Полезное для бухгалтера в декабре:
ЯТТ патенти қандай ёпилади? Қадамма-қадам йўриқнома
Якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тўхтатиш зарурати турли сабабларга биноан юзага келиши мумкин. Буни қандай тез ва тўғри амалга ошириш ҳамда амалиётдаги ҳақиқий тартиб Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида низомда кўрсатилган тартибдан нима билан фарқ қилиши - buxgalter.uz шарҳида:
ЯТТни ёпиш тўғрисидаги аризани Давлат хизматлари маркази “Бир дарча”га шахсан бориб топшириш мумкин. Марказнинг сайтида электрон шаклда фақат фаолиятни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ариза қабул қилинади, бироқ тўлиқ ёпиш тўғрисида эмас.
Юридик шахс ташкил этмаган ЯТТни ёпиш тартиби 704-сон Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида низомнинг 40-46-бандларида айтиб ўтилган. Тадбиркор учун тартиб-таомил жами 4 та қадамдан иборат:
1. Солиқ органлари олдида қарз мавжуд эмаслигига ишонч ҳосил қилиш.
2. Банкдаги асосий ҳисобварақни ёпиш (агар мавжуд бўлса).
3. “Бир дарча”га ариза билан мурожаат қилиш, унга қуйидагиларни илова қилиш:
А) муҳр ва штамплар (агар мавжуд бўлса);
b) лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатларнинг асли (агар мавжуд бўлса);
c) банкдан асосий ҳисобварақ ёпилганлиги тўғрисида маълумотнома.
4. Берилган аризага асосан фаолият тўхтатилганлиги тўғрисидаги хабарномани кутиш (3 дан 5 иш кунига қадар). Хабарнома ДСҚнинг шахсий кабинети орқали келади.
704-сон Низомга асосан рўйхатдан ўтказувчи орган солиқ хизматига сизда солиқлар ва йиғимлар бўйича қарз мавжуд эмаслиги тўғрисида мустақил равишда сўров юборишлиги керак бўлсада, амалиётда маълумотномани мустақил равишда олиш ва уни шахсан олиб боришга тўғри келади. Call-марказ операторларининг таъкидлашларича: ҳа, аслида ҳам шундай. Давлат хизматлари маркази қандайдир сабабларга биноан ушбу масалани бевосита аниқлаштира олмайди.
Тадбиркорлик субъекти - жисмоний шахс фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги ёзув давлат реестрига ДСҚдан жавоб олингандан кейин бир иш куни давомида киритилади.
Рўйхатдан ўтказувчи орган фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъекти - жисмоний шахснинг муҳр ва штампларини (агар мавжуд бўлса) мустақил равишда йўқ қилади ва тегишли органларга лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни бекор қилиш учун маълумотларни юборади.
Бунда шуни унутмаслик лозимки, тадбиркорлик субъекти сифатида фаолиятининг тўхтатилиши унинг кредиторлар олдидаги мажбуриятларидан озод қилмайди.
Эслатиб ўтамиз: Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати 07.01.2011 йилдаги 6-сон ВМҚга 1-илова билан тасдиқланган.
Саида ЖОНИЗОҚОВА