СКга ўзгартиришлар: дивидендлар ва фоизлар, мусиқа чолғу асбоблари, балиқчилик тармоғи

preview

Молия вазирлигининг 26.07.2022 йилдаги ЎРҚ-785-сон Қонуни билан СКга киритилган янгиликлар юзасидан тушунтиришларини эълон қиламиз. Ушбу материалда - дивидендлар ва фоизлардан олинадиган солиқлар, мусиқа чолғу асбоблари ва балиқчилик тармоғи ишлаб чиқарувчиларига солиқ солиш ҳақида.

 

Дивидендлар ва фоизлардан олинадиган солиқлар бекор қилинади (пасайтирилади)

1. Жисмоний шахслар – Ўзбекистоннинг резидентлари ва норезидентлари акциялари бўйича ҳисобланган дивидендлар ЖШДСдан озод қилинади. Имтиёз 2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабрга қадар амал қилади  .

Имтиёз жорий этилгунга қадар акциялар бўйича ҳисобланган дивидендларга жисмоний шахслар — резидентлар учун - 5% ставка бўйича, жисмоний шахслар — Ўзбекистоннинг норезидентлари учун - 10% ставка бўйича солиқ солинган.

Дивидендлар жумласига кирадиган тўловлар СКнинг 41-моддасида белгиланган.

Масалан, акциядорлик жамияти жисмоний шахс-резидент ва жисмоний шахс-норезидентга 10 млн сўмдан дивидендлар ҳисоблади. Имтиёз жорий этилгунга қадар жамият жисмоний шахс-резидент дивидендларидан 0,5 млн сўм (10 х 5%), жисмоний шахс-норезидент дивидендларидан эса – 1 млн сўм (10 х 10%) ушлаб қолган бўларди. 2022 йил 1 апрелдан бошлаб солиқ ушлаб қолинмайди. Иккала акциядор 10 млн сўм миқдорида дивидендлар олади.

2. Юридик шахслар – Ўзбекистоннинг норезидентлари акциялари бўйича ҳисобланган дивидендлар бўйича фойда солиғи ставкаси 10%дан 5%гача пасайтирилди. Масалан, акциядорлик жамияти юридик шахс – норезидентга 10 млн сўм дивидендлар тўлади. Имтиёз жорий этилгунга қадар жамият юридик шахс – норезидент дивидендларидан 1 млн сўм (10 х 10%) ушлаб қолган бўларди. 2022 йил 1 апрелдан бошлаб ушлаб қолиш суммаси 2 баравар кам бўлади ва 0,5 млн сўмни (10 х 5%) ташкил қилади.

3. Хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича жисмоний ва юридик шахсларга - Ўзбекистон резидентлари ва норезидентларига ҳисобланган фоизлар ЖШДС ва фойда солиғидан озод қилинади. Имтиёз жорий этилгунга қадар облигациялар бўйича фоизларга солиқ:

  • жисмоний шахслар - Ўзбекистоннинг резидентлари учун - 5% ставка бўйича;
  • жисмоний шахслар ва юридик шахслар - Ўзбекистоннинг норезидентлари учун - 10% ставка бўйича
  • юридик шахслар - Ўзбекистоннинг резидентлари - фойда солиғи тўловчилари учун - фойда солиғи ставкаси бўйича (аксарият юридик шахслар учун - 15%) солинган.

Масалан, жамият жисмоний шахс - Ўзбекистоннинг резидентига, жисмоний шахс - Ўзбекистоннинг норезидентига ва юридик шахс - Ўзбекистоннинг резиденти - фойда солиғи тўловчисига 10 млн сўмдан облигациялар бўйича фоизлар ҳисоблади. Имтиёз жорий этилгунга қадар жамият облигациялар бўйича фоизлардан солиқни қуйидаги тарзда ушлаб қолган бўларди:

  • жисмоний шахс - Ўзбекистоннинг резидентидан 5% ставка бўйича 0,5 млн сўм (10 х 5%) суммада;
  • жисмоний шахс - Ўзбекистоннинг норезидентидан 10% ставка бўйича 1 млн сўм (10 х 10%) суммада.

Юридик шахс - Ўзбекистоннинг резиденти фойда солиғини мустақил равишда 15% ставка бўйича 1,5 млн сўм (10 х 15%) суммада тўлаган бўларди.

2022 йил 1 апрелдан бошлаб бундай фоизлардан солиқ ушлаб қолинмайди ва тўланмайди. Барча фоиз олувчилар уларни солиқларсиз 10 млн сўм миқдорида оладилар.

 

Миллий мусиқа чолғу асбобларини ишлаб чиқарувчилар учун солиқлар пасайтирилди

Имтиёз 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар амал қилади  .

Миллий мусиқа чолғу асбобларини ишлаб чиқаришдан олинган даромадлар жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60%ини ташкил этиши керак.

Бунда:

  • Айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 4%дан 1%гача камайтирилади.

Масалан, миллий мусиқа чолғу асбобларини ишлаб чиқариш корхонаси январь-март ойларида 30 млн сўмлик ва апрель-июнь ойларида эса 30 млн сўмлик реализация амалга оширган. Январь - март ойларининг даромадларидан корхона 4% ставка бўйича 1,2 млн сўм (30 х 4%), апрель – июнь ойлари учун эса 1% ставка бўйича 0,3 млн сўм (30 х 1%) миқдорида солиқ тўлайди.

  • Ижтимоий солиқ ставкаси 12%дан 1%гача камайтирилади.

Масалан, миллий мусиқа чолғу асбобларини ишлаб чиқариш корхонаси ўз ходимларига январь-март ойлари учун 15 млн сўм ва апрель-июнь ойлари учун 15 млн сўм иш ҳақи ҳисоблади. Январь-март ойлари учун иш ҳақидан корхона ижтимоий солиқни 12% ставка бўйича 1,8 млн сўм (15 х 12%) миқдорида, апрель – июнь ойлари учун иш ҳақидан эса - 1% ставка бўйича 0,15 млн сўм (15 х 1%) миқдорида тўлайди.

 

Балиқчилик тармоғи корхоналари солиқлардан озод қилинади

Хўжаликларда балиқ етиштиришни кооперация асосида йўлга қўйган балиқчилик тармоғи корхоналари 2025 йил 1 январга қадар ҚҚС ва ижтимоий солиқдан ташқари солиқларнинг барча турларидан озод қилинади  .

Имтиёз қуйидаги солиқларга татбиқ этилади:

  • фойда солиғи;
  • айланмадан олинадиган солиқ;
  • мол-мулк солиғи;
  • ер солиғи;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ.

Шуни инобатга олиш керакки, 2022 йил август ойидан Солиқ кодексининг 483-моддасида мувофиқ мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилинган хўжалик юритувчи субъектлар мазкур солиқларни ушбу солиқлардан ҳисобланган сумманинг 1%и миқдорида тўлайди .

Имтиёзни қўллаш шартлари: балиқ етиштириш фаолиятидан олинган тушум ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг 90%идан ортиғини ташкил этиши керак.

26.07.2022 йилдаги ЎРҚ-785-сон Қонуни билан Солиқ кодексига киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар юзасидан тушунтиришлар бериш бўйича ишлар давом эттирилади.

Молия вазирлиги

Ахборот хизмати

Имтиёзлар Имтиёзлар Имтиёзлар /ru/publish/doc/text183302_skga_uzgartirishlar_dividendlar_va_foizlar_musiqa_cholgu_asboblari_baliqchilik_tarmogi