Полезное для бухгалтера в ноябре:
Экспорт қилинган товарларнинг қайтарилишини солиқ ҳисоботида акс эттириш
«Корхона товарни улгуржи экспорт қилади. Форс-мажор сабабли чет эллик ҳамкорлардан бири товар туркумини қайтариб жўнатди. Қайтариш ИМ-41 БЮД бўйича расмийлаштирилди. Товарни экспорт қилишда ЭҲФни расмийлаштирмаганмиз.
Экспорт қилинган товарни қайтариш учун бир томонлама ЭҲФни расмийлаштириш мумкинми? Чет эллик ҳамкордан товарнинг қайтарилиши ҚҚС ва фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботида қандай ва қаерда акс эттирилади? Ҳисобот шаклларининг ўзида бундай имконият бўлмаса, ушбу солиқлар бўйича қандай тузатиш киритилади?».
Ушбу саволларга «Норма» эксперти Миржалол МИРФАЁЗОВ жавоб берди:
– Реимпорт божхона режими (ИМ-41) шундай режимки, бунда илгари олиб чиқилган товарлар божхона ҳудудига қайтариб олиб кирилади . Ташқи савдо операциялари мониторинги махсус Низомга мувофиқ юритилади.
Хўжалик юритувчи субъектлар ташқи савдо контрактлари, далолатномалар ва инвойслар бўйича маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига (ТСОЯЭАТ) киритишлари шарт .
Товарларни олиб кириш ва/ёки олиб чиқиш чоғида расмийлаштирилган божхона декларациялари ҳам ТСОЯЭАТга киритилиши керак. Ушбу маълумотлар ўз вақтида ва тўғри киритилиши, шунингдек БЮД маълумотларининг электрон базаси ТСОЯЭАТга қўшилиши учун Давлат божхона хизмати масъул ҳисобланади .
Ташқи савдо операциялари мониторингини амалга ошириш бўйича давлат божхона ва солиқ хизматлари органлари ҳамда тижорат банклари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади . БЮД расмийлаштирилган экспорт операциялари солиқ ҳисоботида автоматик равишда – божхона хизмати органларининг маълумотлар базаси асосида акс эттирилади.
Товар қайтарилса
Товарни маҳаллий харидор қайтарган бўлса, сотувчи (ёки етказиб берувчи) қўшимча ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиради . Шу тариқа, маҳаллий харидорлардан қайтариш солиқ ҳисоботида акс эттирилади ва даромадга тузатиш киритилади. Бинобарин, реимпорт режимида (ИМ-41) расмийлаштирилган ташқи иқтисодий контрактлар бўйича товарларнинг қайтарилиши ҳақидаги маълумотлар худди шундай тартибда божхона хизмати органларидан солиқ хизмати органларига келиб тушиши ва солиқ ҳисоботида автоматик равишда акс эттирилиши керак.
Илгари экспорт қилинган товарнинг қайта олиб кирилишини акс эттириш далилини чиқувчи ЭҲФ реестрида текширишни тавсия этамиз (минусли ЭҲФ). Товарларнинг қайтарилиши (ИМ-41 БЮД) солиқ ҳисоботида акс эттирилмаса, тушунтириш олиш учун рўйхатдан ўтган жойдаги солиқ органига ва божхона органига мурожаат қилинг.