Полезное для бухгалтера в ноябре:
Электрон шаклдаги шартномани қандай тузиш мумкин? Янги функционални синовдан ўтказамиз
Электрон ҳужжатлар айланиши (электрон ҳисобварақ-фактуралар) операторлари сайтларида янги хизмат ишга туширилади, у хўжалик шартномаларини тўлақонли электрон ҳужжат сифатида шакллантириш ва тузиш имконини беради. Buxgalter.uz янги функционалнинг имкониятларини ўрганиб чиқди.
Муҳим жиҳати: энди бундай турдаги ҳужжат синхронлаштирилади ва роуминг-операторга - «Янги технологиялар» ИАМга юборилади. Бу ЭҲА (ЭҲФ) турли операторларининг мижозлари шартнома тарафлари бўлиши мумкинлигини англатади.
Ҳозирда кўпчилик электрон ҳужжатлар айланиши операторларида электрон шартномаларни тузиш функционали жорий этиш босқичида турганлигини ҳисобга олиш лозим. Шу боисдан, электрон шартномаларни тузиш жараёни муваффақиятли якунланиши учун тегишли функционал сизнинг операторингизда ва контрагентингизнинг операторида ҳам бўлиши лозим.
Айни пайтда бундай функционал soliqservis.uz ва didox.uz да мавжуд. Яқинда бошқа операторлар ҳам уни ишга туширишни ваъда қилишмоқда. Хусусан, 1uz.uz да («1UZ КУРЬЕР» савдо маркаси) мазкур функционал кейинги ҳафта ишга туширилиши кутилмоқда.
Тизим электрон шартномаларни «Электрон ҳужжатлар айланиши тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ расмийлаштириш имконини беради. Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ бундай ҳужжат қоғоз шаклидаги ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга бўлади.
Тузилган электрон шартномалар роуминг-операторнинг серверларида сақланади ва имзоланган пайтидан бошлаб улардан 10 йил мобайнида, ЭҲА операторлари серверида эса 5 йил мобайнида фойдаланиш мумкин бўлади.
Ҳужжат шаклига (электрон ёки қоғоз кўринишида) оид қарор, агар қонун ҳужжатларида бундай турдаги шартномаларга алоҳида талаблар белгиланмаган бўлса, битим тарафлари томонидан қабул қилинади.
Контрагентлар, масалан, олисдаги турли аҳоли пунктларида жойлашган ҳолатларда ЭҲА тизими орқали шартнома тузиш қулай бўлади. Ахборот технологиялари вақтни тежашга ва ҳатто тарафлар қўшни биноларда жойлашган тақдирда ҳам, шартнома тузиш жараёнини янада қулай бўлишига ёрдам беради. Контрагент ўзига қулай вақтда ҳужжатни кўриб чиқиши мумкин.
Дарвоқе, юристларимиз томонидан шартнома тузишдан олдин солиқ органларининг талабларига мувофиқ контрагентни қандай текшириш ҳақида батафсил тавсиялар берилган эди. Вuxgalter PRO обуначилари улардан тўлиқ фойдаланишлари мумкин.
Шартнома тузишдан олдин Ўзбекистон ва хорижий компаниялардан қандай ҳужжатлар сўралиши лозимлиги ҳақида бу ерда ва бу ерда ўқинг.
Электрон шартномалар бўйича янги функционал қандай ишлайди?
Моҳиятига кўра бу турли мазмундаги шартномани тузишга имкон берувчи конструктор ҳисобланади. Электрон шартномани тузишга киришиш учун операторингизнинг сайтидаги тегишли тугма босилиши лозим. Турли операторларда у турлича номланади («Шартномани тузиш», «ДСҚ шартномаси» ва ҳ.к.).
Кейин тизим электрон шартноманинг таркибий қисмлари шаклларини тўлдиришни таклиф этади. Уларни интерфейсда тақдим этилган тартибда кўриб чиқамиз:
- шартнома рақами, тузилган жойи, тузилган санаси ва амал қилиш муддати. Хоҳишингизга қараб шартномага ном бериш мумкин;
- тарафларнинг реквизитлари. Электрон шартнома тузиш ташаббуси билан чиққан тарафнинг шакли автоматик тарзда тўлдирилади. Сиз тегишли сатрга контрагентнинг СТИРини киритганингиздан кейин унинг шакли тўлдирилади.
Реквизитлар учун шакл ДСҚ ахборот тизимида мавжуд бўлган солиқ тўловчилар бўйича ҳисоб маълумотларига мувофиқ тўлдирилади. Зарурат туғилганда, мазкур ахборотга қўлда тузатиш киритиш мумкин. Масалан, сизнинг ҳолатда шартномани электрон шаклда расмийлаштириш ташаббуси билан чиққан ташкилот номини қўлда киритишга тўғри келади.
