Полезное для бухгалтера в ноябре:
Автомобилни жисмоний шахсга сотишда қандай солиқ оқибатлари юзага келади
Корхона ўз эҳтиёжлари учун жисмоний шахсдан автомобиль сотиб олди ва бир йилдан сўнг уни бошқа жисмоний шахсга бозор нархида сотди.
Бундай битимда қандай солиқ оқибатлари юзага келиши ҳақида «Норма» эксперти Ольга БУСАРОВА тушунтириш берди:
Мутахассиснинг муҳим тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Корхонанинг ўз эҳтиёжлари учун сотиб олинган автомобиль 0820-ҳисобга кирим қилинади, фойдаланишга топширилганда эса 0160-ҳисобга ўтказилади. Корхона автомобилни ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқига эга: исталган вақтда сотиши ёки исталган шахсга совға қилиши мумкин.
Автомобилни сотишда ҚҚС ва фойда солиғи бўйича солиқ оқибатлари юзага келади.
Автомобилни сотиш бўйича айланма ҚҚСга тортилади. Солиқ базаси – ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда шартномавий сотиш қиймати .
Асосий восита бўлган автомобилни сотишдан олинган даромад фойда солиғини ҳисоблашда жами даромадга киритилади . АВни сотишдан молиявий натижа СК 298-моддасига мувофиқ аниқланади. У бухгалтерия ҳисоби мақсадларида аниқланган молиявий натижадан фарқ қилиши мумкин.
Агар корхона жисмоний шахсдан автомобилни қайта сотиш мақсадида сотиб олса, уни сотишда ҚҚС бўйича солиқ базаси сотиш нархи билан ҚҚС суммасини ўз ичига олган сотиб олиш қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади .
Ҳар қандай ҳолатда солиқ органлари, агар битим нархи товарларнинг бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ базасини тузатиши мумкин. Солиқ тўловчи битим нархи бозор нархларига мос келиши ва солиқларни тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигини асослаб, бундай қарорга эътироз билдириш ҳуқуқига эга .
Ушбу масала бўйича кўпроқ тушунтиришларни «Асосий восита ҳисобланган автомобилнинг сотилиши қандай ҳисобга олинади» тавсиясидан топасиз.