Полезное для бухгалтера в декабре:
ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобининг янгиланган шакли жорий этилди
2022 йил 1 июлдан бошлаб ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобининг шакли (коди 11101_15) амалга киритилди. Унда 2022 йилда тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган учта янги имтиёзни акс эттириш имконияти пайдо бўлди.
Buxgalter.uz солиқ идорасида тафсилотларни аниқлаштирди.
1. 2022 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январга қадар касаначиларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи касаначиликдан олинадиган жами даромадни 50%га камайтирилган ҳолда (бироқ ҳисобот даври (бир ой)да кўпи билан 1 млн сўмгача) ҳисобланади .
Ушбу нормани қўллаш учун ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобига 014-сатр ва 8-илова киритилди.
Уларни тўлдиришда:
- 014-сатрида касаначилар даромадларидан олинадиган солиқ суммасини кўрсатинг;
- 8-иловаси шакли “Шаблонни юклаш” файлининг 4-варағида мавжуд. Жадвални ҳар бир касаначи кесимида касаначиликдан олинган даромадлар тўғрисидаги маълумотлар билан тўлдириб, ҳисоботни жўнатишдан олдин тўлдирилган файлни бириктиринг.
2. 2022 йил 1 майдан бошлаб норезидент жисмоний шахснинг Ўзбекистондаги манбалардан оладиган даромадларига (дивидендлар, фоизлар ва фрахтдан олинадиган даромадлардан ташқари) 12% ставка бўйича солиқ солинади .
Ушбу нормани қўллаш учун, солиқ бўйича Ҳисоб-китобда:
- жисмоний шахснинг мақомини (резидентлиги ва норезидентлиги) Ҳисоб-китобнинг 5 ва 6-иловаларида кўрсатинг;
- 12% ставкани қўллаш учун 5 ва 6-иловаларида “Жисмоний шахснинг тури” устунидан норезидентни танланг ва 2022 йил 1 майдан кейин ҳисобланган даромадларни кўрсатинг;
- 4-иловаси 010-сатри 4-устунида норезидент жисмоний шахсларга 2022 йил 1 майгача ҳисобланган даромадлар суммаларини кўрсатинг;
- норезидентларнинг халқаро ташишларда транспорт хизматлари кўрсатишдан олинадиган (фрахтдан олинадиган) даромадлар суммасини 4-иловаси 010-сатри 5-устунида кўрсатинг.
3. 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга ижтимоий солиқнинг 1% ставкаси чакана савдо, умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари, автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматлари, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматлари, кўнгилочар масканларда хизматлар соҳаси тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган . Бунда:
- кўрсатилган фаолият турларини кўрсатишдан олинган даромадлар жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60%ини ташкил этган тақдирда тадбиркорлик субъектлари имтиёзни қўллашади;
- ходимлар сонини яшириш ҳолатлари аниқланганда имтиёзнинг амал қилиши тўхтатилади. Қонун ҳужжатларида белгиланган молиявий санкциялар қўлланилади.
Илгари ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида ижтимоий солиқнинг 1% ставкаси кўрсатилар эди. Энди Ҳисоб-китобнинг 1-иловаси (ижтимоий солиқ ҳисобланмайдиган тўлов турлари) 0301 – 0310-сатрларида ижтимоий солиқ ставкасини 1% этиб белгилаш ва тегишли НҲҲни ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларнинг имтиёзли қисмини танлаш зарур.
Манбага қаранг.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади