Полезное для бухгалтера в декабре:
ЭҲФда кирим қилинган товар бўлмаса, ЭҲФ қандай тақдим этилади
Улгуржи ва чакана савдони амалга оширувчи ҚҚС тўловчилари сотув чоғида фақат ЭҲФ асосида кирим қилинган товарлар учун электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштиришлари мумкин.
Яқинда Солиқ қўмитасининг телеграм-каналида бу ҳақда хабар эълон қилинганди. Бу СҚ ўзгартиришларни жорий этган вақтда июнь ойида эълон қилган худди шу матн. Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА солиқ тўловчилар икки ой давомида тўпланиб қолган саволларга жавоб топа олишмаслигини таассуф билан қайд этади:
– Бугунги кунда улгуржи ва чакана савдони амалга оширувчи ҚҚС тўловчиси фақат кирим ЭҲФ мавжуд товарлар учун ЭҲФ расмийлаштириши мумкин. Барча қолган ҳолларда (кирим қилинган товарга қонунга биноан ЭҲФ расмийлаштирилмаганда) ҳисобварақ-фактура тақдим этишнинг техник имкониятига эга бўлиш учун солиқ бошқармасига ташриф буюриш лозим.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда солиқ маъмуриятчилиги жадал тарзда автоматлаштирилди. Ушбу йўналишда кўп ишлар амалга оширилди: электрон ҳисобварақ-фактураларга ўтилди, ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботи автоматик тарзда шакллантирилади. Солиқчиларнинг, шубҳасиз, солиқ солишдан қочиш муаммосини ҳал қилишга қаратилган навбатдаги чора-тадбирлари ҳам шу йўсинда амалга оширилиши керак, деб ўйлайман. Акс ҳолда, биз орқага қадам ташлаймиз – улгуржи ва чакана савдо субъектлари учун ЭҲФ тақдим этишнинг чекланганлиги бунга яққол мисол бўлди.
СҚнинг хабарига кўра, солиқ тўловчи солиқ бошқармасига бориши керак. Нима учун барча масалаларни солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон ёзишмалар воситасида ҳал қилиш мумкин эмас? Солиқ бошқармасига ташриф буюриш учун бухгалтер вақт ва кўпинча маблағ ажратиши, бошқа ишлардан ажралиши керак бўлади. Бу айниқса ҳудудларда анча муаммо туғдиради. Солиқ бошқармаси вилоят марказида жойлашган, солиқ тўловчининг офиси эса марказдан икки ва ундан ортиқ соатлик йўлда жойлашиши мумкин.
Жорий этилган тартиб вақтинчалик бўлиб, келгусида у автоматлаштирилади, деб тахмин қилиш мумкин. Аммо ҳатто вақтинчалик тартиб ҳам аниқ регламентни талаб қилади. СҚнинг эълон қилинган хабари соддалаштирилган бўлиб, солиқ тўловчилар ва солиқ маслаҳатчиларини қизиқтирган саволларга жавоб бермайди.
Ушбу масала билан шуғулланадиган инспекторларда ҳам ягона ёндашув мавжуд эмас. Бундай хулоса менга солиқ тўловчилар сўзлаб берадиган шундай мурожаатлар тажрибасидан келиб чиқиб қилинган. Солиқ тўловчилар солиқ бошқармасига ташриф буюришга тайёргарлик кўриш ва қўлда барча зарур ҳужжатлар билан келишнинг имконсизлиги ҳақида гапиришмоқда. Бошқармага биринчи марта ташриф буюрганда инспектор ҳужжатларнинг бир тўпламини сўрайди, кейинги сафар ташриф буюрганда эса яна бошқа ҳужжатлар кераклиги эсига тушиб қолади.
Регуляторга таклифлар
Солиқ тўловчи томонидан ЭҲФ тақдим этишнинг (кирим ЭҲФ қонунга биноан расмийлаштирилмайдиган вазиятларда) техник имкониятининг олиниши яқин вақтда автоматлаштирилади, деб умид қиламиз.
Ёки аниқ регламент пайдо бўлади. Ушбу нормани амалга ошириш учун қуйидагиларни белгилаш лозим:
- ариза шаклини (унда бўлиши керак бўлган асосий жиҳатларни аниқлаш);
- турли вазиятлар учун илова қилиш лозим бўлган ҳужжатлар рўйхатини;
- солиқ инспектори мурожаатни кўриб чиқиши шарт бўлган муддатни;
- солиқчилар мазкур масала бўйича қўшимча материалларни сўраб олишлари мумкин ёки мумкин эмаслигини ва қандай тартибда олишлари кераклигини.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади