Полезное для бухгалтера в ноябре:
ҚҲТБТда - солиқ қарзини ундириш тўғрисида НҲҲ лойиҳаси
Солиқлар бўйича қарзни ундириш учун учта янги низом ишлаб чиқилди - юридик шахсларнинг мол-мулкини хатлаш тўғрисида; бошқа шахсларга ўтказилган мол-мулклар ҳисобидан ундириш тўғрисида; манфаатдор шахсларнинг молиявий ҳолатини таҳлил қилиш тўғрисида. Buxgalter.uz уларнинг қабул қилиниши билан нима ўзгаришини аниқлаштирди:
“Cолиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ҳамда бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ВМҚ лойиҳаси бюджетга солиқлар ва йиғимлар ҳажмини ошириш мақсадида қабул қилинган. Ҳужжат, биринчи навбатда, солиқ мажбуриятларини бажармаган юридик шахсларга дахл қилади. Жумладан, 2021 йил 1 майдан бошлаб:
1. Юридик шахслар солиқ мажбуриятларига эга бўлган тақдирда Давлат бюджетидан субсидиялар олувчилар бўлишлари мумкин эмас.
2. ДСҚ сайтида юридик шахснинг СТИРи бўйича - корхонада қарзлар мавжуд эмаслиги тўғрисида бепул маълумот олиш имконини берадиган янги сервис ишлай бошлайди.
3. Қарздорларнинг миллий валютадаги банк ҳисобварақларида маблағ мавжуд бўлмаганда, банкларга улар учун уларнинг чет эл валютасидаги маблағларни (солиқ қарзидан ортиқ миқдорда) сотилиши бўйича операцияларни ўтказиш тақиқланади.
ВМҚ лойиҳаси солиқ қарзини ундиришга тааллуқли низомни ўз ичига олади:
1. Юридик шахсларнинг бажарилмаган солиқ мажбуриятлари бўйича уларнинг мол-мулкини хатлаш тартиби тўғрисидаги низом
Қарздорнинг мол-мулкини хатлаш фақат тан олинган солиқ қарзи мавжуд бўлган тақдир амалга оширилади. Агар қарз солиқ қарзини ёки суд қарори билан тасдиқланган қарзни сўндириш тўғрисида ариза берилган санадан эътиборан 10 кун ичида низолашилмаса, қарз тан олинган ҳисобланади.
Қарздорнинг мол-мулкини хатлаш тўғрисидаги қарор 10 иш куни ичида ижро қилиниши лозим, қарздорнинг мол-мулкини топиш имкони бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно.
Солиқ органининг ўзи қарздорнинг мол-мулки тўғрисидаги маълумотларни олиш учун сўровларни йўллайди, шу жумладан - ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, кадастр хизмати, банклар ва бошқа кредит муассасалари, ғазначилик органларига.
Хатлашдан кейин мусодара қилиш рўй беради. Бунда қарздорнинг мол-мулкларни мусодара қилиш натижасида унинг фаолиятини тўхтатиб қўйилишига йўл қўйилмайди.
Солиқ қарзи ҳисобига қарздорнинг мол-мулклари солиқ органи қарори асосида СКнинг 114-моддасига мувофиқ тўлиқ ёки қисман мусодара қилиниши мумкин (лойиҳага 1-илованинг 19-банди).
Қарздорнинг бошқа ҳудудда жойлашган ёки бошқа шахсларда турган мол-мулклари ҳам хатланиши мумкин (лойиҳага 1-илованинг 20-банди).
Солиқ қарзи бўйича қарздор мол-мулкини хатлаш тўғрисида солиқ органи қарори қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:
а) солиқ қарзи сўндирилганда;
б) гаров киритилганда;
в) худди шу мол-мулк суд қарори асосида ижро бюроси томонидан хатланганда;
г) қарзни бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида қарор мавжуд бўлганда;
д) қарз ҳисобдан чиқарилганда;
е) қарздор банкрот деб эътироф этилганда (лойиҳага 1-илованинг 29-банди).
2. Тадбиркорлик субъектларининг солиқлар ва йиғимлардан қарздорликларини бошқа шахсларга ўтказилган пул маблағлари ёки мол-мулклари ҳисобидан ундириш тартиби тўғрисида низом
СКнинг 120-моддасига мувофиқ солиқ органи томонидан қарздор бошқа шахсларга ўтказган мол-мулк ва/ёки маблағлар аниқлаши лозим бўлади. Низом ушбу шахслардан солиқ қарзини ундириш тартибини таърифлайди.
3. Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартиришда манфаатдор шахсларнинг молиявий ҳолатини таҳлил қилиш тартиби тўғрисидаги низом
Ушбу ҳужжатга асосан солиқ органи фақат қарздор томонидан солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисида ариза берилгандан кейин томонларнинг молиявий ҳолатини таҳлил қилади.
Низомда тартиб-таомилни ишга тушириш учун асослар, уни ўтказиш усуллари, натижаларга таъсир кўрсатадиган омиллар (солиқни бир йўла тўлаш натижасида манфаатдор шахснинг тўлов қобилиятини йўқотганлиги (банкрот) аломатларининг пайдо бўлиши хавфи) баён этилган.
Кутилишича, мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши қарздорнинг мол-мулкини олиб қўйиш тўғрисидаги СК нормасининг бажарилишини таъминлайди, шу жумладан - қарздор томонидан учинчи шахсларга ўтказилган даромадни олиб қўйиш ҳисобига.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин. Ҳавола бўйича муҳокамада иштирок этиш мумкин.
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади