Полезное для бухгалтера в декабре:
Шартнома тузаётганда қандай қилиб «тузоққа» тушиб қолмаслик мумкин
Шартнома лойиҳасини ишлаб чиқаётган тараф, одатда, уни имкон қадар ўз фойдасини кўзлаб тузади. Бошқасига зарар етказган ҳолда бир тарафнинг фойдасини кўзлайдиган шартларни қандай аниқлаш мумкин, бундай вазиятда нима қилиш лозим?
«Норма»нинг юридик масалалар бўйича эксперти Олег ЗАМАНОВ buxgalter.uz учун ўз тавсиялари билан ўртоқлашди:
– Аввалбошдан қандай шартнома шартлари билан ишлашингизни тушуниб олишингиз зарур. Мазкур контекстда уларни шартли равишда учта тоифага бўлиш мумкин:
- қонунга ва иккала тараф манфаатларига мувофиқ келадиган;
- қонунга мувофиқ келадиган, бироқ тарафлардан бирининг манфаатларига жавоб бермайдиган;
- қонунга мувофиқ келмайдиган.
Биринчи вариант – бенуқсон, дарҳол шартномани имзолаб, битим тузинг. Бироқ амалиётда бундай ҳолатлар кам учрайди. Кўпинча шартнома лойиҳаси барча турдаги шартлар аралашмасидан ташкил топади. Одатда оферент универсал, намунавий бандлар орасида контрагентни атайин наф келтирмайдиган вазиятга соладиган тузоққа туширувчи шартларни яширишга уринади. Қуйида ана шундай мисолларни келтирамиз.
«Тузоқни» қандай топиш мумкин
Қонунда юридик хизмат ёки адвокатнинг имзосисиз шартномани тузиш бежиз тақиқланмаган. Улар унинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини текшириб кўришлари керак. Юристларнинг ёзма хулосасини олиш ҳуқуқингизни ҳам ёддан чиқарманг . Унда, одатда, қуйидагилар кўрсатилади:
- шартномада кўрсатилган муносабатлар қандай қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши;
- тарафларнинг жавобгарлик чоралари, низоларни ҳал қилиш тартиби ва шартноманинг бошқа шартлари қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ келиш-келмаслиги.
Юристлар шартномани «ўқиб», ундаги қонунга зид шартларни аниқлашлари, тарафларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, жавобгарлиги баёнидаги умумий номутаносибликни ва сизни битим иштирокчиси сифатида камситувчи бандларни кўрсатишлари мумкин. Бироқ юрист, мисол учун, шартноманинг қуйидагиларга мувофиқ келишини кутаётганингизни билмаслиги мумкин:
- лойиҳа доирасида тузилаётганда уни амалга ошириш тартиби ва муддатларига (агар бу шартноманинг ўзида акс эттирилмаган бўлса). Масалан, материалларни етказиб бериш муддати улар харид қилинаётган қурилиш объектида ишларни бажариш муддатидан ошиши сизни қониқтирмаслиги мумкин;
- унинг иштирокисиз дастлабки музокаралар ўтказиш давомида эришилган келишувларга. Масалан, муайян ишлаб чиқарувчининг, маркадаги, русумдаги ва артикулдаги ускунани харид қилиш ҳақида келишиб олдингиз, бироқ шартномада бошқаси кўрсатилган ва ҳ.к.
Тегишли ахборотга эга бўлган барча ходимлар – лойиҳани амалга оширувчи гуруҳ, таъминот бўлими, бош муҳандис ва бошқалар шартномани ўрганиб чиққанлари маъқул. Шартномани имзолашдан аввал барча мутахассислар ўз ваколатлари доирасида фикр-мулоҳазаларини билдирадиган йиғилишни ўтказиш ва (ёки) уларнинг шартномалар лойиҳаларини ёзма равишда келишиш амалиётини жорий этиш мумкин.
Кейин нима қилиш керак?
Мақсадингиз:
- шартнома лойиҳасидан қонун ҳужжатларига зид келадиган шартларни чиқариб ташлаш;
- манфаатларингизга жавоб бермайдиган бандларни мақбулроқ келадиганларига алмаштириш.
Бунинг учун қуйидагилар қўлланилади:
- шартнома лойиҳасига келишмовчиликлар баённомаси – сиз ёки контрагентингиз қонунга кўра мазкур шартномани тузишга мажбур бўлсангиз. Масалан, сизда дастлабки шартнома бор ёки шартнома уни тузиш ҳуқуқи учун савдолар натижаларига кўра расмийлаштирилади . Келишмовчиликлар баённомаси рад этилганида ёки уни тузишдан бош тортилганида, юзага келган келишмовчиликларни кўриб чиқиш учун судга топширишга ҳақлисиз ;
- контрагент билан келишилган шартномани тузишдан аввал юзага келган келишмовчиликларни тартибга солиш таомили. Аввалбошдан форматни (шахсий учрашувлар, видеоконференциялар, ишга алоқадор ёзишмалар) белгилаб олинг, унинг доирасида эса келишмовчиликларни кўриб чиқишни судга ўтказиш тартиби, муддатлари ва айниқса – имкониятини қайд этинг . Ушбу келишувларни ёзма равишда – алоҳида келишув ёки учрашув баённомаси, музокаралар стенограммаси кўринишида қайд этган маъқул.
Охир-оқибат вазият қуйидаги сценарийлардан бири бўйича ҳал этилиши мумкин:
а) контрагент билан келишмовчиликлар ҳал қилинади, иккала тараф учун мақбул шартларда шартнома тузилади;
б) келишувга эришиб бўлмайди, шартнома тузишдан бош тортиб, бошқа контрагентни излайсиз;
в) мавжуд вазият сабабли таклиф этилган шартларда шартнома тузишга мажбур бўласиз. Бу ҳолда қуйидаги ҳолатга тўқнаш келишингиз мумкин:
- қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим шартлари ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир – яъни суд томонидан шундай деб топилганига қарамай, ҳақиқий эмас . Улар ҳеч қандай юридик оқибатларга олиб келмайди. Битимнинг бир қисми (битта ёки бир нечта шарти) ҳақиқий саналмаслиги унинг бошқа қисмларининг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлмайди ;
- барча хатарларни, шу жумладан – қонуний, бироқ сизга қулай бўлмаган шартнома шартларини бажариш билан боғлиқ молиявий хатарларни зиммангизга оласиз.
Хатоликлар ва босма хатоларни нима қилиш керак?
Шартнома шартларида ҳам жуда кўп учрайдиган хатоларни тилга олмадик. Улар, масалан:
- грамматик, пунктуация хатолари бўлган ва тил меъёрларини бошқача тарзда бузган ҳолда тузилган формулировкалар;
- шартномадаги саналар, суммалар, муддатлардаги, бўлим ва бандлар рақамларини қўйишдаги хатолар ва ҳ.к.
Кўпинча уларга эътиборсизлик сабабли, билмасдан йўл қўйилади. Бироқ бунга арзимас хатодек қарамаслик керак. Шартнома матнида хатоликлар ва босма хатолар бўлса:
- номақбул ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши ёки айнан ушбу вазиятда манфаатларингизга қарши қўлланилиши мумкин (дастлабки аҳдлашувлар моҳияти ва мазмунини бузиб кўрсатиш, нотўғри талқин қилиш, ноаниқликлар ва ҳ.к.) – юқорида баён этилган алгоритм бўйича аниқроқ формулировкаларни контрагент билан келишиб олинг;
- юридик нуқтаи назардан «беозор» бўлиши мумкин – вазиятга қараб уларни нима қилиш кераклигини ўзингиз ҳал қилинг. 100 фоиз тўғри қайд этилишига эришган афзал, албатта, бироқ муддат оз бўлса, арзимас босма хатоларга «кўз юмиш» мумкин.