Полезное для бухгалтера в ноябре:
ДСҚ сервислари яхши ишламай қолганда бухгалтер қандай йўл тутиши лозим?
Нима учун «Контрагентнинг солиқ қарзини текшириш» сервисида қарзи мавжуд бўлмаган корхоналар қарздорлар рўйхатида кўрсатиляпти? ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобининг янги шаблони билан ишлаш тартиби қандай? Ҳисобот топширишда ҳамда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишга ариза берилганда хато тузилган ҳисобварақ-фактураларга тузатиш киритишни расмийлаштиришга оид муаммолар қандай ҳал этилади? Булар солиқ органларининг ахборот тизимлари билан ишлашда солиқ тўловчилар тўқнаш келган муаммоларнинг айримлари холос. Buхgalter.uz бухгалтерлар билан суҳбатлашиб, бу муаммоларни ҳал этиш йўлларини топишга уриниб кўрди.
ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китоби қандай топширилади
Бухгалтерия гуруҳларида ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобини топшириш масаласи қизғин муҳокама қилинмоқда. Маълум бўлишича, Ҳисоб-китобнинг янги шаблони билан ишлаш тартиби, у ёки бу мураккабликларни қандай енгиб ўтиш ҳақидаги маълумотларнинг мавжуд эмаслиги муаммоларга сабаб бўлмоқда.
Бухгалтерларни қуйидаги масалалар хавотирга солмоқда:
- Нега тизим бириктирилаётган файлни қабул қилмаяпти ва хатони қандай тузатиш мумкин?
- Эски шаблондан фойдаланган ҳолда Ҳисоб-китобни топширганлар нима қилиши керак? Мазкур ҳолатда уни қайта топшириш лозимми?
- Тўлов топшириқномаси шаклини тўлдиришда қандай солиқ кодини танлаш керак?
Зарурат бўлганда, ДСҚ ва унинг тузилмавий бўлинмаларига қўнғироқ қилиб тушиб бўлмайди, линия ҳар доим банд бўлади. Муайян йўриқномалар ва мутахассисларнинг тушунтиришлари ҳам берилмаган.
Корхонада ШҲК бўйича қарз йўқ, лекин у қарздор сифатида акс эттирилган
Сўнгги пайтларда лозим даражада эҳтиёткорлик зарурлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Бунинг натижасида контрагентнинг ишончлилигини текширишга имкон берадиган давлат органларининг сервисларига талаб ортмоқда. Бироқ улар ҳар доим ҳам ишончли маълумотларни бера оладиларми?
Вазият:
Бош бухгалтер Наталья Т. ДСҚ сайтида «Контрагентнинг солиқ қарзини текшириш» янги сервиси борлигини билиб олди. Қизиқувчанлигим устун келиб, аввало директорнинг топшириғига биноан шартномаларни тузишдан олдин контрагентни текшириш учун сервисдаги излаш хизматига ташкилотимиз СТИРини киритдим. Шунда уни қарздорлар рўйхатида эканлигини кўрдим. Корхонанинг солиқлар тўлови бўйича қарзи йўқ эди.
ДСҚ call-марказда тушунтиришларича, тизимдаги маълумотлар солиқ тўловчининг шахсий ҳисобрақамларидаги карточкалардан олинган. Солиқ тўловчининг шахсий кабинетида шахсий ҳисобрақамлардаги карточкалардан кўчирмаларни текширишда қарздорлик тасдиқланмади: солиқлар бўйича қарз йўқ экан.
Бухгалтер ДСҚдаги маълумотлар ноаниқ эканлиги ҳақида хабар берди, унга текшириб чиқиб ноаниқликларни бартараф этишни ваъда қилишди. Мақола чиқарилаётган вақтда сервис ёпиқ эди. Бунда қуйидаги саволлар келиб чиқади:
1. Натальянинг корхонаси тўғрисидаги нотўғри маълумотларни қанча солиқ тўловчи олган экан?
2. Ахборот тизимидаги бундай хатоликлар туфайли ушбу корхонада ва бошқаларида қандай оқибатлар юзага келиши мумкин?
Тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактурани тақдим этишнинг имкони бўлмади
Бугун эрталаб тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактураларни жўнатиш чоғида тизимда «ДСҚ томонидан рад қилинди: «Тузатилган» туридаги ҳисобварақ-фактураларни жўнатиш» хизмати вақтинча тўхтатилган». Ҳужжат қоралама нусхада сақлаб қўйилди» деган хабар акс этди. «Тузатилган» туридаги ҳисобварақ-фактуралар даъво муддати давомида хатоларни тузатиш учун исталган вақтда керак бўлиши мумкин.
Бош бухгалтер Елена Г. рад қилинди деган хабарни олди, у бугун НҲҲларда ва ДСҚнинг тушунтиришларида батафсил ёритилмаган жиҳатлар туфайли юзага келган муаммоларни узил-кесил ҳал этишига ишонган эди:
- 2020 йил якунлари бўйича Еленанинг корхонаси январ ойидан ҚҚС ва фойда солиғи тўловчисига айланганлиги маълум бўлди.
- Янги йилнинг дастлабки иш куни – 4 январда бош бухгалтер ишни, аввало, муддатида улгуриш учун ҚҚС тўловчиларини махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга асосланиб ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза беришдан бошлашга уриниб кўришдан бошлади. Бироқ буни «ҚҚC тўловчиси сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш» хизмати ёрдамида амалга ошириш кераклиги ҳақида ҳеч қаерда қайд этилмаган. Бухгалтер буни ўзи билганича амалга оширди: НҲҲдаги шаклни қоғозга чиқарди, уни тўлдириб шахсий кабинетнинг «Мурожаатларни жўнатиш» функционали орқали юборди.
- Бир неча кундан кейин у хатни кўриб чиқиш жараёнини аниқлаштириб олиш учун туман солиқ органига қўнғироқ қилди. ДСИ ходимлари мурожаат келганлигини тасдиқладилар, бироқ ҳеч ким уни нотўғри юборилганини айтмади. Уни кўриб чиқиш юзасидан рад жавоби ҳам юборилмаган. Айнан шу ҳолатлар корхонанинг ҚҚС тўловчи сифатида 1 февралдан ҳисобга қўйилишига сабаб бўлган. Бу ҳисобварақ-фактуралар ва январь ойи учун ҳисобот юзасидан муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлди.
- ҚҚС тўловчисини рўйхатдан ўтказиш кодисиз ҳисобварақ-фактурани ҚҚС билан тақдим этишнинг имкони бўлмайди. Контрагентлар кейинчалик бухгалтер томонидан тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактура тақдим этилиши шарти билан ҳисобварақ-фактурани ҚҚСсиз қабул қилишга рози бўлдилар. Бироқ буни амалга оширишнинг имкони бўлмади. Тизим «ДСҚ томонидан рад қилинди: «Тузатилган» туридаги ҳисобварақ-фактураларни жўнатиш» хизмати вақтинча тўхтатилган». Ҳужжат қоралама нусхада сақлаб қўйилди» деган хабарни кўрсатди.
- Елена январь ойи учун ҳисоботни ҳам муддатнинг охиригача топшира олмади, бу ишни мустақил уддалашнинг имкони бўлмади, бунга январь ойида ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилмаганлиги сабаб бўлди. Ҳақиқатан ҳам, охир-оқибатда бу ишларнинг ҳаммасини муваффақиятли якунлашга эришилди. Ҳисобот топшириладиган сўнгги кунда шаҳар солиқ бошқармасидан қўнғироқ қилиб, нега корхона ҳисобот топширмаётганлигига қизиқишди. Инспектор ҳисоб-китобни топширишда ва барча қийинчиликларни енгиб ўтишда кўмаклашди.
Махсус тайёргарликдан ўтмаган бухгалтер дастурни ишлаб чиқувчи ёки дастурнинг барча жиҳатларини яхши биладиган мутахассиснинг ёрдамисиз бундай топшириқни уддалай олмади. Тизим ҳар гал ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтилмаганлиги ҳақида хабар бераверди, бундай ҳолатда нима қилиш кераклиги ҳақида расмий йўриқномалар мавжуд эмас.
Ахборот тизимлари солиқ тўловчи учун мураккабликлар туғдирмаслиги учун нима қилиш керак?
Оптимал вариант сифатида қуйидаги алгоритм таклиф этилади:
- Инновацияларни жорий этиш ишларини режали комплекс асосда ташкил қилиш.
- Дастурий таъминотга киритиладиган ҳар қандай ўзгартиришларни тайёрлашда жиддий ёндашувни таъминлаш, бунда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва бошқа дастурлар билан ўзаро алоқадорлигига оид барча масалаларнинг ҳал этилиши ҳисобга олиниши лозим.
- Бир тизимга белгиланган давридан олдин турли ўзгартиришларни киритиш амалиётидан воз кечиш. Масалан, ҳисобот шаклларига ўзгартиришлар бир йилда камида бир марта киритилишини белгилаш.
- Тўлақонли йўриқномаларни тайёрлаш ва чиқаришдан олдин инновациларни жорий қилиш амалиётидан воз кечиш, мазкур йўриқномаларда ушбу инновация қандай ишлаши ҳақида аниқ маълумот берилиши ҳамда солиқ тўловчида бу борада юзага келиши мумкин бўлган саволларга жавоблар келтирилиши лозим.
Олег ГАЕВОЙ.