Полезное для бухгалтера в ноябре:
Воситачи қўшимча фойда олса, ҚҚС қандай ҳисоблаб чиқарилади
Реклама агентлиги – ҚҚС тўловчиси воситачилик шартномаси бўйича ОАВда реклама жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатади. Катта ҳажмдаги эфир вақтини харид қилинганда етказиб берувчи (ОАВ) чегирма беради. Агентлик етказиб берувчи билан шартномада назарда тутилган чегирмаларни ҳисобга олмаган ҳолда мижозларга (комитентларга) эфир вақтини тақдим этишга ҳисобварақ-фактурани қайта тақдим этади. Етказиб берувчидан чегирма олган ҳолда агентлик мижозга етказиб берувчига тўланганига қараганда каттароқ суммани тақдим этади. Агентлик ўзининг воситачилик ҳақига ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда алоҳида ҳисобварақ-фактура тақдим этади. Воситачилик шартномасига асосан агентлик томонидан олинган қўшимча фойда тўлиқ унинг тасарруфида қолади.
Бундай вазиятда ҚҚСни қандай ҳисоблаб чиқаришни “Норма” эксперти Ирина АХМЕТОВА тушунтирди:
– Воситачилик шартномаси бўйича бир тараф (воситачи) иккинчи тарафнинг (комитент) топшириғи бўйича ўз номидан, бироқ комитент ҳисобидан бир ёки бир неча битимни ҳақ эвазига тузиш мажбуриятини олади. Воситачи ўз зиммасига олган топшириқни комитентнинг кўрсатмаларига мувофиқ бажариши лозим. Воситачилик шартномасида бундай кўрсатмалар бўлмаганда эса – иш муомаласи одатларига ёки бошқа талабларга мувофиқ комитент учун энг фойдали шартлар асосида бажариши лозим.
Агар воситачи битимни комитент кўрсатганидан ҳам фойдалироқ шартлар асосида тузган бўлса, қўшимча фойдани, башарти шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тарафлар баравар тақсимлайдилар .
Воситачилик шартномасида кўриб чиқилаётган вазиятда қўшимча фойда воситачида қолиши назарда тутилган.
Ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг 4-бобига амал қилиш лозим:
1) воситачилик шартномаси бўйича комитент учун товарлар (хизматлар)ни харид қилишда сотувчи ҳисобварақ-фактурани воситачининг номига тақдим этади;
2) Воситачи комитент учун харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича комитентга у томондан тақдим этиладиган ЭҲФ хронологиясига мувофиқ ҳисобварақ-фактура тақдим этади ва унда сотувчидан олинган ҳисобварақ-фактурадан кўрсаткичларни акс эттиради (ўз номидан комитент номига сотувчидан олинган ЭҲФни қайта тақдим этади);
3) воситачи комитентнинг манфаатида воситачилик хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ шартнома асосида амалга ошириладиган товарлар (хизматлар) харид қилиш операциялари бўйича комитентга ҳисобот тақдим этади. У қонунчиликда бирламчи ҳужжатлар учун белгиланган воситачи ва комитетнинг барча реквизитларини ўз ичига олиши керак. Воситачи ҳисоботда қуйидагиларни акс эттириши керак:
- харид қилинган товарлар (хизматлар) сони ва қиймати ҚҚСнинг тегишли суммалари ажратилган ҳолда. Ҳисоботга шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар, далолатномалар ва воситачи томонидан комитентнинг манфаатида товарлар (хизматлар) харид қилинганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинган бўлиши керак;
- комитент томонидан ўрни қопланиши лозим бўлган воситачининг харажатлари қиймати. Бу воситачи шартнома бўйича топшириқни бажариш чоғида учинчи шахсларга тўлаган (товарлар (хизматлар)га ҳақ тўлаш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш) ва воситачи томонидан амалга оширилган ҳаракатларни комитент ўзи мустақил равишда амалга оширган тақдирда амалга ошириш мумкин бўлган маблағлар.
Шу тариқа, воситачи комитентга етказиб берувчидан олинган ЭҲФни қайта тақдим этиши ва унда худди шу кўрсаткичларни акс эттириши керак. Агар етказиб берувчи (ОАВ) ҳисобварақ-фактурани чегирма ҳисобга олинган нархда тақдим этса, комитентга тақдим этилган ҳисобварақ-фактурада худди шу нарх кўрсатилган бўлиши керак.
Воситачи томонидан етказиб берувчининг чегирмаси тарзида олинган қўшимча фойдани у воситачилик ҳақи учун ҳисобварақ-фактурада акс эттиради. Бунда ҚҚС бўйича солиқ базасини воситачи солиқни ўз ичига олган воситачилик ҳақининг (қўшимча фойдани ҳисобга олган ҳолда) умумий суммаси сифатида аниқлайди .