Полезное для бухгалтера в декабре:
«МХИК бўйича имтиёзлар» функционали нимага мўлжалланган
Солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги «Онлайн-НКМ ва виртуал касса» интерактив хизматида «МХИК бўйича имтиёзлар» илова варақаси пайдо бўлди (МХИК – маҳсулот ва хизматларнинг идентификация коди). У нимага мўлжалланганлиги ва қандай қўлланилиши ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан «Янги технологиялар» ИАМ бўлим бошлиғи Элнор ФОЗИЛОВ гапириб берди:
– Энди солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги «Онлайн-НКМ ва виртуал касса» интерактив хизмати менюси рўйхатида иккита илова варақаси мавжуд бўлиб, улар имтиёзларни қўллашга оид функционал билан боғлиқдир.
1. «Имтиёзлар»
Илова варақаси функционали муайян корхоналар томонидан реализация қилинадиган муайян товарлар ва хизматлар турларига тақдим этиладиган имтиёзлар учун мўлжалланган.
Масалан, IT-парки резиденти Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 27-бандига мувофиқ ҚҚСдан озод этилган ўз маҳсулотини сотади. Онлайн-НКМ чекларида ушбу маҳсулот ҚҚСсиз реализация қилинадиган маҳсулот сифатида кўрсатилган.
Аниқлаштириш учун: агар шундай маҳсулот IT-парки норезиденти томонидан ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган бўлса, у ҚҚС билан (15%) сотилиши лозим.
IT-парки резидентининг онлайн-НКМ бўйича маълумотлари имтиёзни ҳисобга олган ҳолда ҚҚС ҳисоб-китобига киритилиши учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги «Онлайн-НКМ ва виртуал касса тўғрисидаги маълумотлар» интерактив хизматининг «Имтиёзлар» менюси шакли ой якунлари бўйича тўлдирилиши ва солиқ органига юборилиши лозим. Бунда функционал солиқ тўловчи mysoliq.uz даги шахсий кабинетнинг «Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш бўйича мурожаат» хизмати орқали ДСҚга мурожаат йўллаган ва у ДСҚ томонидан маъқулланганда ишлайди.
2. «МХИК бўйича имтиёзлар»
Бу янги функционал бўлиб, у маълумот тусига эга ҳамда муайян турдаги товарлар ва хизматларни реализация қилаётган корхоналардан қатъи назар, ушбу маҳсулотларга имтиёзлар татбиқ этиладиган ҳолатлар учун мўлжалланган.
Бу ерда тадбиркор ўзи реализация қилган, имтиёз қўлланилган товари (кўрсатган хизмати) ҳамда имтиёзлар тақдим этилганлиги муносабати билан озод этилган маблағлар суммаси тўғрисидаги маълумотларни кузатиб бориши мумкин.
Масалан, ҚҚС тўловчиси бўлган дўкон мол гўштини сотади. Ушбу маҳсулотга СКнинг 483-моддаси 9-қисмида назарда тутилган имтиёз татбиқ этилади. 2022 йил 30 апрелга қадар мол гўштини реализация қилиш бўйича айланма ҚҚСдан озод этилган.
Товар онлайн-НКМ орқали реализация қилинганда ушбу имтиёзни қўллаш учун сотувчи онлайн-НКМ чекида мол гўштига тегишли МХИКни тўғри кўрсатишининг ўзи етарли бўлади. Мазкур ҳолатда мурожаатни «Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш бўйича мурожаат» хизмати орқали юбориш шарт бўлмайди. Мазкур МХИКларга имтиёзлар «бириктирилган» ва улар автоматик тарзда қўлланилади.
Натижада ҚҚС бўйича ҳисоб-китобни шакллантириш чоғида мол гўштини реализация қилишдан олинган тушум имтиёзларни қўллаган ҳолда автоматик тарзда ҳисобга олинади. Имтиёзли товарни реализация қилиш ҳақидаги маълумотларни «МХИК бўйича имтиёзлар» функционали ёрдамида кузатиб бориш мумкин.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.