Полезное для бухгалтера в ноябре:
ННТ ходимлари тўловсиз ишлашяпти. Солиқчиларга қандай тушунтириш лозим
ННТ ўз ходимларига иш ҳақи ҳисобламайди ва тўламайди, сабаби улар “жамоатчилик асосида” жалб қилинган. Ташкилот ҳеч қандай даромад олмайди. Шунга қарамай иш ҳақи ва ЖШДС ҳисоблаш борасида доим низолар юзага келади. Нотижорат жамият иш ҳақи ҳисоблаши ва ундан солиқлар тўлаши шартлиги ёки шарт эмаслигини юрист Икром АБДУЛҚОДИРОВ тушунтирди:
- Саволга жавоб жисмоний шахслар билан муносабатлар юридик жиҳатдан қандай расмийлаштирилганлигига ҳамда уларнинг иши нимадан иборат эканлигига боғлиқ.
Меҳнатга оид муносабатлар
Саволда кўрсатилганидек, ННТга жалб қилинган жисмоний шахслар “ходимлар” деб номланади. МКнинг 14-моддаси маъносига биноан ходим - бу иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузган фуқаро. Бунда ходимлар учун меҳнат ҳуқуқларининг ва кафолатларининг энг паст даражаси қонунлар билан белгилаб қўйилади .
Жумладан, масалан, ҳар бир шахс адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга . Меҳнат шартлари деганда меҳнат жараёнидаги ижтимоий ва ишлаб чиқариш омилларининг жами тушунилади. Ижтимоий омиллар жумласига, хусусан, меҳнат ҳақи миқдори киради .
Ойлик меҳнат ҳақи Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас . Ва агар иш ҳақи ҳисобланган бўлса, унга ЖШДС солиниши керак .
Волонтёрлик
Агар ННТга жалб қилинадиган жисмоний шахслар волонтёрлик билан шуғулланса, ёндашув ўзгача бўлади. Яъни - ихтиёрий ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган, эркин хоҳиш-иродага кўра бажариладиган, бепул асосда жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб амалга ошириладиган.
“Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ волонтёрлик волонтёр ва волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси ўртасида ушбу ёзма шаклда тузилган шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.
Ташкилотчи, агар у волонтёрлик фаолияти билан ойига 20 соатдан кўпроқ банд бўлса, волонтёр билан волонтёрлик шартномасини тузиши шарт.
Волонтёрлик шартномаси икки нусхада расмийлаштирилади, улардан бири волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчисида, иккинчиси - волонтёрда сақланади.
Волонтёрлик шартномаси қуйидагиларни ўз ичига олиши керак :
- волонтёр амалга оширадиган фаолиятнинг тавсифи;
- бундай фаолиятни амалга ошириш даври;
- иш соатлари ва кунлари;
- ишониб топширилган моддий қимматликларнинг қиймати кўрсатилган ҳолдаги тавсифи;
- шартнома тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
- волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси томонидан бериладиган имтиёзлар;
- белгилаб қўйиладиган касбий талаблар, ижтимоий кўникмалар, ривожланиш манфаатлари, зарур бўлганда - соғлиғининг ҳолатига доир талаблар;
- тарафларнинг етказилган зарар учун жавобгарлиги;
- шартномани бекор қилиш ва уни ҳақиқий эмас деб топиш шартлари.
Волонтёрлик шартномасини бир томонлама тартибда бекор қилиш ҳам волонтёр томонидан, ҳам жалб этилган ташкилот томонидан бу ҳақда 7 кун олдин дастлабки тарзда хабардор қилиш шарти билан амалга оширилиши мумкин. Шартномани бекор қилиш сабабларини кўрсатиш шарт эмас, агар волонтёрлик шартномасида бошқача қоида белгиланмаган бўлса.
ННТда ҳеч бўлмаганда бир нафар ходим - раҳбар бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Тегишинча, унга иш ҳақи ҳисобланади, ЖШДС ушлаб қолинади ва бюджетга тўланади. Шунингдек, ННТ иш ҳақи суммасига 12% ставка бўйича ижтимоий солиқ ҳисоблайди .
Раҳбардан ташқари ишга волонтёрлик фаолиятини амалга оширадиган жисмоний шахслар ҳам - шартнома тузиб ёки тузмасдан, агар аниқ инсоннинг волонтёрлиги ойига 20 соатдан кам - бир иш кунида бир соатдан кам давом этса, жалб қилиниши мумкин.
Амалиётда бошқа мутахассисларда мазкур масала бўйича ўзгача фикрлар бўлиши мумкин.