Қандай товарларга божхона божлари солинмайди

preview

Бир қатор олиб кириладиган товарлар ва транспорт воситалари учун божхона божи бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2024 йил 1 январга қадар узайтирилди. Бу Президентнинг 30.09.2021 йилдаги “Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6318-сон Фармонида назарда тутилган.

 

Хусусан, қуйидагилар учун божхона божи бўйича имтиёз сақланиб қолади:

  • юридик шахслар томонидан, шу жумладан лизинг шартномаси асосида олиб кириладиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари;
  • нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган янги тез тиббий ёрдам автомобиллари (ТИФ ТН кодлари 8703 22 101 0, 8703 23 193 0, 8703 24 101 0, 8703 31 101 0; 8703 32 191 0, 8703 33 191 0);
  • тематик хиёбонлар, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, техника, хом ашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, қурилиш ва бошқа материаллар (шу жумладан мебель ва инвентарь);
  • ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ортиқ бўлмаган, йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ҳамда ҳайдовчидан ташқари 8 ва ундан ортиқ ўриндиқларга эга бўлган транспорт воситалари;
  • республикада ишлаб чиқарилмайдиган, транспорт- логистика хизматлари кўрсатишга мўлжалланган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа товарлар;
  • дор (осма) йўллари, тоғ-чанғи кўтаргичлар, фуникулёрлар ва бошқа ўхшаш объектлар, "банжи-жампинг" ва "зиплайн" аттракционлари, бошқариладиган (дирижабль, ҳаво шари) ва бошқарилмайдиган (эркин учиш) аэростатлар, гондолалар, "рафтинг" ва "флайбординг" учун ускуналар, механизмлар ва эҳтиёт қисмлар, шунингдек, "buggycar", фаэтонлар, жойлаштириш воситаси сифатида тунаб қолиш учун жиҳозланган (ғилдирак устидаги уйлар) ёки кафе-фургонларга айлантирилган "фудтрак" ер усти транспорт воситалари, моторли қайиқ ва квадроцикллар.

 

Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун, агар уларнинг ишлаб чиқарилганлигига 4 йилдан ортиқ бўлмаса ҳамда "Евро-5" ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келса, 2024 йил 1 январга қадар утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилади.

 

Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда қуйидаги товарлар 2021 йил 1 октябрдан бошлаб 2024 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилинади:

  • белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича таълим ташкилотлари учун ўқув лаборатория ва махсус асбоб-ускуналар ва жиҳозлар;
  • тақиқланмаган ўйин автоматлари (ТИФ ТН коди 9504 30 200 1, 9504 30 200 9), видеоўйинлар учун ускуналар (ТИФ ТН коди 9504 30 100 0) ва боулинг учун автоматик ускуналар (ТИФ ТН коди 9504 90 800 9);
  • юридик шахслар томонидан, шу жумладан лизинг шартномаси асосида олиб келинадиган янги стоматология ва косметология асбоб-ускунаяари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари. 

 

Қуйидагиларни олиб киришга божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади (7.04.2021 йилдаги ПФ-6202-сон Фармон доирасида):

  • 3D контентни намойиш қилиш учун ижро қилиш серверлари;
  • киноэкранлар;
  • объективли, лампали, поляризация фильтрли рақамли проекторлар;
  • акустика тизимлари ва экран орти карнайлари;
  • профессионал пассив сабвуфер;
  • интеграция қилинган медиа сервер;
  • рақамли проекторлар учун ксенон қисқа ёйли лампалар;
  • овозли процессор;
  • проектор учун объектив;
  • Экранлар учун ёруғлик учланишнинг ультра ёрқин пассив 3D тизими;
  • 3D кўзойнаклар

 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига "К-SAVDO" тизимида инфратузилма етарли ривожланмаган ёки капитал қурилиш объектларини барпо қилиш бўйича чекловлар мавжуд бўлган магистраль йўллари бўйлаб транспорт воситалари - "фудтраклар"ни жойлаштириш учун махсус жойлар рўйхатини шакллантириш топширилди.

 

Мазкур ҳудудларда савдо жойларини сотиш бўйича аукцион бошланғич нархи тегишли туман (шаҳар)даги ер участкалари ер солиғи суммасининг 50%и миқдорида белгиланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.09.2021 йилдан кучга кирди.

 

Norma.uz материаллари асосида


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text173477_qanday_tovarlarga_bojhona_bojlari_solinmaydi