Меҳнат шартномасига қандай шартлар киритилиши керак

01.01.2025
author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– меҳнат шартномасининг мажбурий шартлари;
– меҳнат шартномасининг қўшимча шартлари;
– меҳнат шартномасига киритиш мумкин бўлмаган шартлар.

 

Қандай шартлар меҳнат шартномасига киритиш учун мажбурий ҳисобланади

Меҳнат кодексининг 104-моддасида кўрсатилган қуйидаги шартлар меҳнат шартномасига киритиш учун мажбурий ҳисобланади:

  • иш жойи – ходим шартномада шарт қилиб кўрсатилган меҳнат вазифасига кўра меҳнат фаолиятини амалга оширадиган иш берувчи (ташкилот, унинг алоҳида бўлинмаси ёки жисмоний шахс), шунингдек ходим меҳнат қилиши керак бўлган жой;
  • ходимнинг меҳнат вазифаси – муайян касб, мутахассислик, малака ёки лавозим бўйича иш, шунингдек ходимга топшириладиган ишнинг аниқ тури; 
  • ишнинг бошланиш санаси – ходим ишни бажаришга киришиши лозим бўлган календарь сана; 
  • меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, шу жумладан ходимнинг тариф ставкаси ёки маоши миқдори, қўшимча тўловлар, устамалар ва рағбатлантирувчи тўловлар;
  • меҳнат шартномасининг муддати – агар ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузилган бўлса, шунингдек бундай шартномани тузиш учун асослар; 
  • иш вақти ва дам олиш вақти режими – агар бу ходим учун ташкилотда белгиланган (масалан, ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидаларида (ИМТҚ) кўрсатилган) умумий тартибдан фарқ қилса;
  • кафолатлар ва компенсациялар, нормал шароитлардан фарқ қиладиган шароитлардаги иш учун, – агар ходим (иш жойидаги меҳнат шароитларининг хусусиятлари кўрсатилган ҳолда) бундай ишга қабул қилинаётган бўлса;
  • ишнинг хусусиятини белгилайдиган шартлар, – кўчма, сайёр, йўлдаги, ишнинг бошқа хусусияти;
  • меҳнат қонунчилиги ва меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда бошқа шартлар. Масалан, касаначи билан тузилган меҳнат шартномасида юқорида айтилганларга қўшимча равишда касаначиликка хос бўлган ўзига хос шартларни ҳам киритиш керак:
    – ускуналар, инвентарларни тақдим этиш тартиби;
    – тайёр маҳсулотни қабул қилиш ва етказиб бериш;
    – иш берувчининг буюртмаси бажарилиши муносабати билан фойдаланилган энергия, сув, алоқа ва бошқалар учун харажатларни компенсация қилиш.

Бундан ташқари, ходимнинг асосий иш жойи бўйича ёки ўриндошлик асосида ишга қабул қилинаётганлигини кўрсатиш зарур.

Эътибор беринг
Агар юқорида санаб ўтилган шартлардан бирортаси меҳнат шартномасига киритилмаган бўлса, бу уни тугатиш ёки тузилмаган деб эътироф этиш учун асос бўлмайди. Шунчаки меҳнат шартномасига қўшимча келишув расмийлаштирган ҳолда етишмаётган шартларни қўшиш керак .

Истисно – иш бошланадиган сана. Шартномада бундай шарт бўлмаса, қўшимча келишув расмийлаштирилмайди. Бу ҳолда ходим шартнома тарафлар томонидан имзоланган кундан кейинги иш кунида ишга киришиши керак .

Меҳнат шартномасига қандай қўшимча шартларни киритиш мумкин

Меҳнат шартномасига меҳнат қонунчилиги ва меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланганларга нисбатан ходимнинг аҳволини ёмонлаштирмайдиган қўшимча шартларни киритиш мумкин. Бундай қўшимча шартлар қуйидагилар билан шартлашилиши мумкин:

  • ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари ёки ходимнинг меҳнат функцияси туфайли. Масалан, давлат сирларини ва қонун билан ҳимояланган бошқа сирларни ошкор қилмаслик шарти, агар лавозим пул ёки товар қимматликларига хизмат кўрсатишни назарда тутса, ходимга тўлиқ моддий жавобгарликни юклаш  ва ҳ.к.;
  • ходимлар ва унинг оила аъзоларига бериладиган кафолатлар. Масалан, ходимни қўшимча суғурта қилиш шартлари ва турлари, ходим ва унинг оила аъзолари учун ижтимоий-маиший шароитлар назарда тутилиши мумкин.

Шунингдек, қўшимча шартларни ҳам белгилашингиз мумкин:

  • касблар ва лавозимлар ўриндошлиги ҳақида;
  • ишга қабул қилишда дастлабки синов ҳақида;
  • агар ўқитиш иш берувчининг ҳисобидан амалга оширилган бўлса, ходимнинг ўқишдан кейин белгиланган муддат давомида ишлаб бериш мажбурияти тўғрисида.

Бундан ташқари, агар керак бўлса, қуйидагиларни аниқлаштириш мумкин:

  • унинг жойлашган жойи кўрсатилган таркибий бўлинма. Масалан, ишчи айнан қайси ишлаб чиқариш цехида ишлаши – қандолат маҳсулотлари, сут маҳсулотлари ва бошқалар;
  • иш жойи. Масалан, агар ҳайдовчига маълум бир транспорт воситаси бириктирилган бўлса, меҳнат шартномасида унинг русуми ва давлат рақами кўрсатилади;
  • ходимнинг иш шароитларига нисбатан ҳуқуқлари ва мажбуриятлари.
Вазият
Чакана савдо корхонаси Тошкентда дўконлар тармоғига эга

Тошкент шаҳрида чакана савдо корхонасига қарашли дўконлар тармоғи фаолият кўрсатмоқда.

