Полезное для бухгалтера в ноябре:
МҲХСга ўтган юридик шахслар учун солиқ ҳисоботининг қандай шакллари тасдиқланди
ДСҚ ҚҲТБТ порталида «28.01.2020 йилдаги 2020-03-сон «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3221, 24.02.2020 йил) ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирди. Ҳужжат лойиҳасида МҲХСга ўтган юридик шахслар учун солиқ ҳисоботининг шакллари ҳам келтирилган. Таклиф этилган ўзгартиришлар йил якунига қадар тасдиқланиши ва 2021 йил 1 январдан кучга кириши режалаштирилмоқда.
“Норма” шарҳловчиси Мирёқуб Ҳайдаров бу ҳақда батафсил гапириб берди:
- Чунончи, 7-«Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ ҳисоботининг шакллари» иловаси яна битта шакл – «Мол-мулк солиғи тўловчи юридик шахсларнинг асосий воситалари тўғрисида маълумот» билан тўлдирилади.
Бундан ташқари, ҳисоботнинг амалдаги шакллари 13-«Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтган юридик шахсларнинг солиқларини ҳисоблаб чиқиш учун зарур бўлган кўрсаткичлар бўйича солиқ ҳисоботи шакллари» иловаси билан тўлдирилади.
13-иловага қуйидагилар киради:
- МҲХСга ўтган юридик шахслар томонидан тақдим этиладиган бухгалтерия баланси кўрсаткичлари тўғрисида маълумотнома (активлар бўйича шакл ва пассивлар бўйича шаклдан иборат);
- МҲХСга ўтган юридик шахслар томонидан тақдим этиладиган молиявий натижа кўрсаткичлари тўғрисида маълумотнома (Фойда ва зарарлар тўғрисида маълумотнома);
- МҲХСга ўтган юридик шахсларнинг солиқларни ҳисоблаш учун зарур бўлган бошқа кўрсаткичлари тўғрисида маълумотнома. Ушбу шакл узоқ муддатли инвестициялар ва уларнинг турлари, товар-моддий захиралар, дебиторлар, пул ва ўз маблағлари, узоқ муддатли мажбуриятларга оид маълумотлардан иборат.
Ушбу шакллар МҲХСга ўтган солиқ тўловчилар томонидан:
- ҳар чорак якуни бўйича - ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-санасигача, йил якунлари бўйича -ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай;
- солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органига тақдим этилади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.