Солиқ тўловчи рақамли тизимлардаги хатолардан зарар кўрган бўлса

preview

Солиқ маъмуриятчилигини жадал тарзда рақамлаштиришдан зарар кўрган – солиқ органларидан у олиши керак бўлмаган ҳужжатни олган; ўзининг қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга эриша олмаётган солиқ тўловчи қандай йўл тутиши лозим? 

Вазиятдан чиқиш йўлини “Норма” ва buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА айтиб берди:

 

– Бунинг йўли битта – солиқ органларига – ҳисобга қўйилган жойдаги инспекцияга ёки бевосита Солиқ қўмитасига мурожаат қилиб, бардош билан ва кескин тарзда муаммонинг ҳал қилинишига эришиш. Агар бу ёрдам бермаса – судга мурожаат қилиш лозим. Афсуски, охирги вақтда бу борада мурожаатлар сони ошиб бормоқда.

Солиқ маъмуриятчилиги жуда жадал тарзда рақамлаштирилмоқда, янги дастурий ечимлар тезда – ҳаммасини мукаммал қайта ишлаш имконини берадиган узоқ синовларсиз жорий этилмоқда. Дастурий ечимларни ишлаб чиқиш чоғида солиқчилар оммавийликка мўлжал олишади, бунда айрим ўзига хос жиҳатларни эътибордан четда қолдиришади. Бунинг оқибатида юзага келадиган хатолар жуда секин тузатилади.

Бундай ҳисобга олинмаган ўзига хос жиҳатга қўшилган тадбиркорларга ўз муаммоларининг ҳал қилинишига эришишлари жуда қийин бўлади. Ўзларига қонун бўйича тегишли бўлган нарсаларга эришиш учун ойлаб сабот билан курашишларига тўғри келади. Мурожаатларни кўриб чиқишга масъул бўлган инспекторлар эса ишга расмиятчилик юзасидангина ёндашадилар. Бундай мурожаатларни, шу жумладан ягона ҳолларда,  тезкор тарзда ва сифатли кўриб чиқиш учун шароитлар яратиш лозим, деб ҳисоблайман.

Мен шу ҳафтада дуч келишимга тўғри келган бир нечта шундай вазиятларни кўриб чиқамиз.

 

1. Ноль кўрсаткичли талабнома

Пойтахтдаги фирмалардан бирида ишлайдиган бухгалтер мурожаат қилди. Улар камерал назорат натижалари бўйича талабнома олишган, унда ҳуқуқбузарликлар аниқланмаганлиги, “0” миқдорида қўшимча солиқлар, “0” сўм миқдорида пеня ҳисобланганлиги очиқ-ойдин ёзилган, бунинг устига чиқарилган қарордан норози бўлган тақдирда юқори турувчи органларга ёки судга уни устидан шикоят беришга рухсат беришган. Менда ушбу ҳужжат мавжуд, қизиққанлар бўлса, уни тақдим этишим мумкин.

 Бу бемаънилик, тўғрими? Талабнома эса инспекция бошлиғининг ўринбосари томонидан имзоланган. Бундай талабномани тайёрлаган инспектор ҳам кўрсатилган. Бундай қилиш нима учун керак эди?  СКнинг 138-моддаси 13-қисми солиқ органларига талабномани фақат тақдим этилган солиқ ҳисоботида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланган ҳолда тақдим этиш мажбуриятини юклайди.

Натижада давлат органи ходимларининг “беғараз хатоси” бухгалтер учун руҳий зарбага айланди. Бундай қарорга қандай муносабат билдиришни тушуниш учун маслаҳатларга вақт ва маблағлар сарфланди.

Камерал солиқ текширувлари натижалари бўйича қарор солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун солиқ тўловчига нисбатан қўшимча солиқлар ва пеня ҳисобланган тақдирда чиқарилади. Бу ҳолда қарорни, у қабул қилинган кундан кейин 2 кун ичида солиқ тўловчига юборишади . Нормаларга риоя қилиш лозим.

 

2. ННТ учун айланмадан олинадиган солиқ

ННТнинг бухгалтери январь ойи учун ҳисоботни топшириш чоғида унда “товарларни (хизматларни) маркетплейс орқали реализация қилиш” сатри автоматик режимда тўлдирилганлигини аниқлади. Ушбу сатрдан фуқаролар томонидан Click, PayME ва бошқа тўлов иловалари орқали – итларни сақлаш учун хайрия сифатида йўналтирилган барча сумма ўтган. Ташкилот ҳеч қандай тижорат фаолиятини амалга оширмайди, айланмадан олинадиган солиқ ҳисобланиши керак эмас, яъни бу – хизмат эмас.

Биринчи марта ДСИ инспектори ёрдамида вазиятни тушунишга уриниш муваффақиятсиз тугади. “Ҳаммаси тўғри”, деган ижобий расмий жавоб олдик. Бироқ – аслида – ҳеч нарса тўғри эмас! Солиқ кодексига (48, 58, 239, 304, 463-моддалар) мувофиқ фуқаролар ва юридик шахсларнинг нотижорат ташкилотларига хайрияларига ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ солинмайди.

Буларнинг барчаси тўлов иловаларини онлайн-НКТга айлантириш шароитида рўй берди. Ишлаб чиқувчилар улар орқали бундай нотижорат ташкилотларига хайрияларни амалга ошириш ҳам мумкинлигини ҳисобга олишмаган.

Ушбу масалани Солиқ қўмитаси даражасида – ўз вақтида адвокатлик хизматлари, курсдаги фарқлар ва кўплаб бошқа масалаларни ҳал қилишга ўхшаш тарзда ҳал қилиш лозим, деб ўйлайман. Бундай тўловлар – нотижорат ташкилотларига хайриялар – махсус МХИКга эга бўлиши керак, у кўрсатилганда ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ автоматик тарзда ҳисобланмайди.

 

3. Технологиялардаги номувофиқлик

Солиқ кодекси бутун кафолат муддати мобайнида товар қайтарилган ҳолда солиқ солинадиган базага тузатиш киритиш имконини беради. Лекин буни дўкон товарни фискал хотирали НКМ вақтида сотган, харидор эса уни – ҳозир, ҳамма онлайн-НКТ билан ишлаётган пайтда қайтарганда амалга ошириш муаммоли бўлади.

Муаммо шундаки, амалдаги қоидаларга биноан солиқ базасига тузатиш киритиш учун қайтариш чекига сотиш чекини боғлаш зарур. Бу вазиятда эса онлайн-НКТ тизимида ушбу харид учун сотиш чеки шунчаки бўлиши мумкин эмас – у бу жорий этилгунга қадар сотилган.

Вазиятдан чиқишнинг ягона оқилона йўли –  у бўйича мазкур сотиш чеки ҳисоботдан ўтган ҳисобварақ-фактурага қўшимча ЭҲФ тақдим этиш. Бироқ бундай имконият ҳам ёпилган, уни солиқчилар солиқ тўловчининг мурожаатига асосан манзилли тақдим этадилар. Бу масалада солиқ органининг қўллаб-қувватлашига эга бўлиш ҳам осон эмас. Сабаби – солиқ тўловчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга расман ёндашиш.

Мисол учун, менга маълум бўлган маиший техника дўконининг ДСҚга мурожаатларига ярим йил давомида лозим даражада эътибор берилмаётир. Охирги шундай мурожаатларидан бирига бухгалтер кешбэк тўланган чеклар бўйича қайтариш расмийлаштирилмаслиги юзасидан тушунтириш олди. Лекин фискал хотирали НКМ вақтида ҳеч қандай кешбэк бўлмаган! Жавобни тайёрлаган ходим буни билмаслиги шубҳасиздир.

Солиқ тўловчи деярли ярим йилдан буён солиқчиларга  ўз муаммосини тушунтиришга ҳаракат қилмоқда. Унга доим ҚҚС ва фойда солиғидаги номувофиқликларга асосланган камерал текширув талабномалари келмоқда. Нима қилиш керак? Камчиликларни бартараф этишга унинг кучи етмайди – унда ҳаммасини қонун бўйича расмийлаштириш учун воситалар мавжуд эмас.

Ҳозир бу иш юришганга ўхшайди. Узоқ давом этган ўзаро асаббузарликдан сўнг, солиқчилар ниҳоят қайтариш ҳолатини ва солиқ ҳисоботига тузатиш киритиш заруратини тасдиқлаш учун зарур ҳужжатларни сўраб олишди. Воқеалар ривожи ниҳоят ўзининг қонуний ечимига эга бўлади.

Лекин тадбиркорларнинг Солиқ қўмитасига шунга ўхшаш мурожаатлари ҳолатлари мавжуд, уларга ариза кўриб чиқиш учун Ҳудудлараро инспекцияга юборилганлиги тўғрисида шунчаки жавоб олинган. Бироқ Ҳудудлараро инспекция ходимлари бундай вазиятда нима қилишни билишмайди. Улар солиқ тўловчига қўнғироқ қилиб, кейинчалик  юқори турувчи органлардан танбеҳ эшитмасликлари учун жавобда унга нима ёзишлари кераклигини сўрашмоқда.

 

Нима қилиш керак

Солиқ органлари – солиқ тўловчиларнинг ҳамкорлари – солиқ тўловчилар ахборот тизимларидаги камчиликлар натижасида юзага келган ҳар қандай муаммони тезкор тарзда ҳал қилишлари мумкин бўлиши учун комплекс ечимни топишлари лозим.

 

Buxgalter.uz тавсия қилади

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ru/publish/doc/text188466_soliq_tulovchi_raqamli_tizimlardagi_hatolardan_zarar_kurgan_bulsa