Полезное для бухгалтера в ноябре:
Солиқчилар битимлар бўйича товар нархига тузатиш киритишса, нима қилиш керак
“Солиқ аудити якунлари бўйича текширувчилар битимлар бўйича товар нархини бозор қийматигача ошириб, ҚҚС бўйича солиқ базасига тузатиш киритишди, улар буни СКнинг 248-моддаси 4-қисми асосидаги нарх деб ҳисоблашади. Ўз ҳаракатларини уларнинг маълумотларига кўра ушбу товарларнинг бозордаги қиймати ҳужжатларда кўрсатилганидан юқори деб изоҳлашди. Шунингдек, солиқ инспектори аниқланган ҳолатлар – компанияга СКнинг 223–224-моддаларига биноан яширилган базанинг 20 фоизи миқдорида жарима солиш учун асос эканлигини кўрсатди.
Биз солиқчиларнинг хулосаларига рози эмасмиз, сабаби товарларни импорт қилувчидан воситачисиз катта миқдорда улгуржи нархларда харид қилганмиз”.
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:
Жарималар учун асос йўқ
– Ушбу вазиятни ҳал қилиш учун Солиқ кодекси ва ҚҚС базасини товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаш тартиби тўғрисида низомга амал қилиш лозим .
Солиқ органининг товарлар (хизматлар)нинг бозор қийматидан келиб чиқиб ҚҚС бўйича солиқ базасига тузатиш киритиш тўғрисидаги қарори СКнинг 223–224-моддаларида назарда тутилган молиявий жарималарни қўллаш учун асос ҳисобланмайди (қўшимча ҳисобланган сумманинг 20 фоизи) .
Солиқ тўловчи солиқ органининг ҚҚС бўйича солиқ базасига тузатиш киритиш тўғрисидаги қарори юзасидан битимнинг (операциянинг) қиймати бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли. Битим натижаларини аниқлаш учун аҳамиятга эга бўлган ҳар қандай вазиятлар суд тартибида амалга оширилади .
Ҳар бир ҳолат ўзига хосдир, шу боис универсал жавоб бериш мумкин эмас. Яқинда менга улгуржи компания мурожаат қилди. Уларга солиқ аудити доирасида қўшимча ҚҚС суммаси ҳисоблашди ва буни товарлар бозор нархларидан паст нархда сотилганлиги билан асослашди. Биз солиқчиларнинг қарорини, хусусан, бозор қийматини ҳисоблаб чиқаришга ёндашувни батафсил ўргандик ва юқори турувчи солиқ органига текширув натижаларини қайта кўриб чиқиш илтимоси билан хат йўлладик. Агар бизни эшитишмаса, судга мурожаат қилишга тўғри келади. Текширувчиларнинг хулоласаларидаги очиқ-ойдин камчиликлар ҳақида гапириб бераман.
Нархлар ўзгариши ва бошқа омилларни ҳисобга олишмаган
Солиқ текшируви далолатномасидан келиб чиқадики, СКнинг 248-моддаси 4-қисми бўйича ҚҚСни текширувчилар уларнинг фирмалардан бирига ёзма сўровларига берилган жавобдан келиб чиққан ҳолда қўшимча ҳисоблашган. Яъни улар фирмага муайян товарлар 2021–2023 йилларда қанча турганлиги юзасидан савол билан мурожаат қилишган ва уларга жавоб беришган. Ушбу маълумотномани ҳеч ҳам эътиборга олиш мумкин эмас, сабаби у биноларни дўкон учун ижарага берадиган фирма томонидан ёзилган. Шунчаки унинг мижозлари орасида қурилиш материаллари билан савдо қиладиган бир нечта ташкилотлар бор.
Бундан ташқари, солиқчилар товарлар қиймати тўғрисидаги ахборотни солиқ текширувини ўтказиш санасида бозорлар ва ижтимоий тармоқлардан йиғишган. Текширувчиларнинг энг асосий хатоларидан бири – улар ушбу нархни 2021–2022 йилларда қурилиш бозорида амалга оширилган етказиб беришларга нисбатан қўллашган (афтидан, текширувчилар қурилиш бозори – бу бозор деб ҳисоблашса керак). Нима учундир текширувчилар нархни 25 фоизга чегиришга қарор қилишгани ҳам нотўғри, сабаби нарх осмондан олинган.
