МҲХС бўйича тушум қачон тан олинади
Тавсияда:
– тушум тан олинадиган пайт нимага боғлиқ;
– тушумни вақт даври мобайнида тан олиш;
– тушумни вақтнинг бир пайтида тан олиш.
Тушум тан олинадиган пайт нимага боғлиқ
Олдинги босқичларда бажариладиган мажбуриятларингизни аниқлаб, уларни баҳолаб чиқдингиз. Контрактдаги мажбуриятларингизни бажараётганингизда тушумни тан олишингиз керак бўлади.
Тушумни шартнома бўйича ваъда қилинган товарларни харидорга топшириш (хизматларни кўрсатиш) юз бераётган муайян пайтда тан олинг. Товарлар (хизматлар) харидор улар устидан назоратни ўз қўлига олаётган пайтда топширилади (кўрсатилади). Тегишинча, тушумни ваъда қилинган товар (хизмат) устидан назорат харидорга топширилаётган пайтда тан олиш керак
.
Актив устидан назорат – бу ундан фойдаланиш усулини аниқлаш ва активдан олинадиган деярли қолган барча нафларга эга бўлиш қобилиятидир.
Тушумни акс эттириш муддатлари назорат айнан қачон ўтаётганлигига боғлиқ: давр мобайнида (қоидага кўра, хизматлар кўрсатилаётганда) ёки вақтнинг муайян пайтида (қоидага кўра, товар сотилаётганда). Айнан ана шу масала ушбу босқичда муҳимдир.
Тушумни тан олиш вақти:
- бир пайтнинг ўзида
ёки
- вақт даври мобайнида.
Биринчи навбатда, тушум вақт даври мобайнида тан олиниш-олинмаслигини таҳлил қилиб чиқинг. Бунинг учун 15-МҲХС (IFRS)да назорат ўтишининг учта мезони белгиланган. Қуйидаги мезонлардан ҳеч бўлмаса биттаси бажарилса, назорат вақт даври мобайнида бошқага ўтган ҳисобланади
:
1. Ташкилот фаолиятини амалга ошириш асносида харидор бир вақтнинг ўзида унинг натижаларидан олинадиган нафларга ҳам эга бўлади, ҳам уларни истеъмол қилади. Дейлик, транспортда ташиш, хавфсизликни таъминлаш, консалтинг, тозалик хизматларини кўрсатишда (одатда бу такрорланадиган бир хил хизматлардир);
2. Фаолият ёрдамида харидор томонидан назорат қилинадиган актив яратилади ёки яхшиланади. Яратилаётган актив моддий ёки номоддий бўлиши мумкин. Масалан:
- мижознинг ер участкасида бино ёки иншоотнинг қурилиши – қурилиши битмаган бинога бўлган ҳуқуқ деярли ҳар доим мижозда қолади;
- тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга оширишга доир шартномалар, агар уларнинг натижалари харидорга тегишли бўлса;
3. Муқобил фойдаланишнинг имконияти бўлмаган актив яратилади (яъни ундан фақатгина харидор фойдалана олади). Бунда ташкилот жорий санагача якунланган фаолият натижалари учун ҳақ олишга доир юридик жиҳатдан ҳимояланган (шартномада қайд этилган) ҳуқуққа эга.
Агар юқорида санаб ўтилган учта мезондан бирортаси бажарилмаса, тушумни бир пайтнинг ўзида тан олинг
.
Вақт даври мобайнида назоратни топширишнинг учинчи мезонини батафсил кўриб чиқамиз.
Ушбу мезон билан, ташкилот шартномадаги ўз мажбуриятларини бажармаганидан бошқа бирор асосларга кўра шартнома харидор томонидан бекор қилинган тақдирда, ишнинг шу пайтгача бажарилган қисми учун ташкилот ҳақ тўланишини талаб қилишнинг юридик ҳимояланган ҳуқуқига эга эканлиги назарда тутилган.
