Полезное для бухгалтера в ноябре:
Яқин қариндошлар ўртасидаги ижара битимларига қандай солиқ солинади
Агар мол-мулк ижараси бўйича битим яқин қариндошлар ўртасида тузилса, ЖШДС тўлаш зарурми. Масалан - ота ва ўғил ўртасида? Яқин қариндошлар ўртасида мол-мулкни текин ижарага бериш тўғрисидаги шартнома қандай солиқ оқибатларига сабаб бўлади?
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга Молия вазирлиги солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директорининг биринчи ўринбосари Умид ҲАМРОЕВ жавоб берди:
Агар мол-мулк ижарага берилса
– Бу ҳолда ижарага берувчи ЖШДС тўлайди.
Мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар мулкий даромадлар жумласига киради . Агар ижарага олувчи - жисмоний шахс бўлса, ушбу даромадларга даромадлар тўғрисидаги декларация асосида ЖШДС солинади .
СКда яқин қариндошга мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича имтиёзлар мавжуд эмас.
Мол-мулкни бошқа жисмоний шахсга ижарага беришдан даромадлар олувчи жисмоний шахс қуйидагиларни тақдим этади:
- дастлабки декларацияни - ижарадан даромадлар пайдо бўлган кундан эътиборан биринчи ой тугаганидан кейин 5 кун муддатда;
- жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни - ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай .
Кўчмас мулкнинг ижара шартномаси солиқ органида ҳисобга қўйилаётганда дастлабки декларацияни тақдим этиш шарт эмас.
Мол-мулкни ижарага беришдан даромад олиш тугаган тақдирда доимий яшаш жойидаги солиқ органини бу ҳақда ёзма шаклда хабардор этинг.
Мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича ЖШДСни ҳар ойда - даромад олинган ойдан кейинги ойнинг 15-санасига қадар тақдим этилган дастлабки декларация ёки солиқ органининг хабарномаси асосида тўланг.
Йил тугагач, солиқнинг йиллик суммаси ҳақиқатда олинган даромад бўйича ҳисоблаб чиқарилади. Бу сумма билан йил мобайнида тўланган суммалар ўртасидаги фарқ келгуси йилнинг 1 июнидан кечиктирмай бюджетга тўланади ёки солиқ тўловчига қайтарилади .
Агар мол-мулк текин фойдаланишга берилса
Жисмоний шахслардан мерос ёки ҳадя тартибида, шунингдек текинга олинган пул ва натура шаклидаги даромадларга ЖШДС солинмайди . Яқин қариндош бўлмаган шахслар ўртасидаги кўчмас мулк, автотранспорт воситалари, қимматли қоғозлар, юридик шахсларнинг устав фондларидаги улушларни текин бериш бундан мустасно. Бу ҳолда ЖШДС бўйича имтиёз қўлланилмайди.
Яқин қариндошлар ўртасида мол-мулкдан текин фойдаланиш тўғрисидаги шартнома тузилганда, ЖШДС бўйича мажбуриятлар шартнома томонларида юзага келмайди.