Нархни белгилаш юзасидан эътироз билдириш ва қўшимча ҳисоблашни СКнинг 248-моддаси 4-қисмига мувофиқ амалга ошириш ҳам нотўғри бўлган, сабаби барча битимларда контрагентлар – мустақил шахслар. Текширувчилар солиқ тўловчи импорт қилинган товарларни олиб кирадиган (биринчи қўл) ва товарни доналаб эмас, балки катта туркумлар билан улгуржи сотадиган улгуржи ташкилот эканлигини ҳам инобатга олишмаган. Ушбу нархда тадбиркорлар товарни учинчи шахсларга сотиш чоғида нархга нисбатан ўрнатадиган устамалар йўқ.
Солиқ базаси СКнинг 176-моддаси талабларини ҳисобга олган ҳолда, акциз солиғини (акциз тўланадиган товарлар, хизматлар учун) ҳисобга олиб, унга ҚҚСни киритмаган ҳолда, битим тарафлари томонидан қўлланилган нархдан (тарифдан) келиб чиққан ҳолда реализация қилинадиган товарларнинг (хизматларнинг) қиймати сифатида аниқланади .
Битимларнинг нархлари, ушбу битимлар тарафларининг даромадлари ва харажатлари, агар битимлар мустақил шахслар ўртасида амалга оширилган бўлса, бозор нархлари деб эътироф этилади .
Агар битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли .
Белгиланган тартиб керак
СКнинг 248-моддаси 4-қисмида назарда тутилган нормани жорий этиш учун бозор қийматини аниқлаш тартиби керак бўлади. У ҳануз мавжуд эмас. Бундай низомнинг лойиҳаси ДСҚ томонидан ишлаб чиқилган эди. У “Солиқ солиш мақсадида товар (хизмат)ларнинг бозор нархини аниқлаш тартиби тўғрисида” деб номланган ва 2021 йил 26 январдаги ID 28302-сон билан ҚҲТБТ порталида муҳокама учун жойлаштирилган эди. Бироқ лойиҳа НҲҲ сифатида қабул қилинмади. Бинобарин, солиқчилар товар қийматини аниқлашга қанчалик уринишмасин – бу фақат уларнинг нуқтаи назари.
Солиқ тўловчи келгусида шу каби қўшимча ҳисоблашлардан ҳимоя қилиниши учун солиқ органи нархлар бўйича ахборот, шу жумладан солиқ тўловчиларнинг рухсати билан жойлаштириладиган сайтни яратиши мумкин. Ҳозирча эса ҳар бир битим бўйича товарларнинг бозор баҳосини бериш учун баҳоловчи компанияларни таклиф қилиш ёки ушбу ахборотни нарх агентликларидан сотиб олиш кераклиги маълум бўлади. Боз устига, мен Ўзбекистон бозорида нархларни йиғиш ва таҳлил қилиш билан профессионал тарзда шуғулланадиган бирорта ҳам нарх агентлигини билмайман.
Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади. Ушбу тамойилга мувофиқ қонунчиликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади .
Шу тариқа, солиқ инспекциясининг мансабдор шахслари томонидан товар бозор нархининг белгиланиши ва унинг тузатишлар асосида солиқ базасига киритилиши тўғридан-тўғри тадбиркорлик фаолиятига аралашиш ҳисобланади. СКнинг 248-моддаси нормасини қўллашда инспекторларнинг қўшимча ҚҚС ҳисоблаш тарзидаги субъектив баҳоларини қўллашга йўл қўйиш мумкин эмас, деб ҳисоблайман.
Мазкур вазиятда солиқ органи битимларни нархни ўзгартириш тарзида қайта малакаламоқда ва тадбиркор гўё нархни қасддан камайтириб кўрсатиб, солиқ нафига эга бўлганлигини кўрмоқда. СКнинг 14-моддасига мувофиқ солиқ органи солиқ тўловчи кўзбўямачилик учун битимлар тузганлиги юзасидан малака бериши ва нархни кўпайиш томонга ўзгартириш учун бозорда битим амалга оширилган манбани бериши керак. Солиқ текшируви далолатномасида бундай нарса йўқ.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади