Полезное для бухгалтера в декабре:
Онлайн-НКМ орқали реализация қилинган товарлар бўйича имтиёз қандай қўлланилади
Апрель ойи учун айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботларини тайёрлашда айрим солиқ тўловчилар муаммоларга дуч келишди. Улар онлайн-НКМ ва виртуал кассалар орқали реализация қилинган товарларга солиқ имтиёзларини қўллай олишмади. Buxgalter.uz уларни қандай ҳал қилишни аниқлаштирди.
2022 йил февраль ойидан бошлаб ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботларда онлайн-НКМ ва виртуал кассалар чеклари асосида имтиёзлар тўғрисидаги ахборотни автоматик тарзда шакллантириш механизми жорий этилди. Янги тизимда чекда товарга кўрсатилган МХИК муҳим ҳисобланади. Агар МХИКга имтиёз боғланган бўлса, Ҳисоб-китоб қўлланилган имтиёзни ҳисобга олган ҳолда тўғри чиқади.
Имтиёз МХИКга қандай боғланади
Онлайн-НКМ орқали реализация қилинган товарлар ва хизматларга солиқ имтиёзларини қўллаш нуқтаи назаридан имтиёзлар иккита гуруҳга бўлинган:
I. Уларни реализация қилаётган тадбиркорлик субъектидан қатъи назар товарнинг (хизматнинг) муайян турига татбиқ этиладиган имтиёзлар
Масалан, дори воситаларини, ветеринария дори воситаларини, тиббиёт ва ветеринария учун мўлжалланган буюмларни солиқ солишдан озод қиладиган СКнинг 243-моддаси 13-бандида назарда тутилган имтиёз шундай. ҚҚС бўйича ушбу имтиёзни барча ишлаб чиқарувчилар (импорт қилувчилар) ва ушбу маҳсулотни реализация қилувчи улгуржи-чакана тармоқ корхоналари қўллаши мумкин.
Бундай товарларнинг МХИКига имтиёзлар боғланган. Солиқ тўловчидан фақат онлайн-НКМ чекларида tasnif.soliq.uz нинг жорий версиясига мувофиқ келадиган тўғри МХИКни кўрсатиш талаб қилинади.
II. Муайян тадбиркорлик субъектларига товарнинг маълум бир турига тақдим этиладиган имтиёзлар.
Масалан, иккита корхона дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқади ва уларнинг нусхаларини реализация қилади, иккаласи - онлайн-НКМ чекларида ва ҳисобварақ-фактураларда ўз товарига айни бир МХИКдан фойдаланади. Бунда корхона -IT-парк резиденти Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида низомнинг 27-бандида назарда тутилган имтиёздан фойдаланади. Норезидент ушбу имтиёзга бўлган ҳуқуққа эга эмас.
Резидент имтиёзни қўллаш учун my.soliq.uz да шахсий кабинет орқали “Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш бўйича мурожаат”ни йўллаши зарур. “Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш бўйича мурожаат” интерактив хизмати экранининг пастки қисмида жойлашган жадвалнинг “Ҳолати” устунида ариза маъқулланганлиги ҳақида белги пайдо бўлгандан сўнг IT-парк резиденти товарнинг МХИКни кўрсатган ҳолда автоматик тарзда имтиёзни олади.
Сизга керакли бўлган МХИКларни (шу жумладан имтиёзлар боғланган МХИКларни) дарҳол қуйидагиларга киритинг:
- tasnif.soliq.uz да шахсий кабинетда “танланганлар”га;
- онлайн-НКМ ёки виртуал касса товарлари ва хизматлари тўғрисида маълумотлар базасига.
Агар чекларда хато тарзда “имтиёзсиз” МХИК кўрсатилган бўлса, нима қилиш керак
Агар ҳаммаси шу ҳолича қолдирилса, имтиёзни ҳисобга олмаган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган солиқни тўлашга тўғри келади.
Агар сиз имтиёзни қўллашга қатъий қарор қилган бўлсангиз - my.soliq.uz да шахсий кабинетнинг “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тўғрисида ахборот” интерактив хизматининг “Чекка тузатиш киритиш” менюсидан фойдаланинг. Қуйидаги алгоритмга риоя қилган ҳолда ҳар бир чекка алоҳида тузатиш киритишга тўғри келади:
1) излаш хизмати ёрдамида МХИК кўрсатилмаган ёки нотўғри кўрсатилган чекни топинг;
2) товарга тўғри МХИКни кўрсатасиз, тўлдирилиши мажбурий бўлган бошқа майдонларни тўлдирасиз;
3) МХИКга тузатиш киритишда тасдиқловчи ҳужжатлар сифатида корхона раҳбарининг имзоси билан тушунтириш хатини илова қилиш етарли бўлади;
4) “Ҳисоблаш” ва аризани “Жўнатиш”га босасиз.
“Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тўғрисида ахборот” интерактив хизматининг “чекка тузатиш киритиш” менюси очиқ бўлганда экраннинг пастки қисмида жойлашган жадвалнинг “ҳолати” устунида чек тузатилганлигидан далолат берувчи “Қабул қилинган” акс эттирилгунча кутинг. МХИКга тузатиш киритишда чекка тузатиш киритиш учун ариза қоидага кўра, чекка тузатиш киритиш учун ариза жўнатилгандан сўнг дарҳол автоматик тарзда маъқулланади.
Жараённи қандай жадаллаштириш мумкин
Одатда, чекка тузатиш киритилгандан сўнг, солиқ бўйича ҳисоботдаги маълумотлар 24 соат давомида янгиланади. Энди ушбу жараённи жадаллаштириш мумкин:
1) my.soliq.uz да шахсий кабинетда “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тўғрисида ахборот” интерактив хизматини танланг;
2) “Имтиёзлар” менюсига киринг ва “Янгилаш” тугмасига босинг;
3) очилган “Маълумотларни янгилаш” ойнасида керакли йил ва ойни танланг, “Янгилаш”га босинг;
4) “Тушумлар бўйича ҳисобот” менюсига киринг, фильтрда “Янгилаш” тугмасига босинг;
5) очилган ойнада маълумотлар янгиланаётган фискал модулни танланг, маълумотлар янгиланиши лозим бўлган ойга босинг. “Янгилаш” тугмасига босинг.
Маълумотлар муваффақиятли янгилангандан кейин, солиқ ҳисоботидаги маълумотлар тузатиш киритилган чекларни ҳисобга олган ҳолда акс эттирилади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади