Полезное для бухгалтера в ноябре:
Экспорт қилувчиларга молиявий ёрдам кўрсатиш шартларида нима ўзгарди
Янги 31.12.2020 йилдаги 826-сон ВМҚга асосан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги экспорт қилувчиларга кўмак беришда давом этади. Молиявий ёрдам кўрсатиладиган йўналишлар рўйхатига қўшимчалар киритилди. Унга маҳсулот намуналарини Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари орқали хорижий савдо уйлари ва шоу-румларга юбориш харажатларини қоплаб бериш ва ҳ.к. киритилди. Экспорт қилувчиларга экспорт билан шуғулланишни режалаштирган тадбиркорлик субъектлари ҳам киритилди. Батафсил - norma.uz портали шарҳида:
Молиявий ёрдам олиш учун экспорт қилувчи ташкилотлар томонидан ариза ва буюртманома-анкетанинг тасдиқланган шакллари тўлдирилади ва уларга йўналишга қараб зарур ҳужжатлар илова қилинади. Илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхатига ўзгартиришлар киритилди. Энди экспорт қилувчи ташкилотларда солиқлар бўйича қарздорлик ҳамда муддати ўтган кредиторлик ва дебиторлик қарздорликлари мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнинг тақдим этилиши талаб қилинмайди. Бироқ экспорт операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжудлиги молиявий ёрдам кўрсатишни рад этишга сабаб бўлади.
Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар, аввалгидек, 7 иш куни давомида кўриб чиқилади. Қабул қилинган қарор ҳақида билдиришнома бир сутка давомида почта алоқа воситаси орқали ёки электрон шаклда юборилади. Ажратилган маблағлар банк ҳисобварағига тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб 5 иш куни (илгари – 7 иш куни) ичида маблағлар ўтказилади.
Молиявий ёрдам миқдорлари:
- стандартларни жорий қилиш ва мувофиқлик сертификатларини олиш йўналишида – 100%, лекин битта халқаро стандартни жорий қилиш ва сертификатни олиш учун 20 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда;
- маҳаллий маҳсулотлар ва брендларни ташқи бозорларга олиб чиқиш мақсадида тақдимотлар ва реклама кампаниялари ўтказиш йўналишида – 100%, лекин бир экспорт қилувчи ташкилот учун бир календарь йилида 20 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда;
- халқаро тендер ва танловларда иштирок этиш йўналишида – 100%;
- хорижий ваколатли органларда маҳаллий маҳсулотлар ва товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш йўналишида – 100%, лекин бир экспорт қилувчи ташкилот учун 10 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда;
- Ўзбекистон ҳудудида маҳаллий ва хорижий компаниялар мутахассисларини жалб этган ҳолда бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумлар ташкил этиш йўналишида – 100% миқдорда ҳақиқий харажатлар бўйича;
- хорижий мамлакатлардаги бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумларда иштирок этиш йўналишида – 100% миқдорда ҳақиқий харажатлар бўйича чекланмаган миқдорда;
- кўргазма-ярмарка тадбирларида иштирок этиш йўналишида – 100% миқдорда ҳақиқий харажатлар бўйича чекланмаган миқдорда;
- маҳсулотлар намуналарини таништириш мақсадида хорижий савдо уйлари ва шоу-румларга, шу жумладан истиқболли харидор топишда кўмак олиш учун Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарига юбориш йўналишида – 100%, лекин бир экспорт қилувчи ташкилот учун бир календарь йилида жами 2 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда.
Тўловлар Агентлик томонидан тузиладиган шартномаларга асосан товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларга тўғридан-тўғри амалга оширилади.
Нима учун рад этишлари мумкин
Қуйидагилар молиявий ёрдам кўрсатишни рад этиш учун асос бўлиши мумкин:
- барча зарур ҳужжатларнинг тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги;
- сўралаётган молиявий ёрдамнинг тасдиқланган тартиб ва талабларга номувофиқлиги;
- экспорт операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик мавжудлиги (экспорт қилувчи ташкилотларнинг экспорт операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги миқдори сўнгги 12 ойдаги экспорт ҳажмининг 30%идан ортиқ бўлмаган ва дебитор қарздорликни ундириш бўйича суд қарори мавжуд бўлган ҳолатлар бундан мустасно);
- тақдим этилган ҳужжатларда ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги.
Экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатиш схемаси, молиявий ёрдам олиш тўғрисида ариза ва буюртманома-анкета ҳужжатга иловаларда келтирилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.12.2020 йилдан кучга кирди.
Norma.uz материаллари асосида