Полезное для бухгалтера в ноябре:
15 июнга қадар мажбурий аудитдан қандай ўтилади
2022 йил 15 июнга қадар муайян корхона ва ташкилотлар мажбурий аудит текширувидан ўтказилади. Бундай текширувлар кимларга тааллуқли эканлиги ва ҳозирдан нимага тайёргарлик кўришни “Норма” эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА тушунтирди:
1. Кимлар ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим :
- акциядорлик жамиятлари;
- банклар ва бошқа кредит ташкилотлари;
- суғурта ташкилотлари;
- инвестиция фондлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жамловчи бошқа фондлар ҳамда уларнинг инвестиция активларини ишончли бошқарувчилари;
- манбалари юридик ва жисмоний шахсларнинг ажратмаларидан иборат бўлган хайрия, жамоат фондлари ва бошқа фондлар;
- устав фондида (устав капиталида) давлатга тегишли улушга эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат унитар корхоналари;
- фонд ва товар биржалари;
- ҳисобот йили якунларига кўра қуйидаги шартлардан бир вақтнинг ўзида иккитасига жавоб берган тижорат ташкилотлари:
– 31.12.2021 йил ҳолатига активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 000 баравари миқдоридан ортиқ;
– 31.12.2021 йил ҳолатига маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми БҲМнинг 200 000 баравари миқдоридан ортиқ;
– ходимларининг ўртача йиллик сони 100 нафардан ортиқ бўлса.
Юқорида кўрсатиб ўтилган юридик шахсларни аудиторлик текширувидан ўтказиш натижаси - бу улар молиявий ҳисоботининг ишончлилиги тўғрисидаги аудиторлик хулосаси саналади.
2. Муддатлар
- Мажбурий аудиторлик текширувидан ҳисобот йилининг 15 июнигача ўтиш лозим.
- У ўтказилганидан кейин 15 кун ичида (ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 июнидан кечиктирмай), хўжалик юритувчи субъект солиқ органига белгиланган тартибда тасдиқланган аудиторлик хулосасининг кўчирма нусхасини тақдим этади. Буни my.soliq.uz да солиқ тўловчининг шахсий кабинетида “Аудиторлик хулосаларини юбориш” тугмаси ёрдамида бажариш мумкин.
- Агар кечиксангиз - аудиторлик хулосаси мавжуд эмаслиги сабаби тўғрисида тушунтириш хатини тақдим этинг . Буни солиқ тўловчининг шахсий кабинетининг “Солиқ органлари билан ёзишмалар” хизмати таркибидаги “Аудиторлик хулосаларини юбориш” ёки “Мурожаат юбориш” тугмалари ёрдамида бажариш мумкин.
Солиқ органлари қуйидаги хўжалик юритувчи субъектлар тўғрисида маълумотлар базасини юритади :
- мажбурий аудитдан ўтиши лозим бўлган;
- мажбурий аудитдан ўтган, уни ўтказган аудиторлик ташкилотини кўрсатган ҳолда;
- мажбурий аудитдан ўтишдан бош тортган, шунингдек - бундай хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг мансабдор шахсларига қўлланилган жарима санкциялари тўғрисида.
3. Хўжалик юритувчи субъектларнинг мажбуриятлари :
1) шартномада белгиланган муддатларда аудиторлик текширувини ўтказиш учун аудиторга шарт-шароитларни яратиб бериши ва унга зарур ҳужжатларни тақдим этиши;
2) аудиторлик хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятларга риоя этиши;
3) аудиторлик текшируви давомида аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги ахборотни кўриб чиқиши ва у олинган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай аудиторлик ташкилотини натижалар ҳақида ёзма шаклда хабардор қилиши;
4) аудиторлик текшируви жараёнида аниқланган бухгалтерия ҳисобини юритишга, молиявий ҳисобот тузишга ҳамда солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш тартибига доир қоидабузарликларни бартараф этиши.
4. Масофадан туриб нималарни олдиндан амалга ошириш мумкин:
- Аудиторлик ташкилоти билан шартнома тузиш, унда аудитдан ўтказиш шартлари ва жараёнини ёзиш.
