Ҳисобот тартиб-таомилини мақбуллаштириш тўғрисидаги Қарорда бухгалтерни қувонтирадиган 7 та янгилик

preview

Хушхабар! Президент корхоналар бухгалтерларини 2023 йил 1 январдан бошлаб ҳар чораклик молиявий ҳисоботни топшириш заруратидан халос этди! Бу Президентнинг  10 ноябрдаги “Ҳисобот тақдим этиш ва архив ҳужжатларини сақлаш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида назарда тутилган. Айтиш мумкинки, бухгалтерларнинг ҳисоб ва ҳисоботни глобал автоматлаштириш бўйича чеккан азоблари ниҳоят бироз ўзини оқлай бошлади...

Биз тўлиқ 7 та муҳим ўзгартиришларни санадик. Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида:


2023 йил 1 январдан бошлаб:

1. Юридик шахслар томонидан 2022 йил 1 январдан кейин ҳисобланган жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадлари ҳамда улар бўйича ҳисобланган солиқ суммалари тўғрисидаги архив ҳужжатларини сақлаш ҳамда давлат ёки нодавлат архивларига топшириш мажбурияти бекор қилинади.

 

2. Юридик шахслар қуйидагиларни сақлаш ҳамда давлат ёки нодавлат архивларига топшириш мажбуриятидан озод этилди:

  • 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат солиқ хизмати ва статистика органларига электрон тарзда топширилган молиявий, солиқ ва статистика ҳисоботлари; 
  • солиқ органининг автоматлаштирилган ахборот тизимлари орқали электрон шаклда расмийлаштирилган ҳужжатлар. 

 

3. Бухгалтерия ҳисоби субъектлари учун - молиявий ҳисоботларни солиқ ва статистика органларига ҳар чоракда тақдим этиш талаби бекор қилинди.

 

4. Айланмадан олинадиган солиқни қатъий белгиланган солиқ ставкаси бўйича тўлайдиган тадбиркорлик субъектлари йиллик молиявий ҳисоботларни солиқ органларига топшириш мажбуриятидан озод этилди.

 

5. 1-иловага мувофиқ статистик ҳисобот турлари бекор қилинди (рўйхат ҳозирча эълон қилинмаган, лекин барибир қувонтиради).

 

2023 йил 1 майдан бошлаб:

6. Тижорат банклари ариза берувчини масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлганда, таъсисчилари Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга банк ҳисобварағини масофадан туриб очишлари мумкин.

 

7. Юридик шахсларга электр энергияси, табиий газ, иссиқ сув, ичимлик сув таъминоти, оқова сув ва телекоммуникация хизматлари кўрсатиш бўйича шартномаларни, шунингдек уларнинг истеъмоли тўғрисидаги ҳисоботларни ва келгуси давр учун шартномавий миқдорлар тўғрисидаги бир марталик ва даврий ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштиришга рухсат этилди.

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text185674_hisobot_tartib-taomilini_maqbullashtirish_tugrisidagi_farmonda_buhgalterni_quvontiradigan_7_ta_yangilik