Полезное для бухгалтера в ноябре:
Солиқлар бўйича ШҲ ва солиштириш далолатномалари билан нима содир бўлмоқда
Солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги “Шахсий ҳисобварақалар” ва “Солиштириш далолатномалари” my.soliq.uz дан my3.soliq.uzга олиб ўтилди. Янги манзилда сизни кўнгилсиз янгилик кутиши мумкин: айрим маълумотлар олдингилардан фарқ қилиши мумкин.
Бундай вазиятда бухгалтер нима қилиш кераклиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА гапириб берди:
Солиқ маслаҳатчиларининг тавсияларини тезкор тарзда олиш учун бизнинг ТГ-каналимизга обуна бўлинг!
– Энг аввало эътиборингизни шунга қаратмоқчиманки, Солиқ қўмитаси бир нечта тавсиялар берди, улар my3.soliq.uzдаги функционал билан ишлашда ёрдам беради:
1. “Шахсий ҳисобварақалар” интерактив хизматининг иловасида дастлабки ҳолатда рўйхатдан ўтиш жойи бўйича ҳудуд ва туман кўрсатилган. Зарурат бўлганда бошқа ҳудуд ва туман, йил, солиқ тури, жадвалларни (“Қисқача” ёки “Тўлиқ”) танлашингиз мумкин, сўнгра “Кўрсатиш” тугмасига босинг. Натижада кўрсатилган солиқ тури ва давр бўйича ахборот билан жадвални оласиз. Уни Excelда юклаб олиш мумкин.
Агар ахборот автоматик тарзда акс эттирилмаса, “Янгилаш”га босинг.
2. “Солиштириш далолатномаси” интерактив хизматининг иловасида ҳам дастлабки ҳолатда рўйхатдан ўтиш жойи бўйича ҳудуд ва туман кўрсатилган, уларни танловга кўра ўзгартириш мумкин.
Ўлчов бирлиги, санани кўрсатинг ва “Кўрсатиш” тугмасига босинг. Жадвалда қуйироқда кўрсатилган санага солиштириш далолатномаси шакллантирилади.
Яна, агар ахборот автоматик тарзда акс эттирилмаса, “Шакллантириш” тугмасига босинг.
Солиштириш далолатномасини ҳам pdf форматида ёки Excelда юклаб олиш мумкин.
3. Агар сизда муайян ҳудудда солиқ тўлаш бўйича мажбурият ўзгарган ёки янги мажбуриятлар пайдо бўлган бўлса (масалан, қайсидир ҳудудда янги солиқ солиш объекти пайдо бўлган), ушбу маълумотларни порталда кўриш учун “Ҳудудни янгилаш” тугмасига босинг.
4. Идора хизматни қайта ишлашни давом эттирмоқда ва ушбу функционалга умумий натижага таъсир кўрсатмайдиган аҳамиятсиз ўзгартиришлар киритилиши мумкинлиги ҳақида хабар бермоқда.
Агар тушунарсиз қарздорлик пайдо бўлса, нима қилиш керак
Айрим солиқ тўловчиларда маълумотларни порталдан порталга олиб ўтиш натижасида тўсатдан илгари мавжуд бўлмаган қарзлар чиқиб келди ёки ортиқча тўлов суммалари бузиб кўрсатилди. Бир мижозимда ҳатто 2020 йилда бекор қилинган солиқ бўйича қарздорлик пайдо бўлди. My.soliq.uzда уни ҳисоб-китоб қилиш ва тўлаш билан боғлиқ ҳеч қандай муаммолар акс эттирилмаганди.
My3.soliq.uzда сиз портал синов режимида ишлаётганлиги ва унинг баъзи функционаллари нотўғри ишлаши мумкинлиги ҳақида хабарни кўрганингизга қарамай, тафовутларни эътиборсиз қолдириб бўлмайди.
Биз улар қаердан пайдо бўлганлигини билмаймиз. Балки янги ДТ илгари йўл қўйилган хатоларни аниқлагандир? Балки бу – ДТнинг ўзидаги хатолар натижаси бўлиши мумкиндир? Шу боис бунинг сабабини аниқланг ва тафовутларнинг бартараф этилишига эришинг.
Биз my3.soliq.uz портали маълумотлари ҳозир пеня ҳисоблаш, текширувдан олдинги таҳлил ва камерал текширув учун жавоб берадиган солиқ органларининг бошқа ахборот тизимлари билан қандай ўзаро ҳамкорлик қилишини билмаймиз. Агар бу шунчаки янги ДТнинг хатоси бўлса ва сиз бюджетга ҳеч нарса қарз бўлмасангиз, бу яхши. Албатта сизнинг барча ортиқча тўловларингиз жойида бўлиши керак.
Хатларни кутмасдан дарҳол ҳаракат қилиш керак. Аниқлаштириб олишни қанчалик кейинга қолдирсангиз, ўзингизга ишни шунчалик мураккаблаштирасиз. Ахир вақт ўтиб бораяпти, янги ҳисоблашлар пайдо бўлмоқда... Идора эса янги порталга маълумотларни 2017 йилдан бошлаб олиб ўтган, яъни – бутун даъво муддати учун.
Олиб ўтиш тўсатдан амалга оширилганлиги ҳам вазиятни мураккаблаштиради. My.soliq.uzда “Шахсий ҳисобварақалар” ва “Солиштириш далолатномалари” ёпилишидан бир неча кун олдин солиқ тўловчилар бўлғуси ўзгартиришлар ҳақида огоҳлантирилганида тўғри бўларди. Шунда уларда янги солиштириш далолатномаларини тайёрлаш ва уларни сақлаш учун вақт бўларди. Бу янги сайтда маълумотларни текширишга яхши ёрдам берарди. Аммо – афсус. My3.soliq.uzда интерактив хизматларнинг сўнгги иш кунларида солиштириш далолатномаларини тайёрлаганларнинг омади келганлиги маълум бўлади. Бошқалар борига қаноат қилишларига тўғри келади.
Мен бундай йўл тутишни тавсия қиламан:
- My3.soliq.uzда “Шахсий ҳисобварақалар” ва “Солиштириш далолатномалари”даги сиз рози бўлмаган жиҳатларни скриншотлар билан қайд этинг.
- Ўз позициянгизни ёзма равишда асосланг ва сизнинг ҳақлигингизни исботловчи ҳужжатларни илова қилинг.
- Ушбу кузатув ҳужжатлари билан хатни солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ўз солиқ инспекциянгизга ва [email protected] электрон почтаси орқали жўнатинг.
- Мурожаатингиз диққат билан кўриб чиқилиши учун тиришқоқликни намоён қилинг. Натижада маълумотлар тўғри акс эттирилиши керак ёки солиқчилар нима учун сизнинг янги рақамларингиз олдингиларга мувофиқ келмаслигини асослаб беришлари керак.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади