Полезное для бухгалтера в ноябре:
Экспорт учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш қандай расмийлаштирилади
“Корхона қуруқ меваларни экспорт қилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олиш учун банкда ҳисобварақдан нақд пул ечамиз ва бозорда товарни нақд ҳисоб-китоб бўйича харид қиламиз. Бозор маъмуриятидан товарлар харид қилинганлиги тўғрисида маълумотнома оламиз. Солиқ органлари билан муаммолар бўлмаслиги учун мазкур ҳолда қандай ҳужжатларни расмийлаштириш зарур?”.
Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА жавоб берди:
– Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низомда ҳисобга олиш учун зарур ҳужжатлар рўйхати мавжуд. Экспорт учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишни расмийлаштириш учун ҳужжатлар шакли қонунчиликда белгиланмаган, шу боис уларни мустақил равишда ишлаб чиқинг ва корхонанинг ички ҳужжатларига бириктиринг. Шу жумладан - барча мажбурий реквизитлар билан харид далолатномаси ва бўнак ҳисоботи шаклларини.
Раҳбарнинг буйруғи билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш бўйича мажбуриятни моддий жавобгар шахс зиммасига юклашни тавсия қиламиз, шунингдек у харид бўйича барча бирламчи ҳужжатларни расмийлаштириш учун жавоб беради.
Агар сиз жисмоний шахслардан қуруқ меваларни мунтазам ва катта ҳажмда харид қилсангиз, харид далолатномасида жисмоний шахс-етказиб берувчининг ЖИШШРини кўрсатиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Қуруқ меваларнинг ҳақиқатда келиб тушишини омбор ходими берадиган ҳужжат билан тасдиқланг (кирим ордери ёки қабул қилишга юкхати).
Бундан ташқари, харид қилинаётган қуруқ мевалар нархининг бозор нархига мувофиқ келишига эътибор беринг. Бозор нархини қуйидагиларнинг маълумотлари асосида аниқланг:
- ўз прайс-варақлари маълумотлари;
- ахборот-нарх агентликлари;
- ОАВ;
- биржа хабарлари;
- ДБҚ томонидан эълон қилинадиган ёки сўровга кўра тақдим этиладиган ташқи савдосининг божхона статистикасидан;
- қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда нархларни аниқлаш учун нормативлар белгилайдиган ваколатли органларнинг маълумотлари.
Агар товарларнинг (хизматларнинг) бозор қиймати турли манбаларда фарқланса, солиқ солиш мақсадларида ўртача бозор қийматини ҳисобга олинг.