Қурилиш компанияси буюртмачи билан қуйидаги шартлардаги шартномани тузмоқда:
- буюртмачи шартномани тузиш пайтида қайтарилмайдиган гаров тўлайди;
- буюртмачи тўловларни қурилиш асносида амалга оширади;
- буюртмачи томонидан жорий тўловлар тўланмаса, компания тўловларнинг кечиктирилганлиги учун фоизларни ҳисобга олган ҳолда, бутун қоплашга қурилиш тугаши билан дарҳол эга бўлишга ҳақли;
- компания қурилган объектни бошқа мижозга топшира олмайди.
Шартнома шартларини таҳлил қилиб чиқиб, қуйидаги хулосаларни қилиш мумкин: тушум вақт даври мобайнида тан олинади. Компания муқобил танловга эга эмас – объект бошқа мижозга топширилиши мумкин эмас. Бунда компания бажарган иши учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.
«С» компанияси мижознинг буюртмасига кўра тадқиқотлар учун мураккаб ихтисослаштирилган ускунани ишлаб чиқармоқда. Ускуна мижознинг ўзига хос эҳтиёжлари учун яратилаётгани боис, бундай ускунани бошқа мижозга сотишнинг имкони йўқ, бошқа мижоз эҳтиёжларига мослаб тўғрилаш учун эса «С» компанияси жиддий харажат қилишга тўғри келади.
Лойиҳа 2021 йил 1 октябрда бошланиб, бир йилдан кейин – 2022 йил 30 сентябрда тугайди. Шартнома нархи – 600 млн сўм. Кутилаётган умумий харажатлар шартнома тузилган пайтда 500 млн сўмга баҳоланмоқда.
Ҳақнинг ярми 2021 йил 1 октябрдан бошлаб ҳар ой тенг улушлар билан, яъни, 25 млн сўмдан тўланади, қолган 300 млн сўм эса мижоз томонидан лойиҳа тугаши билан тўланиши керак. Ускунага жисмонан эгалик қилиш ва унга бўлган юридик мулк ҳуқуқи объект тайёр бўлиши билан топширилади.
Агар шартнома «С» компанияси ўз мажбуриятларини бажаришга ноқобиллигидан бошқа қандайдир сабабга кўра мижоз томонидан бекор қилинса, у ҳолда шу пайтга қадар тўланган оралиқ тўловлар қайтарилмайди, бироқ «С» компанияси қандайдир қўшимча қоплашни талаб қилишга ҳақли эмас.
«С» компанияси сарф қилинган харажатлар улуши ушбу шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилиши учун лозим чора деб билади. 2021 йил 31 декабрдаги ҳолатга кўра ҳақиқий харажатлар суммаси 150 млн сўмни ташкил қилди. Умумий харажатлар миқдорига берилган баҳо ўзгармаган.
2021 йил 31 декабрь учун молиявий ҳисоботда тушумнинг тан олинишини ва ушбу операциялар қандай акс эттирилишини кўриб чиқамиз.
Тушумни тан олишнинг дастлабки икки мезони вақт даври мобайнида бажарилмаётганлиги очиқ кўриниб турибди. Учинчи мезон ҳам бажарилмаяпти, чунки:
- бир томондан, охиригача етказилмаган ускунанинг 2021 йил 31 декабрдаги ҳолатга кўра муқобил фойдаланиш варианти мавжуд эмас;
- бошқа томондан, шартномани бекор қилиш пайтида шартномавий мажбуриятнинг бажарилган қисми учун компания ҳақ тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас (оралиқ тўловлар қайтарилмаслигига қарамай, уларнинг миқдори исталган пайтда бажарилган иш ҳажмига мувофиқ келади деб қатъий айтиб бўлмайди).
Бу эса тушумни вақт даври мобайнида тан олиб бўлмаслигини англатади. Компания уни бир пайтнинг ўзида, ускуна устидан назорат мижозга ўтганда, яъни, лойиҳанинг охирида – 2022 йил 30 сентябрда тан олиши керак.
Молиявий ҳисоботда оралиқ тўловларнинг 75 млн сўмга тенг (25 млн сўм х 3 ой) бутун суммаси шартнома бўйича мажбурият сифатида ҳисобга олинади:
Дт «Пул маблағлари» – 75
Кт «Шартнома бўйича мажбурият» – 75
Ҳақиқатда сарф қилинган харажатлар актив сифатида тан олинади, зеро улар шартномавий мажбуриятнинг келгусида бажарилишига тааллуқли бўлиб, шартномадан олинадиган тушум ҳисобига қопланади:
Дт «Актив» – 150
Кт «Материаллар, иш ҳақи бўйича қарз ва ҳ.к.» – 150
Компания мижозга мунтазам равишда клининг (хона тозалаш) хизматларини кўрсатиб келади.
Хона тозалаш каби оддий хизмат турларига нисбатан мижоз компания фаолиятидан кўриладиган нафга фаолиятнинг кўрсатилиши билан бир вақтда эга бўлиб, уни истеъмол қилади деб қатъий айта олиш мумкин. Агар хона йиғиштириш бўйича охирига етказилмаган ишни бошқа компания тугаллаши керак бўлганида эди, у ушбу компания бажарган ишни қайтадан қилишга кўп ҳам тўғри келмас эди. Шунинг учун мазкур ҳолда тушум вақт даври мобайнида тан олиниши керак.
Компания мижознинг буюртмасига биноан дастурий таъминотни ишлаб чиқмоқда.
Янги дастур мижознинг бошқа тизимлари билан чамбарчас боғланган бўлиши кераклиги сабабли компания ходимлари бевосита буюртмачи ҳузурида ишламоқда, буюртмачи жамоаси эса маҳсулотнинг ишлаб чиқишини доимий назорат қилиб турибди.
Шартнома бекор қилинган тақдирда мижоз тугалланмаган ишланмаларга бўлган мулк ҳуқуқига эга бўлади.
Мазкур ҳолда 2-мезон бажарилмоқда: компаниянинг фаолияти яратилиши ёки такомиллаштирилиши асносида мижоз томонидан назорат қилиниб борилаётган активнинг яратилиши ёки такомиллаштирилишига олиб келмоқда. Шу сабабли тушум вақт даври мобайнида тан олиниши керак.
Тушумни вақт даври мобайнида тан олиш
Агар бажарилиши керак бўлган мажбурият вақт даври мобайнида бажарилаётган бўлса, у ҳолда у қай даражада бажарилаётганини баҳолаш керак.
Шартнома бўйича мажбуриятнинг бажарилишини қуйидаги икки усулдан бирини танлаган ҳолда баҳоланг:
- натижалар усули (бажарилган ишлар усули) – бевосита мижозга топширилаётган актив қийматини (тайёрлик даражасини) жорий санадаги ҳолатга кўра баҳолашга асосланган. Бу ўз ичига эришилган натижалар, ишнинг тугалланган босқичлари, ишлаб чиқарилган ёки етказилган маҳсулот бирликларини баҳолашни ўз ичига олади. Мисол учун, 10 қаватли бинонинг 2 қавати қуриб битказилганидан кейин компания шартнома бўйича умумий тушумнинг 2/10 қисмини тан олади;
- ресурслар усули (сарф қилинган харажатлар усули) – бажарилиши керак бўлган мажбуриятнинг бажарилиши учун компания сарфлаган куч ёки материалларга асосланади. Бу истеъмол қилинган ресурслар, сарфланган ишчи ёки машина вақти ва ҳ.к. асосида тушумнинг баҳоланишини англатади. Дейлик, 100 млн сўм сарфланган бўлса-ю, лойиҳанинг ҳисоб-китоб қилинган умумий таннархи 1 млрд сўмни ташкил қилса, компания лойиҳа бўйича тушумнинг 1/10 қисмини тан олади.
