади .

Солиқ суммаси солиқ тўловчига солиқ органининг солиқ суммаси ўрнини қоплаш тўғрисидаги қарори асосида солиқ суммасини қоплаш (қайтариш) тўғрисидаги ариза тушган санадан эътиборан олтмиш кундан, ушбу Низомнинг 6-бобида кўрсатилган тартибда эса етти кундан кечиктирмай қайтарилиши лозим.

Ғазначилик солиқ органининг хулосасини олгандан сўнг бир кунда автоматик тарзда солиқ суммасини солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига ўтказади .

Эътибор беринг
Солиқ суммаси солиқ тўловчига қайтарилиши керак бўлган умумий муддат солиқ суммасини қоплаш (қайтариш) тўғрисидаги ариза тушган санадан эътиборан олтмиш кундан кўп бўлмаган муддатни ташкил этади .

Солиқнинг жами суммаси ўрнини тезлаштирилган тарзда қоплаш тартиби бу ҳақда солиқни қайтариш тўғрисидаги аризада кўрсатилган тақдирда, қуйидаги тоифадаги солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади :

  • йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахсларга;
  • солиқни қоплашга доир ариза билан бирга амалдаги банк кафолатини тақдим этган ёки солиқ органлари билан гаров шартномасини СКнинг 109 ёки 107-моддаларида белгиланган тартибда расмийлаштирган солиқ тўловчиларга;
  • экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларни амалга оширадиган шахсларга - агар илгари бу шахсларга солиқ суммаси қопланган ва бунда қонунбузарликлар аниқланмаган бўлса, ноль даражали солиқ ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган солиқнинг ошиб кетган суммалари қисмида;
  • хорижий давлатларнинг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлари;
  • солиқ мониторинги иштирокчиларига.

Эътибор беринг

Қуйидаги ҳолларда ҚҚС суммасини қоплашнинг тезлаштирилган тартиби татбиқ этилмайди:

- аризага зарур ҳужжатлар тўлиқ илова қилинмаган бўлса;

- ариза тақдим этилган вақтда солиқ тўловчи солиқларни тўламаслик хавфи даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар тоифасига мансуб бўлса .

Солиқнинг ўрнини тезлаштирилган тартибда қоплашда солиқ тўловчи томонидан қоплаш учун аризада кўрсатилган ҚҚС суммаси унга тўлиқ ҳажмда солиқ суммасини қоплаш (қайтариш) тўғрисидаги ариза тушган санадан эътиборан етти кун ичида қоплаб берилади .

Эътибор беринг
Камерал солиқ текшируви натижаларига кўра аризада кўрсатилган солиқ суммаси ёки унинг бир қисми асоссиз деб топилса, солиқ тўловчи асоссиз равишда қопланган солиқ суммасини қоплаш санасидан то уни бюджетга тўлаш санасигача пеня ҳисоблаган ҳолда Давлат бюджетига тўлаши шарт. Кўрсатилган тартиб чет эл дипломатик ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарга татбиқ этилмайди .

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text162226_sizga_qqsni_qanchalik_tez_qaytarishadi