Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ёрдамчи пудрат шартномаси асосида ҳисобварақ-фактура қандай расмийлаштирилади
“Ташкилот лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун шартнома тузди ва 30% миқдорида олдиндан тўлов олди. Ишларни бажариш учун ташкилот ёрдамчи пудрат ташкилотини жалб қилди. Ёрдамчи пудрат шартномасининг суммаси асосий шартнома суммасининг 70 фоизини ташкил этади.
Ташкилот (бош пудратчи) буюртмачига қандай суммага ҳисобварақ-фактура тақдим этиши керак? Ёрдамчи пудратчи бош пудратчига қандай суммага ҳисобварақ-фактура тақдим этади? Бундай шартномадан бош пудратчи ташкилот учун қандай солиқ оқибатлари келиб чиқади?”
Вазиятни “Норма” экспертлари Дилором САИДОВА ва Ирина АХМЕТОВА тушунтиришди:
– Бош пудратчи буюртмачига шартноманинг бутун суммасига ҳисобварақ-фактура расмийлаштиради, сабаби унинг зиммасига ишларнинг бажарилиши учун жавобгарлик юкланган. Ёрдамчи пудратчи тегишинча бош пудратчига улар ўртасида тузилган шартномада кўрсатилган бажарилган ишлар суммасига ҳисобварақ-фактура тақдим этади.
Фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда бош пудратчи ёрдамчи пудрат харажатларини чегириб ташланадиган харажатларга олиб боради, “Кирувчи” ҚҚСни эса СКнинг 266-моддасига мувофиқ ҳисобга олади.
Пудрат шартномаси – шундай шартнома бўлиб, унга асосан бир шахс (пудратчи) бошқа шахс (буюртмачи)нинг топшириғига биноан муайян ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади . Агар қонун ҳужжатларида ёки тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ишни бажариш учун пудратчи таваккал қилади.
Агар қонунчиликда ёки пудрат шартномасида пудратчининг шартномада кўрсатилган ишни шахсан ўзи бажариш мажбуриятлари келиб чиқмаса, пудратчи ўз мажбуриятларининг бир қисмини бажариш учун бошқа шахслар (ёрдамчи пудратчилар)ни жалб қилишга ҳақли. Бу ҳолда пудратчи бош пудратчи ҳисобланади .
Инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан лойиҳалашни амалга оширишда пудратчи (ёрдамчи пудратчи) Республика комиссиясининг 2004 йил 21 майдаги 02-5-56-сон баённома қарори билан тасдиқланган Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисида маълумотнома-ҳисобварақ-фактура расмийлаштиради. Лойиҳалаш ташкилотлари томонидан Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура лойиҳа-қидирув ишлари қиймати ва уни қурилиш объектларини лойиҳалаштириш топшириғига доир жадвалларга мувофиқ ўзлаштириш қисмида тўлдирилади .
Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани электрон шаклда тўлдиринг ва буюртмачига (ёрдамчи пудратчи – бош пудратчига) юборинг – ёки тизимда “Эркин ҳужжат” ҳужжат турини танлаган ҳолда ЭҲФ билан бириктирилган файл билан ёхуд “Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани яратиш” функциясидан фойдаланган ҳолда алоҳида ҳужжат билан юборинг. Қандай вариантни қўллаш операторингизнинг электрон ҳужжат айланиши тизими функционалига боғлиқ.
ЭҲФнинг электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши илова қилинган ҳужжатларнинг электрон рақамли имзо билан тасдиқланишини ҳам англатади .