- Аудиторлик ташкилоти сўровига биноан:
- бирламчи ҳужжатлар бўйича зарур маълумотларни (жумладан, таъсис ҳужжатлари, буйруқлар, кадрларга доир ҳужжатлар (қабул қилинган/ишдан бўшатилган) ва ҳ.к. маълумотлари) тўплаш ва уни жадвалда шакллантириш;
- контрагентлар билан контрактлар ва ҳисобварақ-фактуралар, бажарилган ишлар далолатномалари маълумотларини ҳам шу тарзда тақдим этиш (ЭҲФ тизими, ЭҲФ операторидан юклаш);
- текширилаётган давр учун солиқ ва молиявий электрон ҳисоботни тақдим этиш (my.soliq.uz порталидан юклаш);
- бухгалтерлик дастурларидан маълумотларни юклаш ва тақдим этиш (счётлар варақалари, счётлар таҳлили, счётлар бўйича айланма-сальдо қайдномалари).
Ушбу электрон ҳисоботларни таҳлил қилиш базасида аудиторларда корхоналарга нисбатан саволлар туғилади ва кейинчалик текширув учун айнан қандай ҳужжатларни сўраб олиш зарурлиги маълум бўлади.
5. Бош тортганлик учун жарима санкциялари
Йиллик молиявий ҳисоботнинг аудиторлик текширувини 2022 йилнинг 15 июнигача ўтказмаслик ва 2021 йил учун аудиторлик хулосасининг йўқлиги хўжалик юритувчи субъектнинг мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилишидан бўйин товлаши деб эътироф этилади .
Хўжалик юритувчи субъект жаримани ихтиёрий равишда тўлашдан бош тортган тақдирда, унга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги масала иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.
Жаримани тўлаш хўжалик юритувчи субъектни мажбурий аудиторлик текширувини ўтказишдан озод қилмайди.
Солиқ органлари томонидан маъмурий жазо (МЖТКнинг 179-1-моддасига биноан БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача) қўлланилганидан кейин календарь йил тугагунига қадар мажбурий аудиторлик текширувини ўтказмаслик хўжалик юритувчи субъектдан БҲМнинг 100 баравари миқдоридаги суммада жарима ундиришга сабаб бўлади.
6. Ҳисобда аудитга харажатлар қандай акс эттирилади
- Аудиторлик текширувини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Харажатларнинг таркиби тартиби тўғрисида низомнинг 2.3.4-бандига мувофиқ бошқа операция харажатларига киритилади.
- Фойда солиғи тўловчилар учун мажбурий ва ташаббус тарзидаги аудит - бу иқдисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлар ва бинобарин - чегириладиган харажатлар саналади.
7. Агар хатолар топилса
Аниқланган қоидабузарликлар (хатолар) аудиторлар томонидан уларнинг аҳамияти - молиявий ҳисоботнинг ишончлилигига жиддий таъсир кўрсатиши нуқтаи назаридан баҳоланади.
Хўжалик юритувчи субъект аудиторлик хулосасини имзолаш санасига қадар ҳисобдаги хатоларни бартараф этиш ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқига эга. Бироқ бу ерда СКнинг 83-моддасида белгиланган нозик жиҳатларни ҳисобга олиш лозим:
1. Ўзи илгари тақдим этган солиқ ҳисоботида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни ва (ёки) хатоларни аниқлаган солиқ тўловчи ушбу солиқ ҳисоботига зарур тузатишларни киритиши ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шарт.
2. Агар тузатишлар ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасининг камайишига олиб келмаса, солиқ тўловчи уларни солиқ ҳисоботига киритишга ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этишга ҳақли. Солиқ ҳисоботини тақдим этишнинг белгиланган муддати ўтгандан кейин тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи муддат бузилган ҳолда тақдим этилган деб ҳисобланмайди.
3. Агар аниқлаштирилган ҳисобот солиқ органига солиқни тўлаш муддати ўтгандан кейин тақдим этилган бўлса, солиқ тўловчи бир пайтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этган тақдирда жавобгарликдан озод қилинади:
- аниқлаштирилган ҳисобот у ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган ҳолатлар солиқ органи томонидан аниқланганлигини ёки солиқ аудити тайинланганлигини билган пайтга қадар тақдим этилган бўлса;
- у тақдим этилгунга қадар солиқ тўловчи етишмаётган солиқ суммасини ва унга тегишли пеняларни тўлаган бўлса.
8. Агар камчиликлар солиқ аудити тайинланишига олиб келса:
Экспертларнинг солиқ аудити ҳақидаги тавсияларини ўқиб чиқишни тавсия қиламиз, у ерда солиқ тўловчилар учун муҳим йўл-йўриқлар мавжуд: