Ходим моддий зарарни қопламоқчи эмас

preview

Корхонага зарар етказган ходим ҳар доим ҳам уни ихтиёрий равишда қоплашга рози бўлмайди. Бундай вазиятларда иш берувчининг қандай йўл тутишини «Норма» компаниясининг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА тушунтириб берди:

– Ходим етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплашдан бош тортган тақдирда, ундириладиган сумма унинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган ҳолларда, ходимдан зарар суммаси иш берувчининг фармойишига мувофиқ ундирилади . Бунинг учун зарар етказилганлиги аниқланган кундан бошлаб бир ой муддатда фармойиш чиқарилиши лозим.

Ҳар сафар иш ҳақи тўланганда ушлаб қолинадиган сумма ходимга тўланадиган меҳнат ҳақининг 50%идан ошмаслиги керак . Ушлаб қолинадиган сумма жорий иш ҳақининг 50%идан ортиқ бўлган тақдирда, уни қисмларга бўлган ҳолда бир неча ой мобайнида ушлаб қолиш мумкин.

Зарарнинг тўлиқ суммаси тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома мавжуд бўлганда ва МКнинг 202-моддасида назарда тутилган бошқа ҳолатларда ушлаб қолинади.

Қуйидаги ҳолатларда зарар суммаси суд орқали ундирилади:

  • ундириладиган сумма ходимнинг ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлганда;
  • зарар аниқланган кундан эътиборан бир ой ўтганда;
  • ходим, шу жумладан моддий жавобгар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси зарар аниқлангунга қадар бекор қилинганда ва у зарарни ихтиёрий равишда тўламаганда.

Шунга ўхшаш вазиятларни кўриб чиқамиз.

Вазият
Ишдан бўшатилган ходимдан зарарни ундириш
Моддий қимматликларни қўриқловчи ходим ишдан бўшаш тўғрисида ариза берди. У билан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин корхонада тафтиш ўтказилди. Тафтиш давомида камомад аниқланди, бунда ишдан бўшаган қўриқчи айбдор деб топилди. Уни моддий жавобгарликка тортиш мумкинми?
– Ҳа, мумкин. Зарар етказилгандан кейин меҳнат шартномасининг бекор қилиниши собиқ ходимни моддий жавобгарликдан озод этмайди . Собиқ ходим зарарни ихтиёрий қоплашдан бош тортса, зарарни ундириш учун судга мурожаат қилинг.

Вазият
Инвентаризацияда иштирок этиш рад этилганда зарарни ундириш
Моддий жавобгар шахс ишдан бўшаш ҳақидаги аризани тақдим этди ва инвентаризацияда иштирок этишни рад қилди. Инвентаризация натижалари бўйича ушбу ходим ҳисобида турган қимматликларда камомад аниқланса, меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин ҳам ундан зарарни ундириш мумкинми?
– Ҳа, мумкин. Бироқ у зарарни ихтиёрий равишда қопламаган тақдирда, судга мурожаат қилишга тўғри келади .

Вазият
Ишдан бўшатилган бош бухгалтердан зарарни ундириш
Бош бухгалтернинг ташаббусига кўра у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Ишдан бўшатилганидан кейин ўтказилган аудиторлик текшируви чоғида собиқ бухгалтернинг айби билан маблағлар хатолик туфайли ортиқча сарфланганлиги оқибатида камомад юзага келгани аниқланди. Уни жавобгарликка тортиш мумкинми?
– Ҳа, мумкин. Меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ходим шартнома амал қилган даврдаги ўз ҳаракатлари учун жавобгар ҳисобланади . Собиқ бош бухгалтерга зарарни ихтиёрий равишда қоплашни таклиф қилинг. У буни рад этган тақдирда, судга мурожаат қилинг.
Даъво аризасида қуйидагилар кўрсатилади:
  • зарар етказиш сабаблари;
  • бевосита ҳақиқатда етказилган зарар суммаси (у текширув, тафтиш, инвентаризация материаллари билан тасдиқланади);
  • ходимга зарарни ихтиёрий равишда қоплаши таклиф этилганлиги далили.
Даъво аризасига қуйидагилар илова қилинади:
  • ходимнинг меҳнат шартномаси;
  • ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ;
  • лавозим йўриқномаси (мавжуд бўлганда);
  • тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома (мавжуд бўлганда);
  • моддий қимматликлар олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • ташкилотда моддий қимматликларни сақлаш учун шароит яратилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • текширув далолатномаси;
  • ходимнинг зарарни ихтиёрий қоплашдан бош тортганлиги ҳақидаги тушунтириш хати;
  • ходимнинг лавозим маоши миқдори (тариф ставкаси) тўғрисидаги маълумотнома ва бошқа ҳужжатлар.

Эътибор беринг
Ходимдан моддий зарарни ундириш учун зарар етказилганлиги аниқланган кундан бошлаб 1 йилдан кечиктирмай судга мурожаат қилиш лозим . Акс ҳолда суд белгиланган муддатни ўтказиб юборишнинг узрли сабаблари мавжуд бўлмаганда, даъвони қондиришни рад этиши мумкин .

Моддий жавобгарлик Моддий жавобгарлик Моддий жавобгарлик /ru/publish/doc/text164964_hodim_moddiy_zararni_qoplamoqchi_emas