Хусусий клиника томонидан берилган “касаллик варақаси”га ҳақ тўланадими?

preview

“Ходим мана 2 ойдирки “бюллетенда ўтирибди”. Турмуш ўртоғининг сўзларига кўра, у хусусий клиникада даволанмоқда, у ерда унга касаллик варақаси очилган. Биз хусусий тиббиёт муассасаси томонидан берилган “касаллик варақаси”ни қабул қилишимиз ва ҳақ тўлашимиз шартми?

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга “Норма”нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

- Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари, қоида тариқасида, давлат соғлиқни сақлаш тизими даволовчи шифокорлари томонидан берилади. Шу жумладан - вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларига қарашли даволаш-профилактика муассасаларининг (ДПМ) даволовчи шифокорлари томонидан берилади.

Бироқ хусусий ДПМ ҳам “касаллик варақа”лари беришга ҳақли, башарти:

  • меҳнатга вақтинча лаёқатсизликни экспертиза қилиш ёки тиббий-меҳнат экспертизаси бўйича етарли малакали ходимга эга бўлса;
  • улар стационар шароитда фаолият юритаётган бўлса .

Қуйидаги муассасаларнинг шифокорлари меҳнатга лаёқатсизлик варақаси беришга ҳақли эмас:

  • тез тиббий ёрдам ва қон билан ишлаш хизмати;
  • шифохоналарнинг қабул бўлимлари;
  • суд-тиббий экспертиза муассасалари;
  • пансионат ва санаторий-курортлар, сил касалликлари санаториялари бундан мустасно;
  • физиотерапия, даволаш физкультураси ва спорт тиббиёти ихтисосликлари бўйича тиббий муассасалар.

Шу тариқа, хусусий клиника томонидан берилган “касаллик варақаси” умумий асосларда қабул қилинади ва ҳақ тўланади. Бироқ бу айнан белгиланган шакл бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўлиши керак, маълумотнома эмас. Сабаби айнан варақа нафақа тўлаш учун асос ҳисобланади, маълумотнома бўйича эса шахс ишдан (ўқишдан) нафақа ҳуқуқисиз озод этилади .

Қандай ҳолларда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси эмас, балки маълумотнома берилади?

Қуйидагилар меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси билан тасдиқланади:

  • ўқувчи, талаба, магистрант, клиник ординатор ва катта илмий ходим-изланувчиларнинг ўқишга вақтинча лаёқатсизлиги;
  • алкоголга қарамлик натижасидаги касалликлар ва жароҳатлар, шунингдек мастлик натижасида олинган жароҳатлар;
  • ходимларнинг даврий профилактик тиббий кўрикдан ўтказилганлиги;
  • ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг амбулатория ёки стационар шароитда тиббий кўрикдан ўтказилганлиги;
  • касалликнинг келиб чиқиши касб билан боғлиқлигини аниқлаш юзасидан текширув ўтказилганлиги;
  • айбланувчи ёки судланувчининг суд ажрими билан тиббий муассасага жойлаштирилганлиги;
  • амбулатория шароитида 14 ёшга тўлмаган боланинг парваришга муҳтожлик даври 14 календарь кундан ошганлиги.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ойига бир марта - ойнинг иккинчи ярми учун бериладиган иш ҳақи билан бирга тўланади .

Қоидага кўра, ходимлар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик муддати тугаганидан сўнг чиқишининг биринчи кунидаёқ бюллетенни тақдим этадилар. Бироқ касаллик давом этса, ходим уни навбатдаги иш ҳақи берилиши вақти келганда топшириши мумкин .

Шунингдек эслатиб ўтамиз, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини ҳам давлат, ҳам хусусий компаниялар-иш берувчилар тўлашлари шарт . Мазкур мажбуриятдан бўйин товлаш БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солиш, ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса - БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади .

Ходимлар билан ҳисоблашиш Ходимлар билан ҳисоблашиш Ходимлар билан ҳисоблашиш /ru/publish/doc/text165120_hususiy_klinika_tomonidan_berilgan_kasallik_varaqasiga_haq_tulanadimi