Бажарилганлик даражасини баҳолашда шартномага тааллуқли бўлмаган ёки бажарилиши керак бўлган мажбуриятнинг бажарилишига таъсир қилмайдиган харажатларни ҳисобга олманг. Дейлик, қуйидаги харажатлар бажарилиши керак бўлган мажбуриятнинг бажарилиш даражасига таъсир қилмайди:
- бевосита шартномага тааллуқли бўлмаган умумий ва маъмурий харажатлар (шартномага биноан улар очиқ-ойдин харидор томонидан тўланиши керак бўлмаса);
- тижорат ва маркетинг харажатлари;
- шартнома учун ўзига хос ҳисобланмаган тадқиқотлар ва ишланмаларга оид харажатлар;
- фойдаланилмаётган асосий воситалар амортизацияси;
- материалларнинг йўқотилиши;
- нормативдан ортиқ меҳнат сарфи ёки бошқа харажатлар.
Шартнома бўйича ишларнинг бажарилиш даражасини баҳолашнинг исталган усулини танлашга ҳақлисиз. Бироқ у компаниянинг шартнома бўйича бажараётган мажбурияти даражасини имкон қадар яхши акс эттириши керак. Агар қандайдир натижалар ҳисоб-китобга киритилмай қолса, тушум миқдори кичрайиб кўрсатилади. Мисол учун, натижалар усули тугалланмаган ишлаб чиқаришни эътиборга олмайди. Агар у жиддий бўладиган бўлса, якуний натижа бузилиб, тушум кичрайиб кўрсатилади.
Айрим ҳолларда ҳисоб-китобни осон қилиш учун ташкилотингиз якуний ҳисоб-китобни қайси суммада кўрсатиш ҳуқуқини олган бўлса, тушумни шу суммада тан олишингиз мумкин. Қачонки натижа харидорга ҳуқуқ қилиб берилган қоплаш миқдорига бевосита боғлиқ бўлса, шундай қилиш мумкин бўлади. Масалан, хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижро этувчи ҳисоб-китобни ишининг ҳар бир соати учун кўрсатиши.
Ҳар бир ҳисобот даврининг охирида бажарилиши керак бўлган мажбуриятнинг бажарилганлик даражасини (шартнома бўйича ишларнинг бажарилиш даражасини) қайта баҳолашингиз керак бўлади.
Компания объект қурмоқда, у бўйича 2021 йил 31 декабрь ҳолатига кўра қуйидаги маълумотлар мавжуд:
|
Кўрсаткичлар |
млн сўм |
|
Шартнома нархи |
1 500 |
|
Ҳисобот санасидаги ҳақиқатдаги жами харажатлар |
700 |
|
Ҳисоб-китоб қилинган бўлғуси харажатлар |
600 |
|
Қабул қилинган ишлар (бажарилган ишлар далолатномаси имзоланган) |
750 |
Шартноманинг якунланганлик босқичи ресурслар усули билан аниқланади.
Шартнома бўйича бажарилган ишлар фоизини аниқлаймиз:
- ҳисобот санасидаги ҳақиқатдаги жами харажатлар – 700 млн сўм;
- шартнома бўйича кутилаётган жами харажатлар – 1 300 млн сўм (700 + 600);
- бажарилиш фоизи – 53,8 % (700 : 1 300 х 100).
Тушум 808 млн сўмни (1 500 х 53,8 %) ташкил қилади.
Буюртмачи 750 млн сўмлик ишларни қабул қилгани сабабли, дебиторлик қарз айнан шу суммага тан олиниши керак.
