Полезное для бухгалтера в декабре:
Нима учун IT Park резиденти мақомидан маҳрум бўлиш мумкин
Ноябрь ойининг охирида IT Park Дирекцияси 35 та компания ўз мажбуриятларини бажармаганлиги учун резидент мақомидан маҳрум қилинганини эълон қилди. Ушбу компаниялар мақом билан бирга тегишли солиқ имтиёзларидан ҳам маҳрум бўлдилар.
Buxgalter.uz қандай қонунбузарликлар IT Park резиденти мақомидан маҳрум бўлишга олиб келиши мумкинлигини аниқлади.
IT Park резидентлари 15.07.2019 йилдаги 589-сон ВМҚ талабларига мувофиқ фаолият юритишлари ва IT Park резиденти фаолияти шартлари тўғрисидаги шартномага мувофиқ мажбуриятларни бажаришлари шарт.
Асосий мажбуриятлар қаторида қуйидагилар белгиланган:
- Ўзбекистон ҳудудида юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиш;
- фаолият турларини Рўйхатга мувофиқ амалга ошириш;
- амалга оширилаётган фаолият тури бўйича иқтисодий асосланган бизнес-режанинг мавжудлиги;
- IT Park га ҳар чоракда ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этиш;
- ҳар йили молия-хўжалик фаолияти аудитини ўтказиш ва аудиторлик хулосасининг бир нусхасини IT Park га юбориш.
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 21-бандига мувофиқ, қуйидагилар Технопарк резиденти мақомидан маҳрум қилишнинг асоси ҳисобланади:
1) Технопарк резиденти амалдаги фаолиятининг Рўйхатда белгиланган фаолият турларига мувофиқ эмаслиги;
2) Дирекция билан тузилган Технопарк резидентининг фаолияти шартлари тўғрисидаги шартномада кўрсатилган мажбуриятларни бажармаслик;
3) Технопарк резидентининг ночор (банкрот) деб эътироф этилиши;
4) Технопарк резиденти резидент мақомидан ўз хоҳиши билан воз кечиши;
5) ўз фаолияти, солиқ ва статистика ҳисоботлари, бизнес-режа, аудиторлик ҳисоботи ва аудиторлик хулосаси тўғрисидаги маълумотлар белгиланган муддатларда тақдим этилмаганлиги. Ёки – уларда ишончсиз маълумотлар тақдим этилганлиги;
6) Технопаркка ҳар ойда ажратмаларнинг тўланмаганлиги (ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-кунидан кечикмай Дирекциянинг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағига жами даромаднинг 1%и миқдорида);
7) юридик шахс қайта ташкил этилганлиги, уни ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш ҳоллари бундан мустасно;
8) Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ бошқа асослар.
Низом талабларини бузган резидентлар IT Park резиденти мақомидан маҳрум бўладилар. Бу ҳолда солиқ имтиёзлари бекор қилинади ва солиқларни тўлаш бўйича мажбуриятлар тикланади. Мақомдан маҳрум бўлгандан сўнг қайси санадан бошлаб имтиёзлар бекор қилиниши ҳақида бу ерда батафсил сўз юритган эдик:
Технопарк резидентлари учун 2028 йил 1 январгача қандай имтиёзлар назарда тутилганини эслатиб ўтамиз .
Технопарк резидентлари ҚҚС ва фойда солиғини тўлаган ҳолда СК 297-м. 3-қ. назарда тутилган даромадларни олиш ҳуқуқига эга. Бунда қуйидаги даромадлар солиқ солишдан озод этилади:
- товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган;
- роялти тарзидаги;
- биргаликдаги фаолиятда иштирок этишдан олинган ;
- курсдаги ижобий фарқ кўринишидаги .
Бунда ўз эҳтиёжлари учун товарларни импорт қилишда божхона тўловларидан ҳам озод этилади. ЖШДС эса 7,5%гача пасайтирилган.
Манбага қаранг.
Қуйидаги тавсия сиз учун фойдали бўлиши мумкин:
Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади.