Полезное для бухгалтера в декабре:
Инвентаризация комиссиясига бухгалтерия маълумотлари қачон ошкор қилинади
«19-сон БҲМСга мувофиқ инвентаризацияни ўтказяпмиз. Бироқ омбор мудиридаги маълумотларда тафовутлар мавжудлиги аниқланди. Бухгалтер унга мол-мулклар – миқдори ҳисобга олинмайдиган буюмлар номи ёзилган рўйхатни берди ва қолдиқларни ҳисоблаб чиқишни талаб қилди. Омбор мудири ҳавола қилиш учун бухгалтериянинг миқдорий маълумотлари келтирилган рўйхатни беришни талаб қиляпти. У бунга ҳақлими? Ушбу вазиятда амалдаги қоидаларни бузмаган ҳолда қандай йўл тутиш лозим?».
Buxgalter.uz илтимосига биноан «TRI-S-AUDIT» МЧЖ директори Светлана ГОЛОСОВА вазиятни тушунтириб берди:
–Ушбу вазиятда қуйидагича маслаҳат бериш мумкин: ҳаммасини низоларсиз ҳал этиш лозим. Инвентаризация жараёни корхонадаги ҳисобни тартибга келтириш, активлар ҳисобига оид масалаларни ҳал этиш учун ўтказилади.
Текширувчи активларни текширувдан ўтказишга кетаётганда қўлидаги қоғозда нималар қайд этилган бўлиши лозимлиги биронта НҲҲда кўрсатилмаган. Мазкур масала ташкилотнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солиниши мумкин. Ёки инвентаризация комиссияси аъзолари ташкилот раҳбари билан келишган ҳолда ушбу масалага оид қарорни қабул қилишлари лозим.
Текширувчи ҳеч нарса ёзилмаган бир варақ қоғозни олиб текширувни ўтказадиган бўлса, ҳаммаси жойида бўлиши тайин: нимани кўрса шуни ёзаверади... Бироқ оқибатда бу вариант муаммоларни келтириб чиқаради, сабаби айнан бир буюмни ходимлар турлича номлашлари мумкин. Бундай инвентаризация қилиш натижасида инвентаризация варақасидаги ҳар бир позицияни қайта кўриб чиқишга тўғри келади.
Шу боис амалиётда инвентаризация комиссияси инвентаризация варақаси-жадвали билан ишлайди, унда текшириладиган активлар рўйхати ва ҳар бир позиция рўпарасида иккита графа бўлади. Биттаси бухгалтерия ҳисоби маълумотлари учун, иккинчиси эса қайта ҳисоблаш натижасида аниқланган ҳақиқий маълумотларни акс эттириш учун мўлжалланган.
Бухгалтерия ҳисобига мувофиқ миқдорий маълумотларни қачон қайд этган маъқул – қолдиқларни қайта ҳисоблашдан олдинми ёки кейинми?
Ушбу масалани ҳал этишни корхона раҳбари инвентаризация комиссиясига қўйиб беради. Бироқ бундай маълумотлар қайта ҳисоблашдан олдин қайд этиладиган бўлса, текширувчилар текширув чоғида барча маълумотларни бухгалтерия ҳисоби маълумотларига тўғрилашга ҳаракат қилишлари эҳтимолдан ҳоли бўлмайди. Бунда маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги хавф остида қолиши мумкин.
Аслида инвентаризация натижалари бўйича бухгалтерия ҳисоби маълумотлари ва қолдиқларни ҳисоблаш чоғида олинган маълумотлар мос келиши лозим. Бироқ бундай ҳолат жуда кам учрайди. Одатда қуйидагилар аниқланади:
- ТМҚ камомади ёки ортиқчалиги;
- «ҳисобга олинганмаган буюмлар» – жадвалда ва бухгалтерия ҳисобида қайд этилмаган активлар (улар инвентаризация натижалари якунида қайд этилиши лозим).
Шу боис инвентаризация комиссияси текширув чоғида ва унинг натижаларига кўра юзага келадиган тафовутларни ҳал этиши лозим. Қоидага кўра, бундай вазиятларни ойдинлаштириш учун мутахассислар жалб этилади.
Ходимлар бир буюмни икки хил ном билан атаганликлари оқибатида камомад ва ҳисобга олинмаган буюмлар юзага келиши ҳолатлари тез-тез учраб туради. Активлар рўйхати келтирилган инвентаризация варақаси инвентаризация жараёнини муаммоларсиз ўтказиб олишдаги дастлабки қадам ҳисобланади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.