Полезное для бухгалтера в декабре:
Солиқларни қандай қилиб хатосиз тўлаш мумкин
Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларига солиқ тўлашда хатоларга қандай қилиб йўл қўймаслик тўғрисида хабар юборди. Ушбу маслаҳат солиқ суммаларини тўғри счётларга ўтказишга ва солиқларни тўлашни кечиктирганлик учун пенядан қутулиб қолишга ёрдам беради.
Амалиётда солиқ тўловчилар кўпинча солиқларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини расмийлаштира туриб ғазначилик счётларини кўрсатишда хатога йўл қўйишади. Натижада счётга келиб тушиши керак бўлган пул йўқолиб қолади, ахборот тизимлари эса бундай вазиятни солиқ қарздорлиги сифатида белгилайди ва кечикканлик учун Солиқ кодексининг 110-моддасига мувофиқ пеня ҳисоблайди.
Бундай вазиятга, одатда, солиқларни my3.soliq.uz сайти орқали эмас, балки банк ва бошқа хизматлар орқали тўлайдиган солиқ тўловчилар тушишади.
Вазиятдан келиб чиқиб хатони тузатиш ҳар хил бўлади. Шундай қилиб, масалан, агар сиз шунчаки тўланаётган солиқ счётларини адаштириб юборсангиз, пулни счётдан счётга ўтказиш мумкин. Аммо қарздорлик даври учун ҳисобланган пеняларни барибир тўлашга тўғри келади.
Солиқ қўмитаси, агар солиқ тўлашда my3.soliq.uz сайтида «Юридик шахсларнинг солиқларини тўлаш» ва «Филиаллар ёки алоҳида бўлинмалар учун солиқ ва йиғимларни тўлаш» интерактив хизматларидан фойдаланилса, бундай хато ва кўнгилсизликлар эҳтимоли кескин камайишига эътибор қаратмоқда.
❖
my3.soliq.uz сайтида «Юридик шахсларнинг солиқларини тўлаш» сервиси қандай ишлаши ҳақида батафсил – алоҳида мақолада ўқинг.
Бошқалардан фарқли ўлароқ, ушбу сервисларда солиқ тўловчига тўлов топшириқномасини шакллантиришда автоматик равишда тўғри счётлар таклиф этилади, бу эса эҳтимолий хатоларнинг олдини олади.
Идора бюджет ташкилотларига солиқ тўловларини амалга оширишдан аввал ҳар бир солиқ тури бўйича солиқ тўловчининг шахсий кабинетида кўрсатилган ғазначилик счётларининг тўғрилигини текширишни тавсия қилади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади