Полезное для бухгалтера в декабре:
Қорақалпоғистон тадбиркорлари ва ҳунармандлар учун янги имтиёзлар
2023 йил 12 июнда янги имтиёзлар тасдиқланди: 1) Қорақалпоғистон тадбиркорлари учун (ЎРҚ-845-сон Қонун) ва 2) “Ҳунарманд” уюшмасининг аъзолари учун (ПФ-91-сон Фармон). Тафсилотларни norma.uz портали келтириб ўтади:
1. Қорақалпоғистон тадбиркорлари учун имтиёзлар
2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар Қорақалпоғистоннинг барча туманларида жойлашган ҳамда мазкур ҳудудда фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари:
- фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини 50%га камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди;
- ижтимоий солиқни 1% миқдордаги солиқ ставкаси бўйича, ЯТТ эса –йилига БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўлайди.
Мазкур имтиёз қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
- йирик солиқ тўловчилар;
- доимий муассасалар;
- бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари;
- давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар;
- УФнинг (УКнинг) 50%и ва ундан ортиғи устав фондида давлат улуши 50% миқдорида ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар.
Қорақалпоғистоннинг нодавлат таълим ташкилотларида ишлайдиган чет эллик ўқитувчилар 2027 йил 1 октябрга қадар консуллик йиғимини ҳамда доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказганлик учун давлат божини тўлашмайди.
2. Ҳунармандлар учун имтиёзлар
2025 йил 1 январга қадар Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги ва Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестрига киритилган ҳунармандлар учун:
- календарь йил давомида ҳунармандчилик маҳсулотларини (ишлар, хизматлар) реализация қилишдан тушган тушумнинг 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдори бўйича айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилади;
- товар белгиларини миллий рўйхатдан ўтказиш бепул амалга оширилади.
2023 йил 1 июлдан бошлаб:
- ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишда халқаро почта ва куръерлик жўнатмалари сифатида жўнатиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ маҳсулот экспорт қийматининг (жўнатиш харажатларисиз) 50 фоизидан ортиқ бўлмаган қисми давлат томонидан қоплаб берилади;
- давлат мулки бўлган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланиш, шу жумладан ҳунармандчилик маҳсулотларини реализация қилиш учун фақат юқорида айтиб ўтилган Миллий каталог ва Реестрга киритилган ҳунармандларга электрон онлайн-аукцион орқали ижарага берилади.
2024 йил 1 мартга қадар “Янги Ўзбекистон” боғига туташ ҳудудда Ҳунармандлар маскани қурилишини якунлаш режалаштирилмоқда. Ҳунармандлар у ерда 100 кв. метргача бўлган жойни ижарага олишлари мумкин.
Norma.uz портали материаллари асосида