Ҳисобда тушумнинг тан олиниши қуйидагича акс эттирилади:
Дт «Дебиторлик қарз» – 750
Дт «Шартнома бўйича актив» – 58
Кт «Тушум» – 808
Молиявий ҳисоботдан кўчирма:
млн сўм
|
Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот |
|
|
Қисқа муддатли активлар: |
|
|
– Мижоз билан тузилган шартнома бўйича актив |
58 |
|
– Дебиторлик қарз |
750 |
|
Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот |
|
|
Тушум |
808 |
|
Таннарх |
(700) |
Компания объект қурмоқда, у бўйича 2021 йил 31 декабрь ҳолатига кўра қуйидаги маълумотлар мавжуд
|
Кўрсаткичлар |
млн сўм |
|
Шартнома нархи |
1 200 |
|
Ҳисобот санасидаги ҳақиқатдаги жами харажатлар |
600 |
|
Ҳисоб-китоб қилинган бўлғуси харажатлар |
550 |
|
Бажарилган ишлар баҳоланди |
600 |
Шартноманинг якунланиш босқичи натижалар усули билан аниқланади.
Буюртмачи 2021 йил 31 декабргача бажарилган ишларни қабул қилмади
Шартнома шартларига кўра буюртмачи пул маблағларини бажарилган ишлар далолатномаси имзоланганидан кейингина тўлайди.
Компаниянинг 2021 йил учун ҳисоботида мазкур шартномага нисбатан акс эттирилиши керак бўлган суммаларни ҳисоблаб чиқиш зарур.
Шартнома бўйича бажарилган ишлар фоизини аниқлаймиз:
- ҳисобот санасидаги бажарилган ишлар – 600 млн сўм;
- шартнома бўйича жами қиймат – 1 200 млн сўм;
- бажарилиш фоизи – 50 % (600 : 1 200 х 100).
Таннарх 575 млн сўмни (1 150 х 50 %) ташкил қилади.
Буюртмачи ишларни қабул қилмагани сабабли, дебиторлик қарзни тан олиб бўлмайди. Шартнома бўйича актив акс эттирилади.
Ҳисобда тушумнинг тан олиниши қуйидагича акс эттирилади:
Молиявий ҳисоботдан кўчирма:
млн сўм
|
Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот |
|
|
Қисқа муддатли активлар: |
|
|
– Мижоз билан тузилган шартнома бўйича актив |
600 |
|
Молиявий натижалар ҳақидаги ҳисобот |
|
|
Тушум |
600 |
|
Таннарх |
(575) |
Тушумни вақтнинг бир пайтида тан олиш
Агар шартномадаги мажбурият вақт даври мобайнида бажарилмаса, ташкилот уни вақтнинг муайян пайтида бажаради.
Харидор ваъда қилинган актив устидан назоратни қўлга киритадиган, ташкилот эса шартномавий мажбуриятини бажарадиган пайтни аниқлаш мақсадида қуйидагилар ҳисобга олиниши керак:
- назоратга қўйиладиган талаблар;
- назоратни топшириш индикаторлари.
Актив устидан назорат деганда қуйидагилар тушунилади:
- активдан фойдаланиш усулини аниқлаш;
- активдан олинадиган деярли қолган барча нафларга эга бўлиш.
Бевосита ёки билвосита олиниши мумкин бўлган эҳтимолий пул оқимлари (пул маблағларининг келиб тушиши ёки улар чиқиб кетишининг камайиши) активдан олинадиган нафдир.
Буюртмачи тегишли «актив» устидан назоратни қўлга киритадиган пайтни аниқлашга ёрдам бериш мақсадида қуйидаги индикаторлардан фойдаланинг
:
- ташкилот ҳақ олиш ҳуқуқига, харидор эса ҳақ тўлаш мажбуриятига эга;
- харидор активга жисмонан эгалик қилади;
- харидор активга бўлган мулк ҳуқуқига эга;
- харидор активга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ хатарлар ва нафларга эга;
- харидор активни қабул қилиб олди.
Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
- МҲХС бўйича тушумни тан олиш – умумий қоидалар
- МҲХСга кўра қурилиш шартномаси бўйича тушумни қандай ҳисобга олиш керак
- Принципал ва агентнинг МҲХС бўйича тушуми қандай ҳисобга олинади
- МҲХС бўйича шартнома модификациясини қандай ҳисобга олиш керак
- 16-МҲХС (IAS) бўйича асосий воситаларни тан олиш мезонлари

Наша страница
Канал в телеграм