Сотувчи билан тузилган меҳнат шартномасида у ишлайдиган муайян дўконнинг рақами ва манзилини кўрсатиш керакми?

– Иш берувчининг хоҳишига кўра. Стационар чакана савдо дўкони – бу сотувчининг иш жойи. Меҳнат шартномасида дўконнинг рақами ва ҳудудий жойлашувини кўрсатмасдан, иш берувчи ташкилотнинг номини кўрсатиш кифоя. Аммо агар меҳнат шартномасида муайян иш жойи кўрсатилган бўлса, кейинги ўзгартириш учун ходимнинг ёзма розилиги ва қўшимча келишув тузиш талаб қилинади .
Вазият

Туман бандликка кўмаклашиш маркази захирага қўйилган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун ташкилотга ногиронлиги бўлган шахсни юборди 

 

Ташкилотга туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан захирага қўйилган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун ногиронлиги бўлган шахс юборилди.

Ходим билан тузилган меҳнат шартномасида қисқартирилган иш вақти ва бошқа алоҳида меҳнат шартларини кўрсатиш керакми?

– Ҳа. Хусусан, қуйидагиларни шартлашиш зарур:

  • қисқартирилган иш вақти – иш ҳақини камайтирмасдан ҳафтасига 36 соатдан кўп бўлмаган ;
  • йиллик узайтирилган таътил – камида 30 календарь кун .

Меҳнат шартномасининг баъзи шартлари бўйича ушбу шартлар аниқ ифодасини топган бошқа ҳужжатларга ҳавола беришингиз мумкин. Масалан:

  • меҳнатга ҳақ тўлаш ва мукофотлаш тизимлари жамоа келишувлари, жамоа шартномаси, меҳнатга ҳақ тўлаш  (мукофотлаш) тўғрисидаги низом ва бошқалар билан белгиланиши мумкин ;
  •  таътил турлари, уларнинг давомийлиги, бериш тартиби ва шартлари – қоида тариқасида жамоа шартномасида акс эттирилади;
  • меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бекор қилиш шартлари, интизомий жазо чорасини қўллаш тартиби – ИМТҚда акс эттирилади ва ҳ.к.
Эътибор беринг

Ходимларни жамоа шартномаси ҳамда уларнинг иш фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган ички ҳужжатлар билан имзо қўйдириб таништириш керак  .

Меҳнат шартномасига ходимнинг қандай мажбуриятлари киритилиши керак

Агар маълум бир мутахасислик, касб ёки лавозим бўйича тасдиқланган лавозим йўриқномаси мавжуд бўлса, меҳнат шартномасида ходимнинг барча меҳнат мажбуриятларини кўрсатманг. Меҳнат шартномасида мажбуриятлардан фақат энг муҳимларини санаб ўтинг ва лавозим йўриқномасида келтирилган тўлиқ рўйхатга ҳавола беринг. Ходимни у билан имзо қўйдириб таништиринг. Ходимга лавозим йўриқномаси нусхасини ёки аслини бериш тавсия этилади, шунда у доимо унинг қўлида бўлади. Лавозим йўриқномаси бўлмаса, шартномада ходим мажбуриятларининг тўлиқ рўйхати кўрсатилиши керак.

Агар ходимга доимий равишда касбларга (лавозимларга) оид ўриндошлик тартибида мажбуриятлар юклатилган бўлса, буни меҳнат шартномасида кўрсатиб ўтинг. Масалан, сиз бухгалтерга кадрлар билан ишлашни буюрасиз. Шу билан бирга лавозим йўриқномасида назарда тутилган бўлса, ўриндошлик касби (лавозим) бўйича мажбуриятларнинг аниқ рўйхатини кўрсатманг. Ходимни у билан таништириб, имзо кўйдиринг.

Қандай шартларни меҳнат шартномасига киритиш мумкин эмас

Белгиланган меҳнат қонунчилиги ва меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлардагига нисбатан ходимларнинг аҳволини ёмонлаштирадиган шартларни меҳнат шартномасига киритманг. Масалан:

  • ходимнинг тўлиқ моддий жавобгарлиги, агар унинг меҳнат фаолияти пул ёки товар қимматликларига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаса ;
  • Меҳнат кодексининг 312-моддасида кўрсатилмаган интизомий жазо чоралари, агар ходимга умумий интизомий жавобгарлик қўлланилса;
  • дастлабки синов муддати 3 ойдан ошганда ва Меҳнат кодексининг 486-моддаси 4-қисмида кўрсатилган ишчиларнинг маълум тоифалари учун – 6 ой;
  • ҳафтада 40 соатдан ортиқ иш вақти (агар иш вақтининг жамланган ҳисоби ўрнатилмаган бўлса), айрим тоифадаги ишчилар учун эса 36, 24 дан ортиқ ва бошқалар   ;
  • дам олиш ва байрам кунларида иш ҳақи миқдори икки баробардан кам бўлса .    

Бундай шартлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва иш берувчининг айбдор мансабдор шахси жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши мумкин  .


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал