Камерал ва сайёр божхона аудити кимларга нисбатан ўтказилади

preview

Вазирлар Маҳкамаси томонидан Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди . Божхона аудити мақсадларидан қатъи назар, камерал ёки сайёр шаклда, декларант, ташувчи, молиявий тартибга солиш мажбуриятларини ўз зиммасига олган шахслар ва бошқа субъектларга нисбатан ўтказилади. Батафсил – norma.uz портали шарҳида:


Айтиб ўтилган шахслардан ташқари қуйидаги ваколатли шахсларга нисбатан ҳам божхона аудити ўтказилади:

  • божхона омбори бўлмаган жойларда товарларни божхона назоратида сақлаётган шахс;
  • божхона омбори, бож олинмайдиган савдо дўкони ва эркин омбор эгалари;
  • чиқариб юборилган товарларни сотиб олувчилар;
  • ваколатли иқтисодий оператор;
  • ваколатли шахснинг барча молиявий ва ҳуқуқий мажбуриятларини ўз зиммасига олган шахслар.

Божхона аудити товарларнинг божхона назорати остида бўлиши муддати тугаган пайтдан эътиборан 3 йил давомида амалга оширилиши мумкин. Божхона аудити бўйича ҳужжатлар «Bojxona auditi» тизимида қайд этиб борилади.

Айнан бир товарга нисбатан такрорий божхона аудити ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Камерал божхона аудити ва сайёр божхона аудитини ўтказиш муддатлари тегишинча 10 ва 30 иш кунидан ошмаслиги лозим.

Камерал божхона аудитини ўтказиш учун «Bojxona auditi» тизимидаги қуйидагилар асос бўлади:

  • божхона органлари ахборот дастурларининг маълумотлари таҳлили натижасида камерал божхона аудитини ўтказиш бўйича аниқланган хавф даражалари;
  • хорижий давлатларнинг тегишли органларидан олинган маълумотларнинг ДБҚдаги маълумотларга мос келмаслиги.

Сайёр божхона аудити текширувларни рўйхатга олиш ягона тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли вакилини хабардор қилган ҳолда ўтказилади.

Сайёр божхона аудитини ўтказиш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:

  • божхона органлари ахборот дастурларининг маълумотлари таҳлили натижасида сайёр божхона аудитини ўтказиш бўйича аниқланган хавф даражалари;
  • божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши мумкинлигини кўрсатувчи камерал божхона аудити натижалари;
  • божхона органлари талабига асосан белгиланган муддат хабарномада кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ва (ёки) маълумотларнинг тақдим этилмаслиги;
  • камерал божхона аудити натижалари бўйича тузилган далолатнома юзасидан ваколатли шахснинг эътирози бўлган саволларга аниқлик киритиш зарурати юзага келганда.

Ҳужжат Президентнинг 5.06.2020 йилдаги «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-6005-сон Фармонига мувофиқ қабул қилинди.

Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом жорий йилнинг 1 майидан кучга киради. 


Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва
25.02.2021 йилдан кучга кирди.
                                                                                                            

norma.uz материали асосида.

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text167953_kameral_va_sayer_bojhona_auditi_kimlarga_nisbatan_utkaziladi