Полезное для бухгалтера в ноябре:
ЭҲФ шаклига ўзгартиришлар киритилмоқда
2023 йил 14 июлдан бошлаб электрон ҳисобварақ-фактуралар шаклининг жадвал қисмида янги “Товарнинг келиб чиқиши” устуни пайдо бўлади. Бундан ташқари, “Етказиб берувчи тоифаси” ҳамда “Реализация мақсади” устунларини тўлдириш талаби бекор қилинмоқда. Солиқ қўмитасининг мутахассислари янгиликлар билан қандай тўғри ишлаш ҳақида сўзлаб беришди.
Янги “Товарнинг келиб чиқиши” устунини кимлар тўлдириши керак
Устун барча солиқ тўловчиларда ҳисобварақ-фактураларнинг электрон шаклларида акс эттирилади, лекин унинг тўлдирилиши ҳозирча ихтиёрий бўлади. Агар солиқ тўловчи устунни тўлдирилмаган ҳолда қолдирса, бу ЭҲФни расмийлаштириш ва жўнатиш имкониятига ҳеч қандай тарзда таъсир қилмайди, шунингдек бошқа таъсир чораларига сабаб бўлмайди.
Шу билан бирга, Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга мазкур устунни эътиборсиз қолдирмасликни сўраб мурожаат қилди. Регулятор мазкур устун ёрдамида олишни хоҳлаган ахборот қуйидагилар учун зарур:
- тадбиркорлик субъектларига тенг рақобат шароитини яратиш;
- ички бозорни ҳимоялашга қаратилган қарорларни қабул қилиш;
- тадбиркорлик субъектларига нисбатан манзилли имтиёзларни қўллаш.
Мазкур устунни қанчалик кўп тадбиркорлар тўлдирса, қарорлар қабул қилиш учун маълумотлар шунчалик тўлиқ ва ҳаққоний бўлади.
“Товарнинг келиб чиқиши” устуни қандай тўлдирилади
Ушбу устун ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган ҳар бир товар ёки хизматга нисбатан тўлдирилади.
Уни тўлдиришда солиқ тўловчи чиқиб келадиган тавсиядан ҳақиқатга мувофиқ келадиган вариантни танлаши лозим.
Агар сизнинг товарингиз 001–098 кодли гуруҳга мансуб бўлган МХИК билан бўлса, чиқиб келадиган тавсиядан учта вариантдан бирини танлашингиз керак:
- агар солиқ тўловчи товарни ўзи ишлаб чиқарган бўлса – “Ўзи ишлаб чиқарган”;
- агар харид қилинган товарни реализация қилаётган бўлсангиз –“Олди-сотди”;
- агар келиб чиқиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмасликни афзал билсангиз – “Иштирок этмайман” устунини танлайсиз.
Агар ЭҲФда хизматнинг МХИК (МХИК гуруҳи коди 099 ва ундан юқори) кўрсатилса, “Товарнинг келиб чиқиши” устунида автоматик тарзда “Хизмат кўрсатиш” акс эттирилади.
“Етказиб берувчи тоифаси” ҳамда “Реализация мақсади” устунлари бекор қилинмоқда
Ушбу устунларни чиқариб ташлаш тўғрисидаги қарор Солиқ қўмитасининг солиқ тўловчилар билан амалий мулоқотлари доирасида билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда қабул қилинди.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади