Полезное для бухгалтера в ноябре:
ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси бўлмаса, қандай солиқлар тўланади
“Янги корхона фойда солиғи ва ҚҚСни тўлаш танланган ҳолда 2023 йилнинг февраль ойида рўйхатдан ўтказилган. ҚҚС бўйича махсус рўйхатдан ўтиш учун ариза берилганда корхонага рад жавобини беришди, сабаби белгиланган мезонларга мувофиқ келмайди. Корхона бухгалтери 2023 йилнинг сентябрь ойига қадар айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботлар топширди. 2023 йилнинг сентябрь ойида ҚҚС бўйича махсус рўйхатдан ўтиш учун ариза маъқулланди ва 2023 йилнинг 1 октябридан бошлаб гувоҳнома олинди.
МЧЖ бухгалтери айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботларни танлаган ҳолда тўғри йўл тутганми ва ҳозир 2023 йил 1 октябрга қадар бўлган ўтган даврлар учун фойда солиғи ва ҚҚС бўйича барча ҳисоботларни топшириш керакми?”
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб беради:
– Давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида ҚҚС ва фойда солиғини тўлашни танлаган ҳолда корхонангиз давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан ушбу солиқларнинг тўловчисига айланган.
ҚҚС бўйича махсус рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлигидан қатъи назар, Солиқ кодексига мувофиқ шу солиқни тўлаш мажбурияти юклатилган шахс ҚҚС тўловчиси ҳисобланади .
ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг мавжуд эмаслиги корхонангиз солиқ базаси мавжуд бўлган тақдирда ушбу солиқнинг тўловчиси эмаслигини англатмайди.
Солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказилмаган ҚҚС тўловчилари олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚСни уни ҳисобга олиш ҳуқуқисиз тўлайди .
Сизнинг буюртмачиларингиз (харидорларингиз) ҳам сизда ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси мавжуд бўлмаган даврда ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақли эмаслар .
Календарь йил учун жами даромади 1 млрд сўмдан ошмаган ҚҚС ва фойда солиғи тўловчилар айланмадан олинадиган солиқни тўлашга навбатдаги календарь йил бошидан ўтишга ҳақли . Бунинг учун солиқ ҳисобида турган жойидаги солиқ органини айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтиш режалаштирилаётган навбатдаги календарь йил бошланишига қадар 10 кундан кечиктирмай хабардор қилиш керак.
Агар корхонангиз 2023 йилнинг февраль ойида рўйхатдан ўтказилган бўлса, у айланмадан олинадиган солиқни тўлашга, башарти 2023 йил учун жами даромади 1 млрд сўмдан ошмаса, фақатгина 2024 йилдан бошлаб ўтиши мумкин.
Бинобарин, сиз 2023 йилда қонунга хилоф равишда айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этгансиз. Сиз ушбу давр учун ҚҚС ва фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этишингиз ҳамда ушбу солиқларни пеня ва жарима санкцияларини ҳисобга олган ҳолда тўлашингиз лозим.