Полезное для бухгалтера в ноябре:
Агар онлайн-НКМ HUMOни қўллаб-қувватламаса, нима қилиш керак
Агар онлайн-НКМ фақат битта тўлов тизими тўловларини қабул қилса, нима қилиш керак? Масалан, фақат Uzcard? Мижозларни йўқотмаслик ва солиқлар бўйича ҳисоб-китобларда онлайн-НКМ маълумотларини автоматик тарзда акс эттиришда муаммо бўлмаслиги учун қандай йўл тутиш зарур? Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга ДСҚ Солиқ назорати департаменти сайёр солиқ текширувлари бошқармаси инспектори Неъматжон РАҲМОНОВ жавоб берди:
- Сотувчи, лозим бўлганидек, сотиб олувчилардан нақд шаклда ёки тўлов терминали ёрдамида тўловлар қабул қилинадиган барча ҳолларда онлайн-НКМ чекини бериши керак .
Банк картаси билан ҳисоб-китобларда сотувчи сотиб олувчига иккита чек - терминал чеки ва онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекини бериши керак. Истисно - савдо шохобчаси терминал бўйича тўловларни қабул қилиш функцияси билан жиҳозланган ҳол. Бу ҳолда терминал чеки ва онлайн-НКМ чекининг барча реквизитларини ўз ичига оладиган битта чек берилиши мумкин.
Бироқ шуни инобатга олиш лозимки, бундай “гибрид” онлайн-НКМнинг барча моделлари ҳозирча тўлов тизимларидан бири: ёки Uzcard ёхуд HUMO тўловларини қабул қилишни қўллаб-қувватлайди. Бинобарин, сизнинг онлайн-НКМ қўллаб-қувватламайдиган тизимнинг тўловларини қабул қилиш учун ёки ушбу тизим карталари билан ишлашни қўллаб-қувватлайдиган яна битта онлайн-НКМни ёхуд мазкур тизимнинг терминалини ўрнатиш зарур. Масалан - Humo карталаридан ёки Humo терминалидан тўловларни қабул қилишни қўллаб-қувватлайдиган иккинчи онлайн-НКМни.
Агар Humo карталаридан тўловлар терминал ёрдамида қабул қилинса, терминал чеки билан бирга ўзингизнинг “гибрид” онлайн-НКМ ёрдамида урилган онлайн-НКМ чекини ҳам беринг. Бу ҳолда худди сизнинг онлайн-НКМ умуман пластик карталар бўйича тўловларни қабул қилишни қўллаб-қувватламаганда сиз йўл тутадиган тарзда ҳаракат қилиш зарур. Яъни дастлаб тўловни терминал ёрдамида қабул қиласиз, кейин эса гибрид онлайн-НКМ ёрдамида фақат онлайн-НКМ чекини урасиз.
Қандай қилиб бундай операцияни онлайн-НКМнинг аниқ модели ёрдамида амалга оширишни, сиз хизмат кўрсатиш шартномасини тузган ТХКМда айтиб беришади. Аксарият ҳолларда бунинг учун битта тугмага қўшимча равишда босиш талаб этилади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади