Онлайн-НКМ (виртуал касса) чекидаги хато қандай тузатилади. Қадамма-қадам йўриқнома

preview
Эътибор беринг
ДСҚ илтимосига биноан қадамма-қадам йўриқноманинг 7-бандига тугмага босиш тартиби қисмида тузатиш киритилди.

Солиқ тўловчининг шахсий кабинетида онлайн-НКМ (виртуал касса) чекидаги хатони тузатиш имконини берадиган функционал пайдо бўлди. Бу қандай ишлашини buxgalter.uz илтимосига биноан  «Янги технологиялар» ИАМ бўлим бошлиғи Шерзод ТЕШЕБАЕВ гапириб берди:


- “Амалиётда назорат-касса техникаси чекини шакллантиришда кўпинча хатога йўл қўйилади. Оператор товар номи, сони, қийматини ёки тўлов шаклини (нақд ёки терминал орқали) нотўғри кўрсатиши мумкин. Баъзан ҚҚС тўловчи бўлмаганлар солиқ ставкаси ва суммасини кўрсатишади, тўловчилар эса, аксинча, ушбу ахборотни кўрсатишни унутишади. Буларнинг барчаси бузиб кўрсатишга олиб келади, улар, қоидага кўра, кейинчалик солиқ текширувлари доирасида аниқланади.

Илгари онлайн-НКМ ва виртуал касса тизими чеклардаги хатоларни тузатиш имконини бермаган. Ҳозир бундай имконият мавжуд: янги функционал ва тартиб синовдан ўтказилмоқда, улардан фойдаланиш мумкин.

Агар чекда хатога йўл қўйилган бўлса, чекда ҚҚС бўйича маълумотни акс эттириш билан боғлиқ бўлмаган вазиятларда сотувчи аниқланган ҳолат тўғрисида ва онлайн-НКМ (виртуал касса) маълумотларига ўзгартиришлар киритиш чорасини кўриш сўралган аризани онлайн-НКМ (виртуал касса) рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органига топшириши керак.

Аризада (намунага қаранг) рўй берган ҳолатни тушунтиринг (тушунтириш хати) ва маълумотларга тузатиш киритиш заруратини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилинг.

Солиқ органи ходими аризани ўрганиш натижалари бўйича чекда ҳақиқатан хатога йўл қўйилганлиги ҳақида асосланган маълумотнома бериши керак. Маълумотнома қўлингизда бўлгандан кейин, шахсий кабинет функционали ёрдамида хатони тузатишга киришиш мумкин.

Агарда тузатишлар чекда ҚҚС бўйича маълумотни акс эттириш билан боғлиқ бўлса, қуйидаги функционалдан фойдаланинг.

Қадамма-қадам йўриқнома:

1. Солиқ тўловчининг-чеки хато билан берилган онлайн-НКМ (виртуал касса) эгасининг шахсий кабинетига киринг.

2. “ЮШ онлайн-НКМ ва виртуал кассаси тўғрисида ахборот” хизматини танланг.

3. Очилган менюда “Чекка тузатиш киритиш”ни танланг.

4. Тегишли майдонларда савдо шохобчаси номи, фискал модуль IDси ва тузатиш киритиш зарур бўлган чек рақамини кўрсатинг. “Излаш”га босинг. Экранда изланган чекнинг маълумотлари очилади.

5. Хатони тузатинг. Бунинг учун тегишли сатрда хато маълумотлар ўрнига тўғри маълумотларни кўрсатинг. Қуйидагиларни тузатиш мумкин:

  • чек бўйича сотилган товарнинг сони;
  • товарнинг қиймати ва ҚҚС суммаси;
  • чек бўйича умумий маълумотлар: тўлов усули (нақд/терминал бўйича).

6. Ҳужжатларни илова қилинг («zip» ёки «rar» форматда):

  • агар ҚҚС тўловчи чекда ҚҚСни кўрсатмаган бўлса - ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома;
  • агар айланмадан олинадиган солиқ тўловчи чекда ҚҚСни кўрсатган бўлса - солиқ органларининг субъект айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси эканлиги тўғрисида маълумотномаси;
  • бошқа вазиятларда - солиқ органларига хатони тузатиш тўғрисида мурожаат қилиш (ариза) ҳолати бўйича жавоб хати ва хато ҳолатини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар. “Ҳисоблаш” тугмасига босинг.

 

Эътибор беринг
Агар солиқ органи сизнинг аризангиз бўйича ижобий қарор қабул қилса, чекнинг фискал маълумотлари ўзгаради. Акс ҳолда тузатиш киритиш рад этилади.

 

7. Чекнинг маълумотлари ўзгаргандан кейин солиқ тўловчининг шахсий кабинетининг худди шу “ЮШ онлайн-НКМ ва виртуал кассаси тўғрисида ахборот” интерактив хизматида қуйидаги операцияларни амалга оширинг:

  • менюда “Тушумлар бўйича ҳисобот”ни танланг;
  • “Янгилаш” тугмасига босинг;
  • фискал модуль IDси ва маълумотлар янгиланиши керак бўлган даврни кўрсатинг;
  • “Янгилаш” тугмасига босинг.

Сиз кўрсатилган давр учун янгиланган ҳисобот маълумотларини кўрасиз.

Buxgalter.uz тавсия қилади
Онлайн-НКМ ва виртуал касса чекини сотувчи ва харидор дарҳол хариддан кейин текширишлари керак. Ва агар хато аниқланса, сотувчи дарҳол уни тузатиш чораларини кўриши керак.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Нақд ҳисоб-китоб Нақд ҳисоб-китоб Нақд ҳисоб-китоб /ru/publish/doc/text169129_onlayn-nkm_virtual_kassa_chekidagi_hato_qanday_tuzatiladi_qadamma-qadam_yuriqnoma