Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ким Ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби журналини юритиши зарур
Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низом (14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚ билан тасдиқланган) чиққандан кейин бухгалтерларда саволлар туғилди: Ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби журнали нима учун керак, у қандай маълумотларни ўз ичига олиши керак? Уни расмийлаштириш чоғида нималарга эътибор бериш лозим?
Buxgalter.uz вазиятни тушунтирди.
Ҳисобварақ-фактура – кўп функционалли ҳужжат, у:
- товарлар (хизматлар) ҳақиқатда етказиб берилганлигини тасдиқлайди;
- битим тарафлари ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларга таъсир кўрсатади;
- корхона даромадлари ва харажатлари ҳисоби учун асос бўлади;
- ҚҚС ҳисоблаш ва ҳисобга олиш, акциз солиғи ҳисоблаш имконини беради.
Ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби журнали ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш ва уларни ҳисобда акс эттиришга ёрдам беради, бинобарин – тушум (айланмалар)ни ёки харажатларни камайтириш, солиқларни нотўғри ҳисоблаш ва бошланғич ҳужжатларни йўқотиш билан боғлиқ бошқа муаммоларни истисно этади.
Журнал айниқса катта ҳужжат айланишига эга корхоналар учун зарур. У зарур ҳужжатни тез топишга ёрдам беради, аудиторлар ва бошқа текширувчилар ишини жиддий равишда осонлаштиради.
Журнал юқорида санаб ўтилган функцияларни самарали бажариши учун ҳисобварақ-фактураларнинг қайси маълумотларини сиз унда акс эттиришингиз зарурлиги ҳақида ўйланг.
Одатда бу:
- ҳужжатнинг рақами ва санаси;
- шартноманинг рақами ва санаси;
- сотиб олувчи ёки сотувчининг маълумотлари (СТИР, номи);
- ҚҚСсиз сумма;
- ҚҚС суммаси;
- ҚҚС билан сумма.
Зарурат бўлса, журналнинг мазмунини кенгайтириш мумкин. Масалан, қуйидагиларни қўшиш мумкин:
- ҳисобварақ-фактуранинг тури (асосий, қўшимча, тузатилган);
- қўшимча киритилаётган ҳужжатнинг рақами ва санаси;
- товарлар (хизматлар)нинг қисқача номи;
- ҳисобварақ-фактура асосида қилинган ўтказма.
Шунда журнал бухгалтерия ҳисобининг тўлақонли регистри бўлади. Журналдаги қўшимча ахборот сизга ҳисобварақ-фактурани кўтармасдан, контрагент билан тезкор масалани ҳал қилишга ёрдам беради.
Журналда қандай маълумотларни акс эттиришни – сиз мақсадга мувофиқлиги, зарурлиги, ҳужжатлар билан ишлашда қулайлигидан келиб чиқиб ҳал қиласиз. Бунда Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низомга (АВ рўйхат рақами 1297, 14.01.2004 й.) амал қилинг.
Албатта, ҳужжатлар журналда хронологик тартибда акс эттирилиши керак. Уларнинг рақамланишини ўйлаб кўриш лозим. У муфассал, шартнома рақамига боғланган ёки лойиҳа, туркум, бўлинма ва ҳ.кни белгиловчи бошқа белгилардан иборат бўлиши мумкин.
Ҳисобварақ-фактураларни шакллантириш учун жавобгарликни тақсимлаш, рақамлаш тартиби, журнални шакллантиришни корхонанинг ҳужжатлар айланиши тизимида акс эттиринг ва тасдиқланг.
Бухгалтерия ҳисобининг электрон тизимларида ҳужжатлар журнали автоматик тарзда шакллантирилади. Уларни исталган пайтда сақлаб қўйиш ва чоп этиш мумкин. Журналнинг мазмуни мустақил равишда ёки мутахассисни жалб қилган ҳолда созланади.
Ҳисобварақ-фактуралар журналини юритиш мажбурийми
Ҳисобварақ-фактуралар электрон шаклда расмийлаштирилиши боис (катта бўлмаган истисно билан), шу жумладан ҚҚС тўловчи бўлмаганлар томонидан, ҳисобварақ-фактуралар журналлари (реестрлари) автоматик тарзда электрон тизимда шакллантирилади, унда уларнинг сақланиши ва ҳисоби таъминланади . Уларни исталган пайтда файл шаклида Excel форматида сақлаб қўйиш ва чоп этиш мумкин.
Ҳисобварақ-фактуралар журналлари ва реестрлари нима билан фарқ қилади
Реестр ҳам, журнал ҳам – бу ҳужжатлар, уларнинг рўйхати регистраторидир. Ушбу тушунчалар маъноси бўйича ўхшашдир.
Солиқ солиш мақсадларида ҳисобварақ-фактуралар электрон тизими томонидан шакллантириладиган журнал ва ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини жўнатиш чоғида шакллантириладиган реестрларни фарқлаш зарур:
- харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестри (ҚҚС ҳисоб-китобига 4-илова);
- реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестри (ҚҚС ҳисоб-китобига 5-илова);
- воситачилик шартномаси асосида реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестри (ҚҚС ҳисоб-китобига 6-илова).
Мазмуни бўйича улар мос келмаслиги ҳам мумкин. Масалан – воситачилик шартномалари бўйича.
Комитентга тегишли товарлар реализациясини амалга оширувчи воситачи сотиб олувчига ҳисобварақ-фактураларни тақдим этади ва уларни тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар журналида акс эттиради. Бунда улар воситачининг Сотиш реестрида рўйхатдан ўтказилмайди, сабаби унинг реализация қилинишини эмас, балки комитентни тасдиқлайди . Ушбу ҳисобварақ-фактура бўйича ҚҚС суммаси воситачида ҳисобланмайди.
Комитентга товар сотиб олиш ва бериш чоғида шунга ўхшаш вазият юзага келади .
Товарлар (хизматлар) сотувчисидан олинган, комитент учун мўлжалланган ҳисобварақ-фактуралар воситачида Олинган ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби журналида акс эттирилади. Бунда воситачи ушбу ҳисобварақ-фактураларни Харидлар реестрида рўйхатдан ўтказмайди ва уларда ажратиб кўрсатилган ҚҚС суммасини ҳисобга олмайди .
Журналлардан фарқли ўлароқ ҳисобварақ-фактуралар реестрлари солиқ ҳисоботи таркибида белгиланган шаклга эга. Бироқ, агар сиз ҚҚС бўйича ҳисобот топширмасангиз, ҳисобварақ-фактура журнали ва реестри тушунчалари сиз учун бир маънога эга бўлади.
Наталья МЕМЕТОВА,
«Норма» эксперти