Полезное для бухгалтера в ноябре:
Таълим муассасаларидаги овқатланиш хизматларига солиқ солинадими
Мактабгача ва мактабда таълим бериш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар қўл остидагиларнинг овқатланишини ташкил этади. Бу алоҳида хизмат ҳисобланадими, таълим муассасалари учун имтиёзларни қўллаш мақсадида овқатланишни қандай баҳолаш лозим?
Buxgalter.uz вазиятга ойдинлик киритди:
Овқатланиш таълим хизматлари таркибига кирадими
Ҳа, айрим ҳолларда овқатланиш ташкилоти таълим жараёнининг мажбурий компоненти ҳисобланади.
Масалан, мактабгача муассасаларда, ташкилотда болаларнинг бўлиши давомийлигига қараб, кунига бир маҳалдан беш маҳалгача овқатланиш ташкил этилиши керак .
Овқатланиш нормативлари Ўзбекистон Республикасининг мактабгача таълим муассасаларида тўлақонли ва хавфсиз овқатланишни ташкил этишга доир гигиеник талабларда белгиланган .
Мактабларда узайтирилган кун гуруҳига қатновчи биринчи синф ўқувчилари учун нормалар билан уч маҳал овқатланишни ташкил этиш назарда тутилган .
Овқатланиш ўз кучи билан ҳам, аутсорсинг усули билан ҳам ташкил этилиши мумкин.
Моҳиятан олганда, таълим муассасаларида мажбурий овқатланишни ташкил этиш фаолияти - ташкилотнинг асосий фаолиятига хизмат кўрсатишга қаратилган ва ушбу фаолият доирасида хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган хизмат кўрсатувчи хўжаликдир .
Бу асосий ишлаб чиқариш жараёнига хизмат кўрсатадиган ва бозорда реализация қилинадиган товарларни (хизматларни) ишлаб чиқаришга олиб келмайдиган ёрдамчи фаолиятнинг тавсифини ҳам тасдиқлайди .
Овқатланишга ёрдамчи фаолият сифатида қараш учун нима қилиш зарур
Бунинг учун:
- овқатланиш қийматини таълим хизматлари кўрсатиш шартномаси предметида хизматларнинг алоҳида тури сифатида акс эттирманг;
- овқатланиш харажатларини таълим хизматлари таннархининг калькуляциясига киритинг. Ушбу харажатлар турини нарх ва ҳисоб сиёсатида ҳам назарда тутинг;
- овқатланишнинг ташкил этилишига қараб овқатланиш харажатларини 2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» ёки 2710-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар» счётида ҳисобга олинг.
Бу нафақат санитария нормаларида назарда тутилган мажбурий овқатланишга, балки, масалан, ўқув марказларида кофе-брейклар ташкил этилишига ҳам тааллуқли. Улар ўқув курсларини ўтказишда одатий тусга кирди. Мақсад белгиланса, улар учун ҳам машғулотларда енгил тамадди қилиб олиш учун танаффусларни асословчи нормаларни топиш мумкин.
Таълим муассасалари учун имтиёзларни қўллаш мумкинми
Таълим хизматлари ҚҚСдан озод этилади .
Овқатланиш харажатлари тўғри расмийлаштирилганда (таълим хизматлари таннархига киритилганда) таълим хизматларини реализация қилиш бўйича бутун айланма ҚҚСдан озод этилади.
Таълим хизматлари ҳажми (текин олинган мол-мулк тарзидаги даромадлар ҳисобга олинган ҳолда) жами даромаднинг камида 90%ини ташкил этса, фойда солиғи бўйича ҳам ноль даражали ставкани қўллашингиз мумкин .
Овқатланиш харажатлари тўғри расмийлаштирилганда ва асослантирилганда уларни чегириладиган харажатларга киритиш мумкин.
Овқатланишни реализация қилишдан қўшимча даромад олинса-чи…
Ташкилотингиз овқатланишни четга реализация қилишдан қўшимча даромадга эга бўлса, бу алоҳида фаолият тури ҳисобланиб, таълим муассасалари учун ҚҚС бўйича имтиёз унга нисбатан татбиқ этилмайди.
Овқатланишни четга реализация қилишдан даромад жами даромаднинг 10%идан камни ташкил этса, қолган даромад эса таълим хизматларини кўрсатишдан олинадиган бўлса, иккала фаолият турига нисбатан фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллашга ҳақлисиз.
Наталья МЕМЕТОВА, «Норма» етакчи эксперти.