Муҳим жиҳати шундаки, тизим икки томонлама ва уч томонлама шартномаларни тузишга ҳам мослаштирилган. Учинчи томоннинг реквизитлари учун шакл махсус тугма босилганидан кейин очилади. Бунда киритиладиган шартнома тарафларининг сони чекланмаган;
- кейин – шартнома бўйича харид қилинадиган товарлар ва хизматлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатиладиган жадвал очилади. Ҳар бир позиция тагида алоҳида сатр келтирилган, сатрлар сони интерфейснинг махсус тугмалари ёрдамида тартибга солинади. Ҳар бир товарга (хизматларга) нисбатан қуйидаги маълумотларни тўлдиринг:
a) товар (хизмат) номи,
b) Ягона миллий товарлар (хизматлар) электрон каталоги бўйича идентификация коди ва номи. Қулай бўлиши учун тизимда илгари сиз электрон ҳисобварақ-фактураларни тақдим этишда фойдаланган кодларингиздан кераклисини танлаш таклиф этилади. Агар сиз янги товарга шартнома тузадиган бўлсангиз, уни https://tasnif.soliq.uz/classifier/ сайтида «танланганлар»га қўшишингиз керак.
c) товарнинг штрих-коди (GS1 штрих-кодларига эга бўлган товарлар учун тўлдирилади);
d) товарнинг ўлчов бирлиги (кўрсатиладиган ҳаволадан танланг). Рўйхатда мос келадиган ўлчов бирлиги мавжуд бўлмаса, [email protected] электрон почтаси орқали «Янги технологиялар» ИАМга сизга зарур бўлган ўлчов бирлигини қўшишни сўраб далиллар келтирилган хатни юборишингиз мумкин;
e) миқдори;
f) нархи;
g) етказиб бериш қиймати.
Материал тайёрланаётган вақтда https://didox.uz/ сайтидаги жадвалда ҚҚС ва акциз солиғи бўйича маълумотларни кўрсатиш учун устун келтирилган эди;
- кейин – тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўз ичига олган шартнома матни учун шакллар, низоларни ҳал этиш тартиби, шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби, форс-мажор ҳолатлар шартлари ҳамда қоғоз шаклидаги оддий шартномада бериладиган бошқа бўлимлар.
Шартноманинг ҳар бир банди тагида алоҳида шакл таклиф этилади, унга банд номи (масалан, «Тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари») ва қуйида – банд (кичик бандлар) матни киритилиши лозим. Бандлар сони, уларнинг кетма-кетлиги ва мазмуни шартнома тузувчи тарафларга боғлиқ бўлади.
Шартнома матни тайёр бўлгач, «Сақлаш» тугмасини босинг (унинг матни қоралама нусха шаклида сақланади). Кейинчалик ундан тайёр шаблон сифатида фойдаланиш, тузиладиган шартномадан келиб чиққан ҳолда унга фақат ўзгартириш киритиш мумкин бўлади.
Электрон шартнома юридик шахснинг ЭРИси билан имзоланади. Бунда шартнома қайси ходим номига берилгани тизим учун муҳим аҳамият касб этмайди. Ташкилот раҳбари (ҳисоб маълумотларига мувофиқ) шартномани жисмоний шахснинг шахсий ЭРИси ёрдамида имзолаши мумкин.
Шартномани биринчи бўлиб унинг матнини ахборот тизимига киритган тараф имзолайди. Имзоланганидан кейин шартнома дарҳол контрагентга (контрагентларга) юборилади.
Шартноманинг иккинчи (учинчи) тарафларига қуйидаги имкониятлар берилади:
- унинг матнига тўлиқ розилик билдирилганда – уни имзолаш;
- эътирозлар бўлганда – сабаблари кўрсатилган ҳолда уни рад этиш.
Контрагент шартномани рад қилса, уни тузиш жараёни қайта такрорланади.
Buxgalter.uz «Янги технологиялар» ИАМ хизматини такомиллаштириш учун қуйидагиларни амалга ошириш лозим деб ҳисоблайди:
- электрон шартномалар тузиш тизимини тарафлар томонидан шартнома имзолангунига қадар уни келишиш имконини яратувчи функционал билан тўлдириш;
- шартномаларга қўшимча битимлар тузиш имкониятини яратиш;
- зарурат туғилганда шартномаларни серверда 10 йилдан ортиқ муддат сақлаш имкониятини кўриб чиқиш.
Бундан ташқари, ЭҲА операторлари томонидан фойдаланувчилар учун батафсил йўриқномалар (шу жумладан видео билан бирга) ишлаб чиқилиши лозим. Бу айнан операторлар томонидан амалга оширилиши муҳим саналади, чунки уларнинг ҳар бирида фойдаланувчиларда саволлар юзага келишига сабаб бўладиган ўзига хос жиҳатлар мавжуд. Мазкур йўриқномалар фойдаланувчилар учун тушунарли бўлиши лозим.
Олег ГАЕВОЙ.