Covid-19 да касаллик варақаси бўйича қандай миқдорда тўлаш керак

preview

 

Эътибор беринг
Ўқувчиларнинг илтимосига биноан материал “COVID-19” билан касалланганда карантин марказларида эмас, балки амбулатор ёки стационар даволанишда бўлган ҳоллар вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаларида кўрсатилган “карантин” ифодаси остига тушиши масаласи бўйича экспертларнинг тушунтириши билан тўлдирилди.

Ходимнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида “Covid-19” ташхиси кўрсатилган. Унга 19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сон Фармоннинг 16-бандига асосан “касаллик варақаси” бўйича иш стажидан қатъи назар иш ҳақининг 100% миқдорида нафақа тўлаш мумкинми? Буни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Александр НАВОТНИЙ тушунтирди:

 

 

- ПФ-5969-сон Фармоннинг 16-бандида белгиланишича, қуйидагиларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100%и миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади:

  • коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар),
  • шунингдек

  • уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга.

Агар ходимнинг ўзи Covid-19 билан касалланган бўлса, “касаллик варақаси” бўйича тўлов унга умумий қоидаларга мувофиқ Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 26-28-бандларига мувофиқ тўланади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қуйидаги миқдорларда тўланади:

  • умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга ҳамда 21 ёшга етмаган чин (сағир) етимларга - иш ҳақининг 80%и миқдорида;
  • умумий иш стажи 8 йилгача бўлган ходимларга - иш ҳақининг 60%и миқдорида.

Бунда:

  • ходимларнинг айрим тоифаларига нафақа иш стажининг давомийлигидан қатъи назар, иш ҳақининг 100%и миқдорида тўланади ;
  • ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар (сил касаллиги, онкология касалликлари, янгидан пайдо бўладиган хатарли ўсимталар, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар, СПИД, мохов (лепра) касаллиги, руҳий касалликлар) бўйича ҳисобда турган ходимларга умумий иш стажининг давомийлигига боғлиқ равишда нафақа оширилган миқдорларда тўланади .

Нафақа миқдори вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган кунгача, меҳнат дафтарчаси ёки ходимнинг иш стажи тўғрисида далолат берувчи бошқа ҳужжат маълумотлари асосида аниқланади".

 

Таҳририятдан:

Ташкилотлар жамоа шартномасида  “касаллик варақаси”га қўшимча тўловни назарда тутишлари, шунингдек даволаниш учун моддий ёрдам тўлашлари мумкин   .

Бунда касаллик варақаси бўйича нафақадан фарқли ўлароқ қўшимча тўловларга ижтимоий солиқ солинади.

 

“Норма” юридик хизматидан аниқлаштириш:

19.03.2020 йилдаги ПФ-5959-сон Фармонга мувофиқ Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.) ўзгартиришлар киритилди. Уларга асосан:

  • юқумли, паразитар касалликлар билан зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан тиббиёт муассасасида карантинга олинган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига тегишли даволаш-профилактика муассасаси томонидан берилади;
  • касалликлар билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада карантинга олинган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудий бўлинмалари эпидемиологик ёки санитар врачи томонидан берилади;
  • уй шароитида карантинга олинган шахсларга ҳамда карантинга олинган шахсларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига уларнинг яшаш жойидаги поликлиника томонидан берилади (Йўриқноманинг 46-б.).

Юқорида баён этилганларга асосан нафақат мажмуада (марказда) карантинга олинганлар, балки тиббиёт муассасаларида, шунингдек уй шароитида бўлганлар ҳам карантинга олинган ҳисобланади.

 

 

 

Ходимлар билан ҳисоблашиш Ходимлар билан ҳисоблашиш Ходимлар билан ҳисоблашиш /ru/publish/doc/text172885_covid-19_da_kasallik_varaqasi_buyicha_qanday_miqdorda_